Ўзбекистон | 08:24 / 25.01.2022
1495
2 дақиқада ўқилади

Вояга етмаганларга ёрдам кўрсатиш марказларини таъмирлаш ва қуришга 34,9 млрд сўм ажратилади

Фото: Kun.uz

Вазирлар Маҳкамасининг “Ички ишлар органларининг вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказларини капитал таъмирлаш, жиҳозлаш ва қуриш бўйича 2022 йилга мўлжалланган дастурни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Лойиҳа Вазирлар Маҳкамасининг “Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори 9-банди бешинчи хатбошида белгиланган ички ишлар органларининг вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказларини капитал таъмирлаш, жиҳозлаш ва заруратга кўра қуриш бўйича 2021-2022 йилларга мўлжалланган дастурни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш вазифаси ижросини таъминлаш мақсадида, Ички ишлар вазирлиги ҳамда Қурилиш вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган.

Билдирилишича, қарор лойиҳаси қабул қилиниши натижасида марказларга олиб келинган ҳамда сақланаётган, ота-она ёки ота-она ўрнини босувчи шахслар назоратисиз ва қаровисиз қолган, ижтимоий жиҳатдан хавфли аҳволдаги оилаларда яшаётган, давлат ва жамоатчилик ёрдамига муҳтож бўлган вояга етмаганларнинг яшаш шароитлари яхшиланади, уларнинг ижтимоий-ҳуқуқий ҳимояси таъминланади.

Қарор лойиҳаси билан марказларни капитал таъмирлаш, жиҳозлаш ва қуриш бўйича 2022 йилга мўлжалланган дастур тасдиқланиб, республикада жойлашган 13 та марказларни капитал таъмирлаш, жиҳозлаш ва қуриш бўйича эҳтиёжлар ўрганилгач, заруратга кўра қурилиши лозим бўлган марказлар, уларни капитал таъмирлаш, жиҳозлаш ва қуришнинг молиявий манбалари белгиланмоқда.

Дастурга киритилган объектлар бўйича ишлаб чиқилган лойиҳа-смета ҳужжатларининг ваколатли органлар томонидан экспертизадан ўтказилиши, белгиланган тартибда қурилиш-монтаж ишларини бажаришда шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига сўзсиз риоя этилиши юзасидан назорат қонунчиликда белгиланган тартибларга кўра Қурилиш вазирлиги томонидан амалга оширилади.

Қарор лойиҳасини қабул қилиш бўйича қўшимча харажатлар талаб этилади. Ушбу харажатлар миқдори дастлабки ҳисобларга кўра, 34,9 млрд сўмни ташкил этиб, амалга ошириладиган ишларнинг қиймати лойиҳа-смета ҳужжатлари тасдиқлангандан сўнг аниқлаштирилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид