Жамият | 20:40 / 28.01.2022
96287
2 дақиқада ўқилади

Тошкент ҳайвонот боғида 3 ёшли қиз айиқ қафасига ташлаб юборилди. Бу ишни унинг онаси қилган

Тошкент ҳайвонот боғида аёл ёш қизчани йиртқич айиқ қафасига ташлаб юборди. Бош прокуратуранинг аниқлик киритишича, 3 ёшли қизни ташлаб юборган аёл унинг онаси бўлган. Қизалоқ баландликдан йиқилиш оқибатида жароҳатланган.

Фото: Тошкент ҳайвонот боғи / Александр Жудро

Тошкент ҳайвонот боғида аёл кичкина қизалоқни айиқ волерига ташлаб юборди. Боғ матбуот хизмати хабарида қайд этилишича, 28 январь куни соат, тахминан, 12:00 ларда ёш аёл номаълум сабабларга кўра халойиқнинг кўз олдида кичкина қизалоқни айиқ қафасига ташлаб юборган.

«Зузу лақабли Кавказ қўнғир айиғи ўз волерида ётиб олиб, қизалоқни металл тўсиқ устидан отиб юборган аёл ҳаракатларини кузатди. Меҳмонларимиз ва ходимларимизнинг уринишларига қарамасдан, аёлни тўхтатиб қолишнинг имкони бўлмади. У болани йиртқичнинг қафасига отиб юборишга эришди. Зузу айиғимиз секингина зовурга тушиб, қизалоқни ҳидлаб кўрди ва ундан узоқлашди», – дейилади хабарда.

Қайд этилишича, айиқ қизалоққа зарар етказмаган. Шунингдек, «Йиртқичлар» бўлими ходимлари тез ҳаракат қилишган ва айиқни ички хонага олиб киришга муваффақ бўлишган.

Бола волердан олиб чиқилган ҳамда ҳайвонот боғининг ҳамшираси томонидан кўрикдан ўтказилган. Қизалоқ йиртқич тишлари ва панжаларидан эмас, фақат қарийб 5 метр баландликдан йиқилиш туфайли жароҳат олган. Дастлабки кўрикда урилишлардан ташқари кўзга кўринарли жиддий шикастлар аниқланмади.

Айни дамда бола шифокорлар назорати остида.

Бош прокуратура матбуот хизматининг аниқлик киритишича, айиқлар вольерига ташлаб юборилган қиз 3 ёшда бўлиб, бу ишни содир этган унинг онасидир.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 25, 97-моддаси 2-қисми “в” банди (Қасддан одам ўлдиришга суиқасд қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Гумонланувчи процессуал тартибда ушланган.

Мавзуга оид