Жаҳон | 04:02 / 24.01.2022
24920
4 дақиқада ўқилади

Арманистон президенти кутилмаганда истеъфога чиқди. У Пашинян билан зиддиятда эди

Арманистон президенти, амалда давлатни бошқарувчи бош вазир Никол Пашинян билан тез-тез зиддиятга борувчи Армен Саркисян ўз истеъфоси ҳақида эълон қилди.

Фото: Арманистон президенти расмий сайти

Ўз сайтида эълон қилинган баёнотида Армен Саркисян қарорини ўзида сиёсатга таъсир кўрсатиш учун конституцион имкониятлар йўқлиги, шунингдек унга турли сиёсий кучлар томонидан ҳужумлар бўлаётгани билан изоҳлаган.

«4 йиллик фаолиятимдан кейин Арманистон президенти лавозимидан кетишга қарор қилдим. Бу ҳиссиёт билан эмас, узоқ ўйлаб чиқарилган қарор. 

Халқ ва мамлакат учун мураккаб кечаётган ҳозирги шароитда президент ички ва ташқи сиёсатдаги жараёнларга таъсир кўрсатиш воситасига эга эмас. Мамлакат учун мураккаб бўлган замонда, бизга бирдамлик ҳар қачонгидан зарур бўлган паллаларда президентлик институти жамоатчилик эътиборини энг муҳим муаммолардан чалғитган ҳолда ғийбат ва фитна назарияси нишонига айланиб қолмаслиги керак.

Бугун ҳар қачонгидан ҳам мазмунли, теран ўйланган, мутаносиб ва мазмунли ҳаракатлар зарур. Акс ҳолда, биз, бутун дунё арманлари, ўз миссиямизнинг мақсадларига эриша олмаймиз ва тарихнинг бир чеккасида қолиб кетамиз. Энди хато қилишга ҳаққимиз йўқ», дейилади баёнотда.

Арман сиёсатидаги ҳозирги вазиятни Саркисян миллий инқироз деб атаган ва конституцион ваколатлари йўқлиги туфайли ҳеч нарсага таъсир кўрсата олмаслигини айтган.

«Республикада парадоксал вазият юзага келди, президент давлатчиликнинг кафолати бўлиши лозим, аммо аслида у ҳеч қандай воситага эга эмас. Конституция, шунингдек, бир институтнинг бошқасидан устунлигини назарда тутади, таниқли диаспора мутахассисларининг тарихий ватаннинг давлат институтларини бошқаришда иштирок этиши учун тўсиқлар яратади ва ҳоказо», дея шикоят қилади Саркисян.

Унинг айтишича, у давлат раҳбари лавозимини эгаллаш таклифини қабул қилган пайтда «янги президент институти ташқи сиёсат, иқтисодий, сармоявий сиёсатга таъсир қилиш воситаларига, диаспора билан алоқалар, шунингдек, халқаро майдонда миллий манфаатларни илгари суриш, янги илмий ва таълим муҳитини, юқори технологияли муҳитни яратиш имкониятларига эга бўлади, деб ўйлаган.

Армен Саркисян 2018 йилдан буён президентлик қилиб келаётганди, ўшанда 2015 йилги конституциявий ислоҳотлардан кейин Арманистон президентлик республикасидан парламентар бошқарув шаклига ўтган ва унда лавозимга киришган вақтидаёқ сиёсатга таъсир кўрсатиш ваколатлари йўқ эди: амалдаги конституцияга кўра президент фақат вакиллик ваколатига эга ва парламент томонидан етти йилга сайланади. 

Саркисян 1996-1997 йилларда Арманистон ҳукуматини бошқарган, унинг номзоди ўша пайтдаги ҳукмрон Арманистон партияси фракциялари ва унинг коалициядаги ҳамкори — сўл миллатчи «Дашнакцутюн» партияси томонидан кўрсатилган.

Арман политологи, Кавказ институти раҳбари Александр Искандарян Саркисяннинг кетиши кутилгани, лекин у айнан ҳозир истеъфо бергани тушунарсиз ҳолат эканини айтади.

«Унинг ҳукмрон элита билан муносабатлари аввалбошдан зиддиятли эди [...] У инқилобдан олдинги элитанинг сўнгги вакили эди, яъни у бу лавозимга инқилоб туфайли ўтирмаган», дейди Искандарян BBC билан суҳбатда.

2018 йилда, Саркисян президентлик лавозимига сайланишидан ҳеч қанча вақт ўтмасдан, Арманистонда оммавий намойишлар бошланиб, ҳозирги бош вазир Никол Пашинян ҳокимиятга келади. У тарафдорлари билан собиқ президент, конституцион ислоҳотдан кейин бош вазир бўлиб олган Серж Саргсянни ағдаради, айнан Серж Саргсян президентликка Армен Саркисян номзодини илгари сурганди.

Кейинчалик Саркисян ва Пашинян ўртасида келишмовчиликлар юзага келди.

Арманистонда Пашинян янги конституцион ислоҳот тайёрламоқда ва январь ойи бошида Армен Саркисян журналистлар билан суҳбатда бу ислоҳот амалга оширилишига халал бермаслик мақсадида дарҳол истеъфога чиқишга тайёрлигини айтганди.

Саркисяннинг истеъфоси сабаб навбатдан ташқари сайлов феврал ойида ўтказилиши мумкин.

Мавзуга оид