6 та модда бўйича айблов, 5 жилдлик жиноят иши — наманганлик “участкавой”нинг судига оид тафсилотлар
Ички ишлар вазирига мурожаат қилганидан сўнг қамоққа олинган собиқ профилактика инспектори Сардорбек Отабоев устидан суд иши ОАВ ва блогерлар томонидан кузатиб борилмоқда. Жамоатчилик вакилларининг судда иштирок этишларига ва жараённи тасвирга олишларига рухсат берган судья ҳукм кучга кирмагунча тасвирларни тарқатишни тақиқлади.
Жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳар судида 13 январь куни бошланган суд ишида айбланувчи айблов хулосаси ва иш ҳужжатлари билан таниш эмаслиги сабабли 10 кунга танаффус эълон қилинганди. 24 январь куни суд иши давом эттирилди.
Судланувчи жараён оммавий ахборот воситалари вакиллари ва блогерлар томонидан тўлиқ видеотасвирга олиб борилишини сўраб, суд раисига илтимоснома киритган. Прокурор эса иш ИИВга алоқадорлиги, унда соҳага оид давлат сирлари кўрилиши мумкинлиги важи билан ушбу илтимосномани рад этишни сўраган. Суд маслаҳатлашувдан сўнг жараённи видеотасвирга олишга рухсат берган, фақат судга таъсир ўтказилишининг олдини олиш мақсадида ҳукм эълон қилинмагунча ушбу видеотасвирларни тарқатишни тақиқлаган.
25 январь куни бўлиб ўтган суд мажлисида гувоҳлар ва жабрланувчилар кўрсатма берган. Суд мажлисида Сардорбек Отабоев уларнинг кўрсатмаларига муносабат билдирган ва ўзига нисбатан қўйилган айбловларнинг барчасини инкор этган.
26 январь кунига белгиланган суд мажлиси 28 январга қолдирилган. Ишни кўриб чиқаётган судья – Жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳар суди раиси Бахтиёр Таваккалов бу ҳолатни жиноят иши бўйича жабрланувчилар ва Сардорбек Отабоевнинг суддаги кўрсатмасида тилга олинган гувоҳларни топишнинг имкони бўлмагани билан изоҳлаган.
Эслатиб ўтамиз, Наманган шаҳар прокуратураси собиқ инспекторга нисбатан Жиноят кодексининг 6та моддаси бўйича айблов эълон қилган. Прокуратура томонидан судга тақдим этилган айблов хулосасида Сардорбек Отабоев Жиноят кодексининг 206-моддаси 1-қисми (Ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш), 230-1-моддаси 1-қисми, 168-моддаси 3-қисми “б,в” бандлари (Ўта хавфли рецидивист томонидан; уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб содир этилган фирибгарлик), 209-моддаси 2-қисми “а” банди (Мансаб сохтакорлиги), 238-моддаси 2-қисми (Ёлғон гувоҳлик бериш), 205-моддаси 1-қисми (Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) ҳамда 208-моддаси (Ҳокимият ҳаракатсизлиги)да кўзда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланмоқда. Жиноят иши ҳужжатлари 5 жилдга жамланган.
Kun.uz жамоатчилик диққат-марказида турган ушбу суд жараёнини ёритиб боради. Суд жараёни бўйича видеоматериал ҳукм кучга кирганидан сўнг эълон қилиниши режалаштирилган.
Мавзуга оид
17:48 / 22.11.2024
Жисмоний шахсларга давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тартиби белгиланди
11:25 / 21.11.2024
2024 йилда 30 мингдан ортиқ ўзбекистонликлар туҳмат ва ҳақорат қилгани учун судланди
22:25 / 12.11.2024
Суд Поп тумани ҳокимининг ўғлини қамоққа қайтарди
10:16 / 12.11.2024