Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Зангиотадаги каналдан топилган бошсиз ва қўлсиз мурда: мудҳиш қотиллик қандай фош этилганди?
Бошсиз ва қўлсиз мурда
2000 йил 27 сентябр куни Тошкент вилояти Зангиота туманидаги “Наврўз” ширкат хўжалиги ҳудудидан оқиб ўтувчи каналдан 40-50 ёшлардаги номаълум аёл кишининг мурдаси топилди. Мурданинг ноодатийлиги шунда эдики, унинг боши ва иккала қўли мавжуд эмас эди.
Ҳодиса жойи Зангиота тумани ва Тошкент вилоят прокуратураси ҳамда ички ишлар органлари ходимлари, криминалист прокурор ва суд-тиббий экспертлардан иборат махсус тергов гуруҳи томонидан кўздан кечирилди.
Ҳолат юзасидан ЖК 97-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари бошлаб юборилди.
Кейинчалик жиноят иши бўйича тергов Бош прокуратурага ўтказилди.
Дастлаб, аёлнинг шахсини аниқлаш чоралари кўрилди. Экспертиза марҳумнинг рус миллатига мансублигини қайд этди. Шунга асосан, яқин орадаги ҳудудлардан рус миллатига мансуб, 40-50 ёшлардаги аёлнинг бедарак йўқолиши ҳолатларини аниқлаш ҳаракатлари олиб борилди.
Шунингдек, кенг кўламли суриштирув ишлари ҳам ташкил этилди. Жабрланувчи бошқа давлат фуқароси бўлиши мумкинлиги эҳтимоли ҳам инобатга олиниб, меҳмонхоналарда яшаб турган аёл кишилардан йўқолиб қолиш ҳолатлари бор-йўқлиги ўрганилди. Лекин бу кутилган натижани бермади.
“Жасур 222-12-42”
Жасаднинг эгнида бўлган кийимлари атрофлича ўрганилганида, шимининг чўнтагида “Жасур 222-12-42” ёзуви туширилган қоғозча аниқланди.
Бу катта эҳтимол билан телефон рақами эди.
222-12-42 рақамли телефон Тошкент шаҳри, Яккасарой туманида яшовчи фуқаро Б.Ҳамидов уйида ўрнатилгани аниқланди. Фуқаро сўроқ қилинганида, у телефон рақамини 40-50 ёшлардаги аёлга бермаганини маълум қилди.
Текшириш жараёнида ушбу фуқарога қўшни ҳовлида Андижондан икки ака-ука келиб, ижарада яшаганлиги, уларнинг кичигининг исми Жасур экани, баъзида улар шу хонадонга келиб, телефондан фойдаланиб туришгани, кейин кўчиб кетишгани маълум бўлди.
Жасурнинг шахси аниқланиб, терговга жалб этилганида, у ростдан ҳам Тошкентда ижарада яшаганини, баъзан ўша хонадоннинг телефонидан фойдаланганини тасдиқлади. Бироқ жиноят ҳақида ҳеч нарса билмаслигини таъкидлади.
Тўғри йўлга тушган суриштирув
Жасур сўроқ жараёнида ўзи англамаган ҳолда бир муҳим кўрсатма берди. Яъни у бир сафар уй бозорига борганини, ўша ерда уйини сотмоқчи бўлган бирор шахсга ўзида телефон бўлмагани сабабли қўшнисининг телефон рақамини ёзиб берган бўлиши мумкинлигини айтди.
Шундан сўнг, тезкор-тергов гуруҳи Тошкент шаҳрида яшовчи, уйини сотмоқчи бўлиб юриб, бедарак йўқолган аёлни қидириш кераклиги тўғрисидаги тўхтамга келди.
Кенг кўламли қидирув жараёнида Чилонзор тумани, 5-мавзеда яшовчи фуқаролар шу ҳудудда Оксана Максимова ўзи яшаб турган хонадонини сотмоқчи бўлганини, 2000 йил сентябр охирларидан кўринмай қолганини билдиришади. Текшириш жараёнида Максимова ўзига тегишли уйни сотмагани, бошқа жойга ҳам кўчиб кетмагани аниқланди.
Каналдан топилган мурданинг белгилари экспертиза натижасида О.Максимованинг шахсий белгилари – ёши, бўйининг узунлиги, оёқ кийимининг ўлчами, қон гуруҳи билан бир хил бўлиб чиқди. Шу тариқа, 2000 йил 27 сентябр куни топилган жасад 1954 йилда туғилган Оксана Максимовага тегишли экани тўлиқ ўз тасдиғини топди.
Танишларининг сўзларига кўра, О.Максимова сўнгги 2 ой давомида уйини Пётр исмли шахсга сотмоқчи бўлганини, пул топгунига қадар эркакка уйида яшаб туришга рухсат берганини айтиб юрган. Шунингдек, аёлни 2000 йил 23 сентябрда кўрганларидан сўнг, тўсатдан ишга ҳам чиқмай қўйгани ва умуман кўринмасдан қолгани ойдинлашди. Танишларининг айтишича, улар О.Максимова уйини сотиб, бошқа жойга кўчиб кетди, деб ўйлашган.
Сомон ичидан игна қидириш
Шу тариқа О.Максимова билан яқин муносабатда бўлган инсонлар, хусусан, Пётрни аниқлаш ишлари олиб борилди. Қўшниларнинг кўрсатмалари асосида Оксананинг уйида яшаб келган ва сўнгги вақтларда йўқолиб қолган Пётрнинг фотороботи тайёрланди.
Олиб борилган кенг қамровли тадбирлар натижасида Яккасарой тумани, Ёқубов кўчасида яшовчи, 1977 йилда туғилган ва муқаддам фирибгарлик жинояти билан судланган Пётр Павлов аниқланди. Унинг фотосурати Максимованинг қўшниларига кўрсатилганда, қўшнилари уни аёлнинг уйида яшаб келган шахс сифатида таниб олишди.
Тергов ва тезкор-қидирув ҳаракатлари давомида П.Павлов гумон қилинувчи сифатида ушланиб, терговга жалб этилди.
У сўроқ қилинганда, О.Максимованинг уйида жазман сифатида яшаб келганини, ҳақиқатан ҳам унинг уйини сотиб олиш нияти бўлганини, аммо 23 сентябрдан сўнг у бошқа жойга кетиб қолиб, уйига қайтиб келмаётгани сабабли уйига бормай қўйганини ва ҳозирда унинг қаердалигини билмаслигини таъкидлайди.
Гумон қилинувчи тариқасида ушланган П.Павлов билан бирга юрган шахслар ўрганиб чиқилганида, сўнгги вақтларда Влад Чегорин исмли шахс у билан доимо бирга юргани аниқланди.
В.Чегорин терговга жалб этилиб, сўроқ қилинганда, дастлаб О.Максимованинг ўлимига алоқадор эмаслигини айтган бўлса-да, кейинчалик моҳирона тергов натижасида у жиноятда иштирокчи эканини тан олди.
Чегорин “тилга кирди”
В.Чегорин атрофлича сўроқ қилинганда, у таниши П.Павлов 2000 йил сентябр ойининг охирги ўн кунлигида уни кафега таклиф қилиб, ўша ерда Чилонзорда яшовчи Оксана исмли таниши борлигини, уни ўлдириб, уйи, мол-мулкига эга бўлиши ҳақида гапирганини, бу режани амалга оширишга ёрдам берса, 500 доллар беришини айтганини билдирди.
Шундан сўнг, жиноий режага кўра, П.Павлов Оксанани уйидан 24 сентябр куни кечқурун соат 21:00ларда олиб чиқиб, уни гўёки уйига харидор бўлаётган шахс билан учраштириш важи билан Зангиота туманига олиб борган. Хилват жойга боришганда В.Чегорин О.Максимовани чалғитиб турган вақтида П.Павлов ёнидаги пичоқ билан аёлнинг бир неча жойига уриб, уни ўлдирган. Кейин эса унинг боши ва қўлларини билагигача кесиб олиб, целлофан пакетга солиб, жасадни шу ердан ўтган сувга чўктириб юборишган. Нарироққа бориб, жасаднинг қўл ва бошини ҳам сувга ташлаб юборишган. Ҳодисадан сўнг, аёлнинг уйига қайтиб, унинг айрим буюмларини олиб чиқиб сотишган.
В.Чегориннинг кўрсатмалари ҳодиса жойига чиқиб текширилганда, ўз тасдиғини топди. У тергов гуруҳига қотиллик жойини ҳам кўрсатиб берди.
Жиноят тафсилотлари тўла аниқланганидан сўнг, П.Павлов ҳам инкор қилиб бўлмас далиллар қаршисида ожиз қолиб, ўз айбига иқрор бўлди.
Бундан ташқари, тергов давомида П.Павлов О.Максимовага тегишли уйни икки марта алдов йўли билан бошқа-бошқа шахсларга сотмоқчи бўлиб, уларнинг пулларини фирибгарлик йўли билан ўзлаштиргани ҳам аниқланди.
Жиноят ва жазо
Шу тариқа жирканч ниятда амалга оширилган қотиллик тергов ва тезкор гуруҳ томонидан тўла фош этилди.
Тергов мустаҳкам далиллар асосида П.Павловга Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси 4-қисми “а” банди, 164-моддаси 4-қисми “а” банди, 97-моддаси 2-қисмининг бир неча бандлари, В.Чегоринга эса 241-модда 2-қисми, 164-модда 4-қисмининг “а” банди, 97-моддаси 2-қисмининг бир неча бандлари билан айблов эълон қилиб, кўриб чиқиш учун жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят судига юборди.
Тошкент вилоят судининг ҳукми билан П.Павлов ва В.Чегорин юқорида кўрсатилган моддаларда назарда тутилган жиноятларни содир этишда айбли деб топилиб, уларга узоқ муддатли озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Аббос Салайдинов тайёрлади.
Мавзуга оид
16:51 / 22.05.2025
Вашингтонда Исроил элчихонасининг икки ходими отиб ўлдирилди
19:54 / 08.05.2025
АҚШда салкам 50 йил олдин содир этилган қотиллик тамаки қутисидаги бармоқ излари орқали фош қилинди
16:15 / 06.05.2025
Сурхондарёда руҳий хаста аёл 3 ёшли қизни пичоқлади
15:56 / 15.04.2025