«Бизга рулни беришса бўлди…» – Магнитоласиз автомобиллар хабарига ижтимоий тармоқлар қандай реакция қилди?
19 январь куни UzAuto Motors компанияси навбатдаги баёноти билан шов-шув келтириб чиқарди. Маълум қилинишича, 19 январгача тузилган шартномалар бўйича Lacetti вa Cobalt автомобиллари мижозларга магнитоласиз етказиб берилади.
Магнитоласиз ишлаб чиқариладиган автомобиллар ҳақидаги хабар монополнинг хурмача қилиқларига ўрганиб қолган жамоатчиликнинг «кун мавзуси»га айланди. Kun.uz ижтимоий тармоқларда шу мавзуларда ёзилган постларни жамлади.
Ҳуқуқшунос ва блогер Хушнудбек Худойбердиев «бу кетишда бора-бора машиналар юқоридаги расмдаги каби сотиладими дейман», дея автомобиль корпусининг расми билан пост қўйди.
«Раис бува» канали муаллифи эса бошқа таклиф йўқлиги туфайли компания автомобилни ўриндиқларсиз сотса ҳам халқ барибир сотиб олиши ҳақида ёзган ва буни иқтисодиётнинг «ўзбекча модели» дея атаган.
Карикатурачи ушбу мавзуга бағишланган яна бир постида UzAuto Motors’дан магнитофон ўрнига битта электр чойнак ўрнатиб чиқаришни илтимос қилган. «Газга навбатда турганда чой-пой дамлаб турардик-да», дейилади ҳазиломуз постда.
Мавзуга боғлаб Ўзбекистондаги автомобиль саноатини пародия қилган ушбу ҳазилга шунчаки «no comment» дейиш мумкин.
Ярим йилдан буён Ўзбекистонда блокдан бўлишига қарамай сенаторлар-у, вазирлар фойдаланаётган твиттерда ҳам мавзуда қизиқарли муносабатлар билдирилди. «Бизга рулни беришса бўлди, қолганини ўзимиз эплаб оламиз. Ҳурмат билан оддий халқ», дейилади твитлардан бирида.
Яна бир твиттер фойдаланувчиси эса магнитола учун сиқилаётганларнинг кўпчилиги инсон ҳаёти учун муҳим бўлган хавфсизлик ёстиқчаси бўлмаган автомобилларни ҳайдаб юрганини эслатган.
Карикатурачи Habikatura ҳам мавзуга мос расм чизган. «Ишқилиб, машиналарни тормозсиз чиқаришмаса бўлди, «буниям ўзларинг қўйворарсизлар деб» дея изоҳ қолдирган у.
«Хушхабар»дан рақобатчилар ҳам фойдаланиб қолишмоқда…
Ўзбекистондаги GM автомобилларини энг аёвсиз танқидчиси блогер Умид Ғафуров автомобилларда магнитола йўқлигининг энг кулгили ва энг ачинарли томони одамлар барибир бундай машиналар учун навбатда туриши эканлигини ёзган.
«Ҳа, бизда ўзидан кетган ишлаб чиқарувчи монополист бор. Аммо одамларимизнинг ўзида ҳам кўп гап бор. Навбатда туришади. Бир йил олдин тўлайдилар. Янги машина бўлса ҳам дарҳол сервисга олиб бориш оддий ҳолга айланган», дейди блогер.
Журналист Шуҳрат Шокиржонов эса автомобилларни магнитоласиз беришни режалаштираётган компанияга обуначиларидан келган кесатиқли илтимосни ёзиб қолдирган.
«Бир илтимос бор эди: ғилдираксиз беришни ҳам ташкил қилсинлар, барибир сотиб олгандан кейин балонларни салондан чиқмасдан пишиқроғига алмаштиришяпти. Заводга ёрдам бўлади, ҳарнада...»
UzAuto Motors ушбу вазиятдан чиқиш учун магнитоласиз автомобиль харидорларига иккита вариант таклиф қилган: магнитола пули қайтариб берилади, харидорлар ўзи бозордан сотиб олиб ўрнатади ёки кейинчалик заводга магнитола келса, текин ўрнатиб берилади. Лекин расмий хабарда қайтариб бериладиган сумма, яъни магнитола пули қанча бўлиши айтилмаган.
Аввалроқ, UzAuto Motors шартнома бўйича 2021 йил ноябрь-декабрь ойларида автомобиль олишини кутаётган мижозларга автомобиллари яна 2 ой ўтиб етказиб берилишини маълум қилганди.
Шунингдек, компания ўтган йилнинг 5-17 декабрь кунлари ишлаб чиқарилган Nexia, Cobalt вa Lacetti автомобилларини чақириб олганди. Бу автомобилларнинг орқа ойна иситиш тизимини текшириш зарурати билан боғлиқлиги айтилган.
Мавзуга оид
15:11 / 05.11.2024
Хусусий тадбиркорлар олиб кираётган машиналар учун яна бир янги тартиб жорий қилинди
18:27 / 31.10.2024
Янги Cobalt Midnight 7,3 миллион сўм қимматроқ бўлади
14:37 / 30.10.2024
Toyota автомобилларини ишлаб чиқариш ҳажми кетма-кет саккизинчи ой пасайди, сотувлар ҳам қисқарди
18:54 / 25.10.2024