Жаҳон | 12:02 / 27.01.2022
33918
12 дақиқада ўқилади

Бундан оғир ҳолатлар ҳам кўп бўлган: тарихдаги энг йирик блэкаутлар

25 январь куни Марказий Осиёнинг уч давлати – Ўзбекистон, Қирғизистон ва Қозоғистоннинг умумий ҳисобда 40 миллиондан зиёд аҳолиси электр таъминотидан узилиб қолди. Бунгача бу каби ҳолатлар дунёнинг бошқа мамлакатлари, жумладан АҚШда ҳам кузатилган.

Нью-Йоркдаги 1977 йилги блэкаут. Photo by Allan Tannenbau

25 январь куни Ўзбекистоннинг деярли барча ҳудудларида, Қирғизистоннинг Норин, Бишкек, Ўш ва Иссиқкўл, Қозоғистоннинг Олмаота, Чимкент, Тароз, Жамбил ва Туркистон вилоятларида электр таъминотидан узилиш ҳолати кузатилди. Бу эса ушбу ҳудудлардаги жами 40 миллиондан зиёд аҳоли ҳаётига жиддий таъсир кўрсатган.

Қайд этиш керакки, ушбу ҳолат кўлами жиҳатдан тарихдаги энг йириги эмас. Бу каби блэкаутлар ўз вақтида АҚШ, Канада ва Италия каби дунёнинг ривожланган мамлакатларида ҳам юз берган.

Умуман олганда, «блэкаут» атамаси пайдо бўлиш тарихи ўтган асрнинг иккинчи ярмига бориб тақалади. 1965 йилнинг 9 ноябрь куни АҚШ ва Канада энергия тизимида носозлик юз бериши оқибатида Қўшма Штатларнинг 7та штатида, Канаданинг икки провинциясида электр таъминоти узилиб, бундан 30 миллион киши жиддий зарар кўради.

1977 йил 13 июль куни Нью-Йоркдаги «Қўрқинчли тун» эса 2003 йилгача глобал энергетика саноатидаги энг йирик фавқулодда ҳодиса сифатида кўриб келинган. Чақмоқ уриши оқибатида иккита асосий электр тармоғи ишдан чиқади ва шаҳар 25 соат давомида электр энергиясиз қолади. Натижада Нью-Йорк кўчалари ўғри-талончиларга тўлиб кетади. Полиция 3700 нафарга яқин одамни ҳибсга олади, 2 мингдан ортиқ дўкон талон-торож қилинади. Таҳлилларга кўра, ўша пайтда етказилган зарар ҳозирги нархларда миллиард доллар атрофида бўлган.

Photo by NY Daily News Archive via Getty Images

Шу тариқа, тизимидаги носозликлар сабаб йирик ҳудуд аҳолисининг маълум вақт давомида электр энергияси таъминотидан узилиб қолишини англатувчи «блэкаут» атамаси пайдо бўлган.

Қуйида кўлами бўйича дунёдаги энг йирик электр таъминотидан узилиш ҳолатлари ҳақида маълумот келтирилади.

Ҳиндистон, 2012 йил 30-31 июль (700 миллионга яқин киши жабрланган)

Фото: Reuters

2012 йилнинг июль ойи охирида Ҳиндистон дунёдаги энг йирик, ўз тарихидаги иккинчи блэкаутни бошидан кечирди. Бу мамлакат шимоли ва шарқидаги 28 штатдан 22 тасида яшовчи 700 миллионга яқин одамга таъсир кўрсатган. Йирик авария натижасида мамлакатда электр энергияси ишлаб чиқариш қуввати 38 фоизгача қисқариб кетади.

1 августга қадар аксарият ҳудудларда электр таъминоти тикланган бўлса-да, бу бир қанча нохуш оқибатларни келтириб чиқарган. Масалан, ҳаракатланаётган 300та поезд тўхтаб қолган, бир неча юзлаб кончилар эса синган лифтлар туфайли шахталарда қамалиб қолган.

Тахминларга кўра, йирик носозликка Нью-Деҳлида ёз ўта иссиқ келгани туфайли электр энергияси истеъмоли кўпайгани сабаб бўлган, чунки бу ерда муссон мавсуми одатдагидан кечроқ бошланган. Энергия узилиши Панжоб ва Ҳаряна штатларида шоли далаларини суғориш учун зарур бўлган насослар ҳам ишдан чиқишига олиб келган.

Ҳиндистон, 2001 йил 2 январь (230 миллион киши жабрланган)

Иккинчи энг йирик электр қувватидан узилиш ҳолати ҳам Ҳиндистонда юз берган. 2001 йил бошида Уттар-Прадеш электр станциясида авария юз беради, бунинг оқибатида мамлакатнинг шимолий ҳудудларидаги 6 штатда электр таъминоти билан боғлиқ муаммолар юзага келади.

Мамлакат аҳолисининг чорак қисми (230 миллион киши, 2001 йил ҳолатига кўра) истиқомат қилувчи Нью-Деҳли шаҳри деярли 12 соат давомида қоронғиликда қолади. 15 соат давомида 80 га яқин электр поездлари ҳаракатдан тўхтайди, захира генераторлари бўлмаган шифохоналарда эса олдиндан режалаштирилган йирик ва мураккаб операциялар кейинга қолдирилади.

Покистон, 2021 йил 9 январь (200 миллион киши жабрланган)

Фото: AFP

2021 йилнинг 9 январь куни 200 миллиондан ортиқ покистонлик электр энергиясисиз қолади. Мамлакатнинг 114та шаҳрида электр таъминоти бутунлай узилади. Тахминларга кўра, бундай оммавий узилишга электр энергиясини тақсимлаш тизимидаги техник носозлик сабаб бўлган.

Мамлакат расмийлари эса носозлик миллий электр тақсимлаш тизимидаги қувватнинг кескин пасайиши (нолгача) туфайли юзага келганини таъкидлашган.

Бангладеш, 2014 йил 1 ноябрь (150 миллион киши жабрланган)

archive.dhakatribune.com

Ҳиндистоннинг қўшниси Бангладешда 2014 йилнинг 1 ноябр куни содир бўлган воқеа бутун мамлакат аҳолисини 10 соат давомида светсиз қолдиради. Бунга Бҳерамардаги электр станциясида юзага келган носозлик ва Ҳиндистондан электр энергияси олиб келувчи электр узатиш линияси ишламай қолгани сабаб бўлган.

Бу мамлакатдаги барча заводлар иши тўхтаб қолишига олиб келади, касалхоналар ва аэропортлар эса генераторлар туфайли ишлашга ўтади. Бахтсиз ҳодиса оқибатларини бартараф этиш учун деярли бир кун вақт кетади.

Покистон, 2015 йил 25 январь (140 миллион киши жабрланган)

Покистон тарихидаги иккинчи йирик блэкаут 140 миллион одамни светдан маҳрум қилади. Бу мамлакат аҳолисининг 80 фоизини (2014 йилги маълумотларга кўра) ташкил қилган.

Йирик носозликка сабаб сифатида сиёсий омиллар келтириб ўтилган. Жануби-ғарбий Белужистон вилоятида мустақиллик талаб қилиб чиққан намойишчилар иккита электр узатиш минорасини портлатиб юборади. Натижада мамлакатдаги электр станцияларининг аксарияти ишламай қолади ва ишлаб чиқариш қуввати одатдаги 9000 МВт.дан 600 МВт.гача пасайиб кетади.

Исломобод ва Карачи каби йирик шаҳарларга электр таъминоти тезлик билан кейинги куни тикланган бўлса-да, носозликларни тўлиқ бартараф этиш учун бир ҳафтадан ортиқ вақт талаб этилади.

Индонезия, 2019 йил август (120 миллион киши жабрланган)

2019 йил август ойида Индонезиянинг Ява ороли ҳам электр таъминотидаги йирик узилишларни бошдан кечирди ва бу 120 миллион одамга таъсир кўрсатган.

Тўққиз соатлик электр таъминотидаги узилиш транспорт тизимига жиддий таъсир кўрсатади. Автобуслар ҳаракатланиш учун ягона жамоат транспорт тури бўлиб қолади. Шунингдек, оролликлар телефон алоқаси ва интернетсиз ҳам қолишади. Бу Индонезия оролларидаги биринчи блэкаут бўлмаган. 2005 йил август ойида ҳам Бали ва Ява оролида 100 миллионга яқин одам светсиз қолганди.

Бразилия, 1999 йил 11 март (97 миллион киши зарар кўрган)

1999 йилда қуввати жиҳатидан дунёдаги энг йирик ГЭСлардан бири бўлган Итайпу чақмоқ уриши туфайли ўчиб қолади. Бунинг оқибатида эса 160 миллион бразилияликдан 97 миллиони электрсиз қолган. Шу билан бирга, 60 мингга яқин метро йўловчиси поездларга қамалиб қолади.

Қувватни тиклаш учун бир неча ҳафта керак бўлади. Бу вақтда талончиликларни тўхтатиш учун Рио-де-Жанейрога 1200 нафар полициячи сафарбар этилган.

Муваффақиятсизликдан сўнг мутахассислар Бразилиянинг энергетика инфратузилмаси ўта заиф деган хулосага келишади. Бунга мамлакатни электр энергияси билан таъминлашнинг ГЭСларга ҳаддан ташқари боғланиб қолгани, муқобил электр узатиш йўллари мавжуд эмаслиги, битта иншоотда носозлик бўлса, бу бутун тизимни ишдан чиқариши мумкинлиги каби омиллар асос сифатида келтирилган.

Туркия, 2015 йил 14 апрель (70 миллион киши жабрланган)

www.businesstimes.com.sg

2015 йилнинг апрель ойида Туркиянинг учта электр станцияси бирданига ишдан чиқади. Авария мамлакат ҳудудининг салмоқли қисмига, жумладан, Анқара, Истанбул, Анталия, Трабзон ва бошқа вилоятларга таъсир кўрсатади.

СNN Тurk телеканали маълумотларига кўра, мамлакатдаги 81 вилоятдан 30 таси электр энергиясидан қисман ёки тўлиқ узилган. 70 миллионга яқин аҳоли 10 соатга яқин вақт давомида электрсиз қолади. Бу вақтда жамоат транспорти , заводлар ва ҳатто давлат идораларида ҳам иш тўхтаган.

Туркия энергетика вазири Танер Йилдиз аварияга электр узатиш линияларидаги носозликларни сабаб қилиб кўрсатган бўлса-да, киберҳужум версияси ҳам инкор этилмаган.

Бразилия, 2006 йил 10 ноябрь (60 миллион киши жабрланган)

www.britannica.com

Электр токи ўчирилишига ёмон об-ҳаво ва юқори вольтли электр узатиш линияларидаги қисқа туташув сабаб бўлган. Натижада Бразилия штатларининг деярли тўртдан уч қисми (26 дан 18 таси) электр энергиясидан маҳрум бўлади. Умумий йўқотиш 28 ГВт.ни ёки Бразилиянинг ўша пайтдаги жами энергия истеъмолининг ярмидан сал камроғини (45 фоиз) ташкил этган. Бир қанча оммавий ахборот воситаларида узилишларга кибержиноятчиларнинг иши сабаб бўлгани тахмин қилинган бўлса-да, бу даъволар рад этилган.

Италия, 2003 йил 28 сентябрь (56 миллион киши зарар кўрган)

2003 йилда Италиянинг (Сардиния ва Элба оролларидан ташқари) бутун ҳудуди 12 соат давомида электр токисиз қолади. АСEА электр компанияси бунга мамлакатни Франция ва Швейцария билан боғлайдиган электр узатиш линияларидаги бўрон сабаб юзага келган носозлик эканини маълум қилган. Деярли барча йирик шаҳарларда ҳодиса оқибатлари кейинги куни эрталаб бартараф этилади. Италиядаги узилишлар Австрия, Швейцария ва Хорватия каби мамлакатларга ҳам ўз таъсирини ўтказган. 

АҚШ ва Канада (55 миллион киши зарар кўрган)

2003 йилнинг 14 август куни АҚШ ва Канаданинг 55 миллион аҳолиси ҳам электр энергиясиз қолади. Носозликлар оқибатида жами 263та электр станцияси, жумладан, 10та атом электр станцияси вақтинча ўз фаолиятини тўхтатган. Аксарият ҳудудларда бир неча соат ичида муаммо ҳал қилинган бўлса-да, аҳолининг бир қисми деярли бир ҳафта давомида «свет»сиз қолган. Расмий маълумотларга кўра, зарар миқдори 6 миллиард долларни ташкил қилган.

Лотин Америкасидаги «блэкаут»лар

2019 йилда Лотин Америкасининг бир қатор давлатлари ҳам электр энергиясидан узилиб қолади. Дастлаб, март ойида Венесуэла ўз тарихидаги энг йирик блэкаутни бошидан кечирган.

Венесуэлада блэкаутдан бироз олдинроқ, 7 март куни ва мамлакатнинг ғарбий қисми қоронғиликка чўмган 8 март куни сунъий йўлдош орқали олинган тасвирлар. NASA

Мамлакатдаги «Гури» гидроэлектр станциясидаги муаммолар туфайли электр таъминотида катта узилиш юз беради. Мамлакат расмийлари бу ҳолатга мухолифат ва америкалик ҳакерларнинг ҳужумлари сабаб бўлган деган баёнот билан чиқишади. Блэкаут жамоат транспорти ишини амалда фалаж ҳолатга келтиради, Каракас аэропортида ўнлаб рейслар бекор қилинади, метро ишдан чиқади, мактаб ва лицейларда эса дарслар вақтинчалик тўхтатилади. Ўша пайтда Венесуэла ҳудудининг деярли 80 фоизи электр таъминотисиз қолган.

Уругвай пойтахти Монтевидео аҳолиси свет келгунича шам ёқиб ўтиришига тўғри келган / AFP/GETTY

Июнь ойида эса Аргентина ва Уругвай тўлиқ, Бразилия ва Парагвайнинг баъзи ҳудудлари электр энергиясиз қолиб кетган. Бунга Аргентинанинг Лотин Америкаси давлатларида электр таъминоти хизматларини кўрсатувчи Edesur компанияси тизимидаги носозлик сабаб бўлган. Зарар кўрган ҳудудларда поездлар ва метро ҳаракати тўхтаб қолган. Электр энергияси узилиши биргина Аргентинанинг ўзида 48 миллион кишига таъсир кўрсатган.

Зулмат ичида қолган Ливан

Чироқ ёқилган уйларнинг дизел генератори учун пули бор / Getty Images

Сўнгги энг йирик блэкаут 2021 йилнинг 9 октябрь куни 6,8 миллион аҳолига эга бўлган Ливанда юз берган. Мамлакатдаги икки йирик электр станцияси – «Ал-Заҳроний» ва «Дейр-Аммар» Бирлашган Араб Амирликларидан мазут етказиб берилишидаги узилиш туфайли ишлашдан тўхтаб қолади ва Ливан зулмат қаърига чўмади.

Юқоридаги ҳолатлардан фарқли равишда ливанликлар электр таъминотидаги бундай узилишларга кўникиб кетишган, Байрутнинг кўплаб туманларида ҳар куни бир неча соатлаб ток бўлмайди, баъзида бир кунда 22 соат давомида свет ёнмаган вақтлар бўлган.

Кўплаб ливанликларнинг уйида дизель генераторлари ўрнатилган, аммо дизель ҳам дефицит бўлиб қолгач, ундан фойдаланишни фақат бадавлат кишиларгина ўзларига раво кўришлари мумкин. Ўтмишда Ливаннинг энергетик талаби асосан Сурия ҳудуди орқали келган Миср гази билан ишлайдиган ИЭС орқали таъминланган. Аммо Суриядаги ўн йиллик уруш туфайли газ қувурлари ва насос станциялари ўз фаолиятини тўхтатган.

Мавзуга оид