Жамият | 20:19 / 28.01.2022
12956
3 дақиқада ўқилади

Нега олувчи қўлдан берувчи қўл афзалроқ? — Ислом молиячиси билан суҳбат

Инсон кимгадир ёрдам бериши учун аввал ўзи шунга қодир бўлиши керак; бунинг учун эса меҳнат қилиб, даромад топиши керак. Шу сабабли Аллоҳнинг наздида олувчи қўлдан кўра берувчи қўл афзалроқ экани таъкидланади. Бу ҳақда бизнесда барака омиллари мавзусида Kun.uz билан суҳбатлашган ислом молияси бўйича мутахассис, тадбиркор Козимхон Тўраев айтиб ўтди.

— Биламизки, “Олувчи қўлдан кўра берувчи қўл афзалроқ”, деган ҳадис бор. Нима учун Ислом динида бошқалардан пул сўрашдан кўра, бошқаларга бериш тарғиб қилинган?

— Бу ҳадисдан бир қанча маънолар олиш мумкин, деб ўйлайман. Биринчиси, инсон кимгадир ёрдам бериши учун аввал ўзида нимадир бўлиши керак. Ўзида бўлиши учун эса, чиқиб меҳнат қилиб, пул ёки ўша нарсани топиши керак. Яъни тадбиркорлик қилади ёки ўз касби билан шуғулланади.

Ҳадисда ҳам айнан шу маъно – ўзи тадбиркорлик қилиб ёки бирор бошқа касб қилиб, ишлаб пул топадиган одам, ҳеч қаерда ишламай, тиланчилик қилиб ўтирадиган кишидан яхшироқ, деган маъно назарда тутилмоқда. Бундай инсоннинг мартабаси Аллоҳнинг наздида баландроқ бўлади.

Иккинчи тарафдан, ушбу ҳадис ишламасдан, фақат бошқалардан сўрашга ўрганиб қолган инсонларга Аллоҳга ёқимли бўлиш учун чиқиб меҳнат қилиш, ўз тадбирларини қилиш учун чорловдир. Аввал айтганимиздек, энг яхши ризқ бу – инсон ўз қўли билан топган ризқи. Агар инсон меҳнат қилиб ўзи ва атрофидагиларини таъминлай бошласа, берувчи қўлга айланади.

Тўлиқ суҳбат билан юқоридаги видеода танишиш мумкин. Суҳбат давомида, шунингдек, мусулмон кишининг пулга нисбатан муносабати, бизнесни бошлашда ният, барака омиллари, қарз олиш, эҳсон қилишга доир масалалар ҳамда ризқ ва ҳаракатнинг боғлиқлигига доир мулоҳазалар берилган.

Фаррух Абсаттаров суҳбатлашди.
Тасвирчи ва монтаж устаси Муҳиддин Нидо.

Видеолавҳа ва мақоладаги диний матнлар Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг тегишли экспертиза хулосалари асосида тайёрланган.

Мавзуга оид