Иқтисодиёт | 19:33 / 28.01.2022
37545
4 дақиқада ўқилади

Хизматлар соҳасига солиқ имтиёзи берилди

Чакана савдо, умумий овқатланиш, меҳмонхона, автотранспортда йўловчи ва юк ташиш, автосервис, компютер хизматлари каби ўнга яқин турдаги соҳалар учун ижтимоий солиқ 1 фоиз деб белгиланди.

Фото: Carte.by

“Хизматлар соҳасини ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” президент қарори қабул қилинди.

Қарорга биноан, қуйидаги соҳаларда фаолият юритувчи тадбиркорлик субъектлари учун 2022 йил 1 апрелдан 2025 йил 1 январгача ижтимоий солиқ ставкаси 1 фоиз этиб белгиланди:

  • чакана савдо ва умумий овқатланиш;
  • меҳмонхона (жойлаштириш) хизматлари;
  • автотранспортда йўловчи ва юк ташиш;
  • транспорт воситаларини таъмирлаш ва уларга техник хизмат кўрсатиш;
  • компьютер хизматлари;
  • маиший техникани таъмирлаш;
  • агро ва ветеринария хизматларини кўрсатиш;
  • кўнгилочар масканларда хизматлар кўрсатиш.

Бу имтиёз тадбиркорлик субъектлари томонидан, агар уларнинг юқоридаги фаолият турларини амалга оширишдан олган даромадлари жорий ҳисобот (солиқ) даври якунлари бўйича жами даромаднинг камида 60 фоизини ташкил этса, қўлланилади.

Рўйхатдаги фаолият турлари билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектлари томонидан ходимлар сонини яшириш ҳолатлари аниқланганда, мазкур солиқ имтиёзининг амал қилиши тўхтатилади ҳамда қонунчиликда белгиланган молиявий санкциялар қўлланилади.

Эслатиб ўтамиз, айни пайтда ижтимоий солиқ ставкаси – 12 фоиз.

Юқоридагилардан ташқари, қарорга биноан, ҳар бир туман ва шаҳарда:

— бюджет маблағлари ҳисобига 2021-2022 йилларда шаҳарсозлик лойиҳалари асосида мукаммал таъмирланган, ташқи ёритиш, суғориш ва дренаж тизимлари модернизация қилинган, пиёда ва велосипед йўлаклари қурилган ҳамда аҳоли гавжум бўлган кўчалар савдо, хизмат кўрсатиш, сайилгоҳ ва кўнгилочар кўчаларга айлантирилади;

— рақамли хизматлар улушини босқичма-босқич ошириш учун зарур инфратузилма билан таъминлаш, сифатли алоқа ва интернет хизматлари қамрови, шунингдек, “Электрон ҳукумат” тизими хизматларидан фойдаланиш кўлами кескин кенгайтирилади;

— Тошкент, Нукус шаҳарлари, вилоятлар марказлари ҳамда бошқа шаҳарларда кўпи билан ҳар 3-5 та маҳалла учун аҳоли гавжум бўлган кўча ободонлаштирилиб, пиёдалар йўлакчаларини кенгайтириш ва уларни ёритиш орқали маҳаллалараро савдо-хизмат кўчаси ташкил этилади.

Аҳолиси 300 мингдан кам бўлган туманларда:

— саноат ва хизматлар соҳаси юқори суръатларда ривожланиб бораётган туманларда – савдо, меҳмонхона, овқатланиш ва логистика хизматлари, шунингдек, техник хизмат кўрсатиш ва кўнгилочар масканлар ташкил этишга устуворлик берилади;

— тоғли, тоғолди, рекреацион туризм салоҳияти юқори туманларда автомобил йўллари, электр энергияси ва ичимлик суви таъминоти ҳамда бошқа инфратузилмани яхшилаш ва тайёр лойиҳалар асосида туризм хизматлари ривожлантирилади;

— чегара ҳудудларда жойлашган ҳамда ҳудудидан халқаро автомагистрал ва темирйўллар ўтган туманлар – савдо, туризм, логистика ҳамда йўл бўйи хизматлари кўрсатишга ихтисослаштирилади;

— қишлоқ хўжалиги улуши юқори бўлган туманларда – замонавий агрохизматлар ривожлантирилади.

Ўрта ва йирик шаҳарлар ҳамда аҳолиси 300 мингдан кўп бўлган туманларда:

— замонавий бозор хизматлари, таълим, тиббиёт, санъат, туризм, меҳмонхона ва умумий овқатланиш ҳамда транспорт хизматлари ривожлантирилади;

— Тошкент, Самарқанд ва Наманган шаҳарларида – юқори даромадли хизматларни, айниқса, йирик савдо ва кўнгилочар хизмат кўрсатиш объектларини кўпайтириш, таълим ва тиббиёт муассасалари жойлашган ҳудудларда ихтисослашган кластерлар ташкил этиш кўзда тутилган.

Мавзуга оид