Ўзбекистон | 17:09 / 24.01.2022
2696
2 дақиқада ўқилади

Андижон туман ҳокими ҳокимлик ва молия бўлими бинолари ремонти учун 600 млн сўм ажратди

Туман ҳокими томонидан қарийб 2 миллиард сўмга яқин пул маблағларини ажратишни кўзда тутган фармойиш имзоланди. Унга мувофиқ ажратилган пулнинг катта қисми Ободонлаштириш бошқармаси улушига тўғри келмоқда.

Фото: KUN.UZ

Андижон тумани ҳокими Абдужаббор Эгамбердиевнинг 22 январ кунги 5-1-16-Ф/22-сонли фармойиши билан туман бюджети захира жамғармасида бўлган 1 миллиард 918 миллион 335 минг сўм ишлатилиши белгиланган.

Фармойишнинг тегишли иловасидаги сметага мувофиқ энг кўп пул Ободонлаштириш бошқармасига ажратилган. 1 миллиарддан ошиқроқ маблағ – ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, тунги ёритиш чироқларини сотиб олиш ва бошқаларга ажратилган.

Шунингдек, “Ўрикзор” МФЙнинг кўча чироқларини ўрнатишнинг ўзига 300 млн сўм ажратилган.

Бундан ташқари туман ҳокимлиги биносининг таъмири учун 300 миллион ва туман молия бўлими биносининг таъмиридан қолган қарзи учун худди шунча маблағ йўналтирилган.

Қизиқ жиҳати ажратилган маблағларнинг деярли барчаси туман ҳокимлиги атрофидаги ташкилотлар улушига тўғри келмоқда. Ижтимоий соҳага, таълим ёки тиббиёт ривожига маблағ ажратиш кўзда тутилмаган.

Андижон вилоятида маблағлар бундай тарзда ажратилиши биринчи марта эмас. Аввалроқ, Асака туман ҳокимининг фармойиши билан туман ҳокимлиги, молия бўлими ва секторлар учун катта маблағ ажратилгани, Ободонлаштириш бошқармасига эса 900 миллион сўм берилгани ҳақида хабар берган эдик. Ҳозирча мазкур хабар ортидан на вилоят ҳокимлиги на бошқа ташкилот расмий муносабат билдирмади.

Мавзуга оид