Ўзбекистон | 18:32 / 26.01.2022
3483
3 дақиқада ўқилади

«Инсон қадри учун – 100та мақсад» белгилаб олинди – президент

Тараққиёт стратегиясида 7 та устувор йўналиш бўйича, «Инсон қадри учун – 100 та мақсад» белгилаб олинди. Жорий йилнинг ўзида умумий қиймати 55 триллион сўм ва 11,7 миллиард долларлик 398 та чора-тадбирни амалга ошириш кўзда тутилмоқда.

Тараққиёт стратегиясида 7 та устувор йўналиш бўйича, «Инсон қадри учун – 100 та мақсад» белгилаб олинди. Бу ҳақда 26 январь куни президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган йиғилишда маълум қилинди.

«2022 йилга мўлжалланган Давлат дастури лойиҳасининг муҳокамаси фуқароларимиз билан «очиқ мулоқот» шаклида ўтказилиб, халқимиз томонидан кенг қўллаб-қувватланди.

Муҳокама жараёнида аҳолидан 17 мингдан зиёд таклифлар келиб тушди. Уларнинг барчаси йўналишлар бўйича ўрганилди, бир-бирига яқин таклифлар умумлаштирилиб, дастур лойиҳаси 300 дан ортиқ янги ташаббуслар билан тўлдирилди.

Мисол учун, фуқароларимиз билдирган:

- маҳаллаларда Иш марказларини ташкил этиш, маҳаллада ҳокимлар, сектор раҳбарларининг онлайн қабулини ўтказиш;

- давлат ва жамият ҳаётида фаол иштирок этган фуқароларни рағбатлантириш;

- ҳар бир маҳаллани ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш;

- аҳоли кайфиятини социологик сўровномалар орқали ўрганиб бориш;

- ёки узоқ ҳудудлардаги мактабларга автобус қатновини йўлга қўйиш каби таклифлар бизга айниқса маъқул бўлди.

Умуман, Тараққиёт стратегиясида 7 та устувор йўналиш бўйича, «Инсон қадри учун – 100 та мақсад» белгилаб олинди.

Ушбу мақсадларга эришиш учун жорий йилнинг ўзида умумий қиймати 55 триллион сўм ва 11,7 миллиард долларлик 398 та чора-тадбирни амалга ошириш кўзда тутилмоқда.

Барча саъй-ҳаракатларимиз, ажратилаётган маблағлар маҳалла ва хонадонларгача аниқ етиб бориши ва ҳар бир оила фаровонлигини оширишга хизмат қилиши шарт.

Бундан буён фаолиятимизни мутлақо янгича, яъни «инсон–жамият–давлат» тамойили асосида ташкил этамиз.

Жумладан:

- маҳаллани жамоатчилик бошқаруви ва назоратининг таянч бўғинига айлантириш;

- халқ билан мулоқот механизмларини такомиллаштириш;

«Обод қишлоқ», «Обод маҳалла» ва бошқа ҳудудий дастурларни, жамоатчилик фикри асосида ишлаб чиқиш;

- давлат органларини «маҳаллабай» ишлаш тизимига ўтказиш;

- электрон давлат хизматларининг улушини амалдаги 54 фоиздан 90 фоизга етказиш.

- шунингдек, халқимиз билан мулоқотни янада кучайтирамиз. Шу мақсадда Халқ қабулхоналари тизими такомиллаштирилади.

«Ижтимоий фикр» маркази фаолияти такомиллаштирилиб, алоҳида Социология институти ташкил этилади.

Бу жуда муҳим аҳамиятга эга, чунки, ислоҳотларимизнинг натижалари, амалга оширилаётган ўзгаришлар ва аҳолининг кайфияти аввало жойларда, биринчи навбатда маҳаллада яққол сезилади. Шу маънода, бундай сўровномаларни жамият ҳаётининг ижтимоий барометри деб́ аташ мумкин», – деди давлат раҳбари.

Аброр Зоҳидов
Тайёрлаган Аброр Зоҳидов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид