Ўзбекистон | 21:43 / 20.01.2022
35896
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда мактаблар онлайн форматга ўтиши расман тасдиқланди

ССВ таълим муассасаларида ўқишни масофадан ташкил этиш бўйича таклиф билдирган.

Фото: Kun.uz

Халқ таълими вазирлиги 24 январдан бошлаб мактаблар бир ой давомида онлайн шаклда фаолият олиб боришини маълум қилди.

«Коронавирус инфекциясининг янги штамми болалар ва ёшлар ўртасида тарқалиш хавфининг олдини олиш ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматининг таклифларидан келиб чиқиб 24 январдан бошлаб мактаблардаги таълим жараёни бир ой муддат давомида онлайн шаклда олиб борилади.

Масофавий шаклда ўқувчиларнинг сифатли таълим олиши учун Миллий телерадиокомпания телеканаллари ҳамда «Онлайн мактаб» телеграм канали орқали бериб борилади. «Онлайн мактаб» лойиҳаси доирасида бериладиган дарслар жадвали кунлик равишда «Онлайн мактаб» телеграм канали орқали эълон қилиб борилади.

Фурсатдан фойдаланиб, Халқ таълими вазирлиги ота-оналардан фарзандларининг уйдаги хавфсизлиги ва соғлигини таъминлаган ҳолда «Онлайн мактаб» лойиҳаси доирасида эфирга узатиладиган дарсларни кузатиб боришларида амалий ёрдам беришларини сўрайди.

Шу ўринда бугунги мураккаб вазиятдан чиқиб кетишнинг ягона йўли бу вакцинация, шу боис сизлардан ўзингиз ва  яқинларингиз саломатлигини ҳимоя қилиш учун вакцинация жараёнларида фаол қатнашишингизни сўраб қоламиз», дейилади вазирлик хабарида.

Бундан аввалроқ Kun.uz манбаси Ўзбекистондаги барча таълим муассасаларида 24 январдан қишки таътил тугаб, дарслар онлайн форматда давом этиши ҳақида хабар берганди.

Мавзуга оид