Ўзбекистон | 10:00 / 27.01.2022
46649
6 дақиқада ўқилади

53 миллион сўмлик «Малибу» – Шахмат федерациясининг айрим молиявий операциялари ҳақида

Шахмат федерацияси балансидаги «Малибу» автомашинаси 53 млн сўмга сотилган. Уни сотиб олган МЧЖ директори – федерация раисининг биринчи ўринбосари Ҳусан Турдиалиев.

Фотоколлаж: Kun.uz

Kun.uz ўз ихтиёридаги маълумотларга таяниб Ўзбекистон Шахмат федерациясининг молиявий фаолиятига алоқадор масалаларни ўрганди. Аъзолик бадали ва ҳомийлик маблағлари ҳисобига фаолият юритувчи ташкилотнинг айрим молиявий операциялари эътиборни тортди.

Ўзбекистон Шахмат федерацияси

53 миллион сўмга сотилган «Малибу»

Федерация ўз ихтиёридаги 2015 йилда ишлаб чиқарилган «Малибу» русумли автотранспорт воситасини 2021 йил январь ойида «Марказий шахмат клуби» МЧЖга 53,5 миллион сўмга сотган.

Шахмат федерациясининг тасдиқлашича, «Малибу» «Марказий шахмат клуби» МЧЖга олди-сотди шартномаси асосида сотилган. Федерация бу нарх амалдаги қонунчиликка асосан ҳисобланган амортизация ажратмаси ҳамда Ўзбекистон Шахмат федерацияси ижроия қўмитаси қарори асосида белгиланганини маълум қилди.

«Ўзбекистон Шахмат федерацияси ННТ бўлгани сабабли ўз фаолиятини қонунчиликка асосан мустақил амалга оширилиши сабаб, Ўзбекистон Шахмат федерациясининг сайланган ва мустақил фаолият олиб борадиган тафтиш комиссияси томонидан ўрганилиб тегишли хулосалар берилган ва юқоридаги нархга баҳоланган», дейилади федерация изоҳида.

Масаланинг икки жиҳати олди-сотдини расмийлаштиришда манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилган бўлиши эҳтимоли борлигини кўрсатмоқда.

Биринчидан, федерация мулки ўртача бозор нархи (тахминан 150 миллион сўм)дан қарийб 3 баробар арзонга сотилган.

Иккинчидан, очиқ маълумотларга кўра, «Марказий шахмат клуби» МЧЖ директори Ҳусан Турдиалиев бир вақтнинг ўзида жамоатчилик асосида Шахмат федерацияси раисининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлайди. «Малибу»ни сотиб олган МЧЖ таъсисчиларидан бири Жаҳонгир Камолов эса Шахмат федерациясининг IT-менежери ҳисобланади.

Федерация «Марказий Шахмат Клуби» МЧЖга қарийб 1,8 миллиард сўм берган

Яна бир ҳолат. Шахмат федерацияси 2021 йил 12 январида 1,76 млрд сўм ва 14 январида 100 млн сўм, жами 1,86 млрд сўм миқдоридаги маблағларни яна ўша «Марказий Шахмат Клуби» МЧЖга ўтказиб берган.

Ҳолатга изоҳ берган Ўзбекистон Шахмат федерацияси ушбу маблағлар шахматни ривожлантиришга доир президент қарори қабул қилиниши билан федерацияга юклатилган қўшимча вазифаларни бажариш учун ажратилганини билдирди.

«Мурожаатда келтирилган маблағлар ПҚ-4954 сонли президент қарори қабул қилиниши ва ушбу қарор билан федерацияга қўшимча вазифалар ҳамда юкламалар берилиши муносабати билан шахмат федерацияси ўзининг айрим вазифаларини ўз таъсислигидаги МЧЖга ўтказган ва ушбу вазифаларни бажариш учун Ижроия қўмита қарори билан тегишли маблағларни ўтказиб берган.

Ушбу маблағлар на қайтариш шарти билан ва на беғараз асосда берилган. Ушбу сумма аниқ вазифаларни амалга ошириш ҳамда шахматни ривожлантиришга қаратилган ишларни амалга ошириш учун қатъий назорат остида берилган», дейилади федерация Kun.uz'га тақдим қилган жавобда.

Қуйида федерация маълумотлари асосида «Марказий Шахмат Клуби» МЧЖга ўтказиб берилган 2 миллиард сўмга яқин маблағлар нималарга сарфлангани бўйича айрим маълумотлар келтирилади:

  • болалар учун шахматдан видео дарсларни тасвирга олиш ва тайёрлаш хизматлари учун фуқаро Т.С.нинг пластик картасига 525 миллион сўм;
  • «Central chess klub» дастурини ишлаб чиққани учун яна бир фуқаронинг пластик картасига 250 миллион сўм;
  • Т.Турдиалиеванинг пластик картасига дизайнерлик хизматлари учун 11 миллион 370 минг сўм (Т.Турдиалиева Ҳусан Турдиалиевнинг қизи бўлади);
  • Lenovo Ideapad 3 (Intel i5/DDR4 8GB, HDD 1000 GB + SSD 128 GB/ 15,6 FFHD TN/ 2GB GeForce MX330) ноутбукларидан 3 донаси, ҚҚСни ҳам қўшиб ҳисоблаганда 44,4 миллион сўмга сотиб олинган (ушбу ноутбукларнинг тахминий бозор нархи 7 миллион сўм атрофида);
  • 1000 вараққа яқин FIDE (Халқаро шахмат федерацияси) қоидалари, турли ҳужжатлар, хатлар ва баённомалар, йил давомида ташкил қилинган турнир низомларининг таржимаси учун 71,9 миллион сўм;
  • Клуб биносини таъмирлаш учун фуқаро О.А.нинг пластик картасига жами 98,8 миллион сўм ўтказиб берилган.

Ўзбекистон Шахмат федерацияси бош котиби Суннатулло Бозорбоев молиявий операцияларга қўшимча изоҳ берди.

«Малибу» автомобили «Марказий шахмат клуби»га сотилган вақтда бу ташкилот федерация қошида бўлган. Шу сабабли ташкилот тафтиш комиссияси хулосасида – 53,5 миллион сўмга «Малибу» сотиш мумкинлиги айтилган. Кейинчалик, «Марказий шахмат клуби» алоҳида МЧЖ бўлиб ажралиб чиққан бўлса-да, федерация таркибида бўлган вақтидаги раҳбари – Ҳусан Турдиалиев кўп йиллик тажрибаси инобатга олиниб, ушбу лавозимда ҳам қолдирилган.

«Марказий шахмат клуби» МЧЖга сотилган автомобиль айни вақтда федерация биносида турибди, уни ҳеч ким шахсий мақсадларда ишлатмаяпти. Агар, «Малибу» бошқа мақсадларда ишлатилса ёки кимгадир сотиб юборилса, биз уни қайтариб оламиз.

Маблағлар борасида. Федерацияда бор-йўғи 8 нафар ходим ишлайди. Раис ва унинг ўринбосарлари эса жамоатчилик асосида, маблағ олмасдан фаолият юритади. Уларнинг асосий бошқа иш жойлари бор. Катта турнирларни ташкил қилиш ва ўзимизга юклатилган бошқа вазифаларни бажаришга имконимиз етмагани учун «Марказий шахмат клуби» МЧЖ ташкил этилган ҳамда бу ташкилотга аниқ вазифаларни бажариш учун қатъий назорат остида маблағлар берилган», деди Суннатулло Бозорбоев.

Мавзуга оид