Ўзбекистон | 12:50 / 24.01.2022
10905
2 дақиқада ўқилади

Фарғонада Боғдод тумани ҳокими ўзгарди

Фарғона вилояти иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Юсуфжон Ҳусаинов Боғдод тумани ҳокими этиб тайинланди.

Фото: Фарғона вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

Бугун бўлиб ўтган халқ депутатлари Боғдод туман кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида Юсуфжон Ҳусаинов Боғдод тумани ҳокими этиб тайинланди. Сессия ишида вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров иштирок этди ва нутқ сўзлади.

«Ҳокимлик оғир иш, тумандаги иқтисодиётдан тортиб, ижтимоий соҳасига жавоб бериш керак. Боғдодда Восилжон Назаров ҳаракатчанлиги, топшириқларни тушуниб ишлагани эътирофга лойиқ», деди вилоят ҳокими.

Боғдод туманининг саноат, ишлаб чиқариш соҳасидаги ютуқлари, республикага номи кетган «Боғдод тажрибаси» ҳақида тўхталиб ўтилди. Туманда биринчи вазифа ишсизликни камайтириш, саноат зоналаридаги лойиҳаларни ишга тушириш, инвестицияни ошириш, маҳаллаларни ободонлаштириш, умуман олганда 2022 йил давомида ҳар бир йўналишда салмоқли ишларни амалга ошириш бўйича кўрсатмалар берилди.

Вилоят ҳокими томонидан тақдим этилган Юсуфжон Ҳусаинов номзоди туман кенгаши депутатлари томонидан бир овоздан қўллаб-қувватланди ва у Боғдод тумани ҳокими этиб тасдиқланди.

Юсуфжон Ҳусаинов 1983 йилда Тошлоқ туманида туғилган. 2004 йил Тошкент давлат иқтисодиёт университетини тамомлаган. 2005 йилдан иқтисодиёт тизимида меҳнат қилиб келади. 2020 йилдан буён вилоят иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бош бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари вазифасида фаолият юритиб келаётганди.

2021 йил февралидан бери туман ҳокими вазифасида ишлаб келган Восилжон Назаров бошқа лавозимга тайинлангани муносабати билан лавозимидан озод этилди.

Восилжон Назаров
Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид