Ўзбекистон | 22:10 / 21.01.2022
32807
2 дақиқада ўқилади

Блогер Миразиз Базаровга 3 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланди

Миробод туман суди уни Жиноят кодексининг “Туҳмат” моддаси билан айбдор деб топди ва унга шу модда бўйича энг оғир санкция – 3 йил муддатга озодликни чеклаш жазосини тайинлади.

Фото: Миразиз Базаров / Facebook

2022 йил 21 январь куни жиноят ишлари бўйича Миробод туман судида судланувчи Миразиз Базаров (1991 йилда Тошкент шаҳрида туғилган)га нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни ниҳоясига етди ва суд ҳукми эълон қилинди.

Олий суд хабарига кўра, Жиноят иши жиноят ишлари бўйича Миробод туман суди раиси С. Содиқов раислигида кўриб чиқилди.

Ҳукмга кўра, Базаров Жиноят кодексининг 139-моддаси 3-қисми “г” бандида (ғаразгўйлик ёки бошқа паст ниятларда қилинган туҳмат) назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, унга 3 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Маълумот учун, бу – ушбу модданинг санкциясида кўзда тутилган энг оғир жазо. Жазони ўташ муддати Базаров уй қамоғига олинган кун – 2021 йил 29 апрелдан бошланади.

Gazeta.uz'нинг ёзишича, мазкур жиноят ишида блогерлар Аброр Абдуазимов (Аброр Мухтор Али), Шуҳрат Мусаев, Жаҳонгир Салимов ва Дмитрий Расулов жабрланувчи ҳисобланади.

Тошкент шаҳар ИИББ ахборотига кўра, 2021 йилнинг 1 апрелидан 20 апрелигача ИИББга фуқаролардан 28та ариза келиб тушган бўлиб, бу аризаларда Миразиз Базаровга қонуний чора кўриш сўралган. Аризачиларга кўра, Базаров интернетга жойлаган видеоларида уларни ва уларнинг қариндошларини ҳақорат қилган, уларни террористик ташкилотлар билан ҳамкорликда айблаб туҳмат қилган, миллий анъаналарни оёқ ости қилиб, аёлларнинг шаънига путур етказган ва миллатлараро низо уйғотган.

Мавзуга оид