Жаҳон | 17:47 / 28.01.2022
15531
2 дақиқада ўқилади

Назарбоев яна кўриниш берди. У партия раҳбарлигидан ҳам расман кетди

Фото: Орда

Қозоғистоннинг собиқ президенти Нурсултон Назарбоев йил бошидан буён иккинчи марта кўриниш берди. У мамлакат ҳукмрон партияси «Nur Otan» қурултойида иштирок этди.

«Қадрли партиядошлар, ҳурматли ватандошлар, «Nur Otan» партияси мамлакатдаги асосий сиёсий куч ҳисобланади. Партия ривожланиши учун фуқаролар билан ишлаши, халқ ва ҳукумат ўртасида кўприк бўлишда давом этиши керак.

Охирги 1,5 йил давомида партия жиддий сиёсий ўзгаришларни бошидан ўтказди. Бу жараённинг охирги босқичи сифатида партия раҳбарлигини президент Қосим-Жўмарт Тўқаевга топшираман. Бугун мамлакат президенти раҳбарлигида мамлакатда комплекс иқтисодий-сиёсий ислоҳотлар ўтказилмоқда. «Nur Otan» бу ислоҳотлар амалга оширилишига фаол ёрдам бериши керак», деди Назарбоев.

Шу тариқа, Нурсултон Назарбоев навбатдаги сиёсий лавозимидан айрилди. Олдинроқ унинг Хавфсизлик кенгаши ва Халқ ассамблеясидаги раислик лавозимларини ҳам Тўқаев эгаллаганди. Эндиликда Назарбоевнинг фақат бир лавозими қолмоқда. У ҳамон Қозоғистон конституцион кенгаши аъзоси ҳисобланади.

«Nur Otan» ҳукмрон партияси сиёсий кенгашига Назарбоевнинг катта қизи Дариға Назарбоева ҳамда собиқ бош вазир Асқар Мамин ҳам киритилмаган. Назарбоев 1999 йил «Nur Otan» партияси етакчисига айланганди. 2021 йил ноябрида у партия етакчилигини Тўқаевга топширмоқчилигини айтганди.

Мавзуга оид