Жаҳон | 09:01 / 27.01.2022
23696
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистон парламенти Назарбоевнинг Хавфсизлик кенгаши ва республика халқ ассамблеясидаги умрбод раислигини бекор қилди

Фото: РИА Новости

Қозоғистон парламенти Нурсултон Назарбоевнинг мамлакат Хавфсизлик кенгаши ва республика халқлари ассамблеясига умрбод раислик қилишини бекор қилди. Бу ҳақда РБК хабар бермоқда.

Бундан ташқари, мамлакат парламентининг юқори палатаси Қозоғистоннинг биринчи президенти билан ташқи ва ички сиёсатни мувофиқлаштириш заруратини бекор қилишни таклиф этмоқда.

Аввалроқ, Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев мамлакатдаги норозилик намойишларига нима сабаб бўлиб хизмат қилганини айтганди.

Тўқаев ишбилармонлар билан учрашувда Қозоғистонда январь ойи бошидаги воқеалар йиллар давомида тўпланиб келган муаммоларни очиб бергани, бойлар ва камбағаллар ўртасидаги даромадлар тафовути қабул қилиб бўлмайдиган даражага етганини айтди.

«Даромадларнинг бундай табақаланиши террорчилар ва уларнинг ортида турган фитначилар томонидан ёқилган гугурт ва порох бочкаси ролини ўйнади», деди Тўқаев. 

У, шунингдек, бу тафовутни реал пулда баҳолади. 

«Халқаро экспертларнинг таъкидлашича, [мамлакат] бойлигининг ярми бор-йўғи 162 кишига тегишли. Шу билан бирга, аҳолининг ярмида даромад 50 минг тенгедан ҳам ошмайди. Бу йилига 1300 доллардан сал кўпроқ. Бундай пулга яшашнинг иложи йўқ, вазиятни зудлик билан ўзгартириш керак», — деди Тўқаев. 

Мавзуга оид