Жамият | 13:19 / 27.01.2022
25492
2 дақиқада ўқилади

Toyota асосчиси фойдаланган “Бешта нима учун” қоидаси

Фото: Getty Images

“Бешта нима учун” қоидаси – пул сарфлашга оид қарорларингиз тўғрилигини текширишнинг осон ва самарали йўли. Бу қоидадан Toyota компанияси асосчиси Сакичи Тойода доим фойдаланган. Корпоратив молия бўйича мутахассис Хондамир Нусратхўжаев у қандай ишлашини оддий мисол ёрдамида тушунтириб берди.

Масалан, сиз мўйнали палто истайсиз. Ўзингизга савол берасиз: Мен нима учун мўйнали палто истайман? Бу – биринчи “нима учун”. Жавоб: Чунки мен ҳаммани ҳайратда қолдирмоқчиман.

Яхши, иккинчи “нима учун”: Нима учун ҳаммани ҳайратда қолдирмоқчисиз? Жавоб: Менга эътибор қаратишларини истайман.

Учинчи “нима учун”: Нима учун инсонларнинг эътиборини тортмоқчисиз? Жавоб: Чунки ўзимга ишончсизликни ҳис қиламан.

Тўртинчи “нима учун”: Нима учун ўзингизга ишончсизликни ҳис қиласиз? Жавоб: Чунки ўзимни амалга оширолмаган деб ҳисоблайман, бир жойда қолиб кетганман.

Бешинчи “нима учун”: Нима учун ўзингизни амалга оширолмайсиз? Жавоб: Чунки ўзимга ёқмайдиган иш билан машғулман.

Энди айтинг-чи, мўйнали палтонинг бунга дахлдорлиги борми?

Сакичи Тойода бир қарашда кўринмайдиган асл сабаб, бешинчи “нима учун” ортида эканини ўргатади. Бешинчи марта айтилган “чунки” сўзи яширинган асл сабабни юзага чиқаради. Жоиз бўлса, “чунки” сўзи – бу сизнинг аслингиздир.

Бу йўл аслида яширганларингиз, ўзингиз ҳам тан олишдан қўрқадиганларингизни текшириш, сизнинг ҳақиқий истакларингизни билиш ва кераксизларини ташлаб юборишга ёрдам берадиган жуда самарали усулдир.

Ўзингизнинг “5 нима учун”дан мисол келтира оласизми?

Хондамир Нусратхўжаевнинг
@chiroylimoliya Telegram-каналидан олинди.

Мавзуга оид