Ўзбекистон | 17:45 / 27.01.2022
27063
5 дақиқада ўқилади

ДХХ ишлаб чиққан “Киберхавфсизлик тўғрисида”ги қонун лойиҳаси парламентда кўриб чиқилди

Қонунчилик палатаси ялпи мажлисида ДХХ раиси ўринбосари Равшан Абдуллахонов қонуннинг мақсади ва зарурати ҳақида маъруза қилди.

Фото: KUN.UZ

Кеча, 26 январь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ялпи мажлисида “Киберхавфсизлик  тўғрисида”ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди ва биринчи ўқишда қабул қилинди.

Мажлисда онлайн қатнашган Давлат хавфсизлик хизмати раисининг ўринбосари Равшан Абдуллахоновга кўра, рақамли маълумотлар хавфсизлиги билан боғлиқ хавфларнинг ортиб бориши, давлат ва жамият манфаатлари ҳамда фуқароларнинг шахсий ҳуқуқларига таҳдид солиши – глобал рақамли бошқарув учун янги муаммоларни келтириб чиқармоқда.

“Рақамли маълумотлар оқими мамлакат ичида ҳам, ташқарисида ҳам ҳакерлик ҳужумларига дучор бўлиб келмоқда. Республиканинг ахборот хавфсизлиги тизими давлат хавфсизлиги тизимининг бир бўлаги ҳисобланади. Давлат секторининг ахборот тузилмалари ва ресурсларининг барқарор ишлаши ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари учун бир қатор потенциал хавфлар мавжуд бўлиб, улар жамият манфаатлари, жамият ва фуқароларнинг саломатлиги, фаровонлигига таҳдид солиши мумкин”, – деди у.

ДХХ масъули киберхавфсизлик йўналишидаги бир қанча хавф ва муаммоларни санаб ўтди:

  • қонунчиликда ахборот хавфсизлигига доир ҳуқуқий нормалар фақат қисман амалга оширилган;
  • давлат органлари ва алоқа операторлари ўртасида киберҳужумларни кузатиш уларнинг оқибатларини бартараф этиш бўйича ўзаро ҳамкорлик тизими мавжуд эмас;
  • давлат ахборот коммуникация инфратузилмаси объектлари идентификация қилинмаган ва тасдиқланмаган ҳолда қолмоқда, бу Ўзбекистон учун ҳалокатли оқибатларга олиб келиши мумкин;
  • муҳим ахборот инфратузилмаси объектларида ахборот тизимлари ва ресурсларининг хавфсизлик тизимларининг баҳолаш усуллари мавжуд эмас.

Маълум қилинишича, қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда Россия, Хитой, АҚШ, Қозоғистон, Сингапур, Украина, Грузия каби давлатларнинг ахборот хавфсизлиги соҳасидаги ҳужжатлари ўрганилиб, амалиётга жорий қилиниши таҳлил қилинган.

Равшан Наримоновичга кўра, қонун лойиҳасини ишлаб чиқишдан мақсад киберхавфсизлик соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш бўлиб, унда қуйидагилар назарда тутилган:

  • киберхавфсизлик соҳасидаги ваколатли давлат органи, унинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари;
  • давлат органлари ва ташкилотлари ахборот тизимлари ва ресурсларининг киберхавфсизлигини таъминлаш бўйича талабларни белгилаш;
  • компьютер ҳодисаларига жавоб бериш – таҳдидларни аниқлаш, ҳужумлар ва уларнинг оқибатларини аниқлаш ва олдини олиш, уларнинг оқибатларини бартараф этиш;
  • CЕРТ (компьютер ҳодисаларига жавоб бериш марказ)ларнинг самарали ишлашини таъминлаш;
  • муҳим ахборот инфратузилмаси объектларининг аҳамиятлилиги  даражаси бўйича меъёрий ҳуқуқий базани шакллантириш;
  • муҳим ахборот инфратузилмаси объектлари ва субъектлари киберхавфсизликни таъминлашига доир талаблар ҳамда ҳуқуқ ва мажбуриятлари;
  • шунингдек, миллий киберхавфсизлик соҳасини ривожлантириш бўйича ҳуқуқий базани яратиш – мутахассислар тайёрлаш, дастурий таъминотлар яратиш назарда тутилган.

“Шунингдек, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши киберхавфсизликни давлат томонидан тартибга солиш, ахборот тизимлари ва ресурсларининг яхлитлигини таъминлашга, рухсатсиз ҳаракатлар, ахборотни йўқ қилиш, ўзгартириш, бузиш, нусхалаш, блоклаш ва мамлакатнинг ахборот тизимлари ва тармоқларига ноқонуний аралашишнинг олдини олишга хизмат қилади”, – деди ДХХ раисининг ўринбосари.

Гарчи парламент қуйи палатаси “Киберхавфсизлик  тўғрисида”ги қонун лойиҳасининг муҳокамаси ҳам қизғин кечди”, дея хабар қилган бўлса-да, жонли эфирда кетган мажлисда бирорта ҳам депутат қонун юзасидан фикр билдирмаганини кўриш мумкин.

Фақат парламентда ушбу қонун учун масъул бўлган Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси раиси Илҳом Абдуллаев фикр билдирди.

“Қонун лойиҳаси фракцияларда кўриб чиқилган, концепцияси бўйича эътирозлар тушмаган, қонун лойиҳаси камчиликдан холи эмас, уларни иккинчи ўқишга тайёргарлик давомида бартараф қилишга ҳаракат қиламиз”, – деди депутат.

Илҳом Абдуллаев бошчилигидаги депутатлар аввалроқ, Ўзбекистонда интернет тармоқларининг блокланишига оид баҳсли қонун тезроқ амалда ишлашини ҳукумат вакилларидан талаб қилишган эди. Кейинроқ, Абдуллаев президентнинг АКТга доир ташаббусларини мақтаб чиққан.

Бундан ташқари, депутатлар томонидан муҳокама қилинаётган “Киберхавфсизлик тўғрисида”ги қонун лойиҳаси 3666-сонли президент қарорига зид равишда Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида (regulation.gov.uz) жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилмаган бўлиши мумкин. Чунки муҳокамалар порталида “Киберхавфсизлик” сўрови бўйича бирорта лойиҳа чиқмади.

Маълумот учун, 3666-сонли қарорига кўра, 2018 йил 1 майдан бошлаб барча норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари лойиҳани ишлаб чиқувчи ташкилотлар томонидан regulation.gov.uz'да жамоатчилик муҳокамаси ўтказилиши учун жойлаштирилиши лозим.

Мавзуга оид