Ўзбекистон | 13:24 / 19.01.2022
11699
2 дақиқада ўқилади

Сирдарёда раққосаларга пул қистиргани видеоси тарқалгач ишдан кетган амалдорлардан бири лавозимига қайтди

Сирдарёда раққосалар билан видеоси тарқалгани сабабли ишдан кетган туман ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи Нозим Муратов лавозимига тикланди.

2021 йилнинг июнь ойида ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлган видеодан кейин Сирдарё тумани ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи лавозимидан олинган Нозим Муратов икки ойлик синов муддати билан ушбу лавозимга қайта тайинланган.

Муратовни лавозимга тайинлаш бўйича қарор 2021 йил 30 декабрь куни Сирдарё тумани ҳокими Ботиржон Мирзақулов томонидан имзоланган.

2021 йил июнида Сирдарё туманидаги ресторанлардан бирида раққосаларга пул қистираётган масъулларнинг видеоси тарқалган эди. Кейинроқ, улар Сирдарё тумани ҳокими ёрдамчиси Нурали Мирзаев, туман ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи Нозим Муратов, туман Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги назорат бўйича Сирдарё тумани инспекцияси бош мутахассис-давлат инспектори, «Сувоқова» давлат унитар корхонаси раҳбари ҳамда Сирдарё тумани йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси раҳбарлари экани маълум бўлган.

Тумани ҳокимлиги ахборот хизмати воқеа 2020 йил октябрь ойида бўлганини билдирган. Ҳокимликка кўра, амалдорлар ишдан ташқари вақтда бошқа фуқаролар сингари ресторанга овқатланиш учун борган ҳамда ўзлари ўтирган хонага кириб қолган раққосалар чиқиб кетиши учун уларга пул қистирган.

Шундан сўнг, Сирдарё тумани ҳокими ўринбосари Нурали Мирзаев ва ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи Нозим Муратов эгаллаб турган лавозимидан озод этилган. Ҳодисанинг бошқа иштирокчиларига қандай чоралар кўрилгани маълум қилинмаганди.

Мавзуга оид