Жамият | 19:10 / 17.01.2022
5856
2 дақиқада ўқилади

Андижонда 12 та дарахт ноқонуний кесиб ташлангани бўйича ҳужжатлар прокуратурага тақдим этилди

Андижон вилояти перинатал маркази ҳудудидаги 12 туп элдор қарағайи кесиб ташланиши бўйича ҳолат Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг ишчи гуруҳи томонидан ўрганилиб, натижалар вилоят прокуратурасига тақдим этилган.

Фото: Давлат экология қўмитаси

Вилоят Перинатал маркази ҳудудида янги барпо этилаётган объект олдидаги 12 туп элдор қарағайи дарахти амалдаги мораторий муддатсиз даврга узайтирилган бир пайтда ноқонуний равишда кесилган. Давлат экология қўмитаси ахборот хизмати хабар беришича, қўмита ишчи гуруҳи юз берган ҳолатни ўрганиб, ҳолатга гувоҳ бўлган шахслар ва бевосита ҳуқуқбузарликка алоқадор масъул ходимлардан тушунтириш хатлари олинган. 

Қўшимча равишда мутахассислар томонидан шу атрофда ўсиб турган 145 туп дарахт тўлиқ хатловдан ўтказилиб, алоҳида муҳофазага олинган ва ҳар бир дарахтга ёрлиқ бириктирилган.

Содир этилган ҳолат бўйича экология инспекторлари томонидан тўпланган барча ҳужжатлар Андижон вилояти прокуратурасига тақдим этилган.

Эслатиб ўтамиз, Андижон вилояти перинатал маркази ҳудудидаги 12 туп нинабаргли сосна дарахтлари 16 январга ўтар кечаси кесиб ташланганди. Марказ ходимларидан бири Kun.uz билан суҳбатда дарахтларни кесиш вилоят ҳокимининг топшириғи эканини айтган эди.

Ҳокимлик ахборот хизмати эса дастлаб шифохона ҳовлисидаги дарахтлар кесилмаганини маълум қилди, кейинроқ расмий муносабат таҳрирланиб, дарахтлар ўз жойида тургани айтилган қисми ўчирилди.

Абдували Қурбонов
Тайёрлаган Абдували Қурбонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид