Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўроқда йўқ, машоқда йўқ, хирмонда ҳозир — Навоийлик иссиқхоначилар ҳоким ёрдамчисига қарашли фирмадан норози
“Навоий ИЭС” АЖ ва унинг атрофида иссиқхона ташкил қилган тадбиркорлар “Иссиқлик таъминоти” МЧЖнинг “монополияси”дан зарар кўришмоқда. Тадбиркорларнинг нонига шерик бўлаётган корхона эгасининг собиқ вилоят ҳокими Қобул Турсуновга алоқаси бўлиши мумкин.
2009 йилда “Навоий ИЭС” АЖ атрофида 150 гектардан ортиқ ер майдонига иссиқхоналар қурилган. Ўтган йиллар давомида бу иссиқхоналарда етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари нафақат ички бозорларга етказиб берилди, балки чет давлатларга ҳам экспорт қилинди. Аммо кейинги йилларда ҳудуддаги тадбиркорларнинг иши орқага кета бошлади, даромади камайди, кўплари эса бу фаолиятини тўхтатди. Ҳатто айримлари банкротлик ҳолатига тушиб қолди, қарзга ботди.
Бунинг сабабларидан бири сифатида 2018 йилда “Иссиқлик таъминоти” номли МЧЖ ташкил этилиб, тадбиркорлар ва “Навоий ИЭС” АЖ ўртасига тушгани айтилмоқда.



Ҳудуддаги 60га яқин тадбиркор қарийб 150 гектар иссиқхона учун иссиқлик энергиясини “Иссиқлик таъминоти” МЧЖ орқали олишга мажбур. МЧЖ эса “Навоий ИЭС” АЖдан харид қилган иссиқлик энергиясини уларга ўзи истагандек устама нарх қўйиб сотмоқда. МЧЖ 1 Гкал иссиқлик энергияси учун белгилаган сумма давлат томонидан белгиланган миқдордан анчагина кўп.
Жумладан, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Идоралараро тариф комиссиясининг 2021 йил 31 июлдаги 7-сонли баённомасига кўра, “Навоий ИЭС” АЖ томонидан ишлаб чиқарилган 1 Гкал иссиқлик энергиясининг нархи 166 100 сўм қилиб белгиланган. “Иссиқлик таъминоти” МЧЖ эса 1 Гкал иссиқлик энергиясини иссиқхоначиларга 215 930 сўмдан сотмоқда.
“Навоий ИЭС” АЖ билан тўғридан тўғри шартнома қилишдан маҳрум этилган тадбиркорлар бунинг оқибатида 1 Гкал иссиқлик энергиясига 49 830 сўм ортиқча маблағ сарфлаяпти.


Масалан, “Меҳриддин Азиз Сардор” МЧЖнинг 2,5 гектар иссиқхонаси бор. МЧЖ раҳбари Муҳиддин Абдуллаевнинг маълум қилишича, 2020-2021 йилги мавсумда у “Иссиқлик таъминоти” МЧЖга 1 Гкал иссиқлик энергияси учун 191 550 сўмдан жами 165 миллион сўм тўлаган. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Идоралараро тариф комиссиясининг 2020 йил 29 июлдаги 5-сонли баённомасига кўра, ўша мавсумда “Навоий ИЭС” АЖ томонидан ишлаб чиқарилган 1 Гкал иссиқлик энергиясининг нархи 153 240 сўм қилиб белгиланган. Бу тадбиркор бир мавсумда ўртача 30-35 миллион сўм ортиқча пул сарфлаганини англатади.




“Иссиқлик таъминоти” МЧЖ “Навоий ИЭС” АЖдан 2020 йилда жами 56 189 Гкал ва 2021 йилда эса 33 635 Гкал иссиқлик энергияси харид қилиб, тадбиркорларга ўз фойдасини қўйиб сотган. МЧЖ белгиланган тарифга нисбатан 2020 йилда 38 310 сўм, 2021 йилда 49 830 сўм устама қўйган. Оддий ҳисоблаб кўрилганда, шу икки йилнинг ўзида тадбиркорлар 3,7 млрд сўм ошиқча харажат қилишга мажбур бўлишган.
Kun.uz'га мурожаат қилган тадбиркорлар “Иссиқлик таъминоти” МЧЖнинг хизмат кўрсатиш сифати умуман пастлигини, айни қиш кунлари қувурларда носозлик юзага келса, белгиланган вақтда бартараф этилмаслигини ҳам таъкидлашмоқда.
“2018 йилгача “Навоий ИЭС” АЖнинг ўзи билан ишлаганмиз, ҳосилдорлигимиз ҳам, даромадимиз ҳам зўр эди. Аммо 2018 йилда “Иссиқлик таъминоти” МЧЖ орага суқилди ва ишимиздан барака учди.
Оддий мисол, 2017 йилда 80 минг долларлик маҳсулот экспорт қилганман. 2018 йилдан сўнг эса бир долларлик ҳам экспорт қилолмадик. Сабаби маҳсулотимиз экспортбоп эмас, ҳосилдорлик паст.
Масалан, помидор етиштириш учун 14-16 даража, бодринг учун эса 16-18 даража иссиқлик керак. “Иссиқлик таъминоти” МЧЖ қишнинг совуқ кунларида бизга зарур даражадаги иссиқликни етказиб беролмайди. 10-12 даражада бодринг режадагидек ҳосил бермайди. Ҳосилдорлик кам бўлиб, харажатимиз кўпайгач, даромадимиз ҳам камая бошлади. Бу ўз навбатида иш ўринларига таъсир қилди. Айрим иссиқхоначилар эса фаолиятини тўхтатди”, – дейди Муҳиддин Абдуллаев.

Иссиқхоналар эгалари бир неча марта туман ва вилоят ҳокимликларига, вилоят прокуратурасига ушбу вазият юзасидан мурожаат қилишган. Аммо негадир мурожаатларга жавоб қайтарилмаган.



Юридик шахслар реестрига кўра, 2018 йил 24 август куни давлат рўйхатидан ўтказилган “Иссиқлик таъминоти” МЧЖнинг 99,20 фоиз улуши Азиз Сувоновга тегишли.

Очиқ манбаларга кўра, Азиз Сувонов таъсисчилигида 15 дан ортиқ масъулияти чекланган жамиятлари бор. “Business Houses-2020” “Nahal Gostar Navoiy”, “Karmana Golden Eggs”, “Yoshlik agro klaster-2020”, “Obod yo‘l international” МЧЖлари шулар жумласидан.
Қизиқ томони шундаки, уларнинг аксариятининг ташкил этилиш вақти Навоий вилоятининг собиқ ҳокими Қобул Турсунов даврига (2016 йил декабрдан) тўғри келади.
Азиз Сувонов иштирокчилигидаги “Obod yo‘l international” ва “Tat international agricultural company” МЧЖ иштирокчилари қаторида фуқаро Турсунов Фурқат Бекназарович ҳам бор. Фурқат Турсунов эса вилоятнинг собиқ раҳбари Қобул Бекназарович Турсуновнинг туғишган укаси ҳисобланади.
Мана шу боғлиқлик ҳам Азиз Сувоновга тегишли фирма “Навоий ИЭС” АЖ ва иссиқхоначилар ўртасида монополия ўрнатишига ёрдам берган бўлиши мумкин.


Азиз Сувонов Навоий вилояти кенгаши депутати ҳисобланади. Шунингдек, вилоят ҳокимининг тегишли фармойиши билан Кармана тумани Малик маҳалласида ҳоким ёрдамчиси лавозимига тайинланган.
Вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Нормат Турсунов шу йил 19 январ куни Кармана туманида тадбиркорлар билан ўтказган учрашувда мазкур масала кўтарилган. Вилоят раҳбари мутасаддиларга 3 кун муддатда ушбу муаммони ўрганиб чиқиб, унинг ечими бўйича таклиф киритиш топшириғини берган. Хабардан тушунилишича, “Иссиқлик таъминоти” МЧЖнинг “монополияси”га барҳам бериш эмас, у оладиган фойдани камайтириш устида ўйлаб кўрилади.
Бироқ Kun.uz'га мурожаат қилган тадбиркорларни бу қониқтирмайди. Улар ўз “нонларига шерик” бўлаётган “Иссиқлик таъминоти” МЧЖнинг ўртадан чиқиб кетишини исташмоқда.
Воқеалар ривожини кузатишда давом этамиз.
Руслан Сабуров,
Kun.uz мухбири
Мавзуга оид
22:18 / 14.05.2025
“170 дона 200 сўмлик” — Навоийда пенсиянинг бир қисми тангада тўланаётгани айтиляпти
13:30 / 07.05.2025
Ўзбекистонда илк бор ёмғирни сунъий ёғдириш технологияси синаб кўрилмоқда
18:28 / 01.05.2025
Навоийда кичик самолётлар ишлаб чиқарилади
07:45 / 21.04.2025