Фан-техника | 16:09 / 30.01.2022
135860
5 дақиқада ўқилади

Маскнинг одамсимон роботлари ва энг тезкор суперкомпьютер - ҳафта технологик дайжести

Kun.uz якунланаётган ҳафтадаги энг қизиқарли технология ва илм-фанга оид хабарларни жамлади.

Илон Маскнинг одамсимон роботлари

Фото: Тesla

Optimus номли инсон кўринишидаги роботлар ишлаб чиқариш Тesla компаниясининг жорий йилдаги энг муҳим ишланмаси бўлади. Бу ҳақда компания раҳбари ва асосчиси Илон Маск инвесторлар билан ўтказилган видеоконференция давомида айтиб ўтган.

Маскнинг таъкидлашича, келажакда робот ишлаб чиқариш Тeslа учун автомобиль бизнесидан кўра муҳимроқ бўлиши мумкин ва ишчи кучи танқислигини енгишда ёрдам беради.

Робот тақдимоти илк бор ўтган йилнинг август ойида ўтказилганди. Унинг бўйи тахминан 173 см, вазни — 57 кг бўлади ва 8 км/соат тезликда юра олади, 20 кг гача бўлган нарсаларни кўтариш қобилиятига эга.

У сунъий интеллект тизими, шунингдек, Тesla электромобилларида қўлланиладиган датчиклар тўплами билан жиҳозланиши кутилмоқда. Роботнинг юз қисми ўрнига фойдали маълумотларни кўрсатадиган монитор ўрнатилади.

Дунёдаги энг тезкор суперкомпьютер

Фото: IBM

Меta сунъий интеллектга асосланган суперкомпьютер – AI Research SuperCluster (RSC) яратилишини эълон қилди. RSC 2022 йилнинг ўрталарида ишлаб чиқарилиши режа қилинган. Бу ҳақда компания сайтида чоп этилган пресс-релизда маълумот берилган.

«Биз сунъий интеллектга асосланган дунёдаги энг тезкор суперкомпьютерларни 2022 йилнинг ўрталарида тўлиқ ишлаб чиқамиз ва AI Research SuperCluster'ни оммага тақдим этамиз», дейилади хабарда.

Қайд этилишича, RSC суперкомпьютери триллионлаб амалларни бажариш, юзлаб тилларда ишлаш, матн, аудио ва видеоларни осонлик билан таҳлил қилиш, тўлдирилган реаллик воситаларини ишлаб чиқиш ва бошқа кўп нарсаларни қўллаш мумкин бўлган энг яхши сунъий интеллект моделларини яратиш имконини беради.

Ишлаб чиқувчиларнинг фикрича, RSC кейинги йирик ҳисоблаш платформаси – “metaverse” технологияларини яратиш учун имкониятлар очади.

iPhone тўлов терминали вазифасини ҳам бажариши мумкин

Фото: Bloomberg

Аpple яқин ойларда iPhone’дан тўлов терминали сифатида фойдаланиш имкониятини берадиган функция жорий қилиши мумкин, деб хабар бермоқда Bloomberg.

Айни пайтда iPhone ташқи терминалга уланган ҳолдагина тўловларни қабул қилиш учун ишлатилиши мумкин. Bloomberg манбаларига кўра, компания яқин ойларда операцион тизим янгиланиши билан ушбу функцияни iPhone’нинг ўзига олиб киришни режалаштирмоқда.

Ушбу қарор Apple’га  тўлов терминалларининг энг йирик ишлаб чиқарувчиси Square билан рақобат қилиш имконини бериши мумкин.

Lamborghini тўлиқ электромобил ишлаб чиқаришга ўтмоқчи

Фото: Bloomberg

Lamborghini автоконцерни 2023 йилдан бошлаб фақатгина ички ёнув двигателли (фақатгина бензинда юрадиган) автомобиллар ишлаб чиқаришни тўхтатмоқчи, дея хабар бермоқда Bloomberg.

Компания дастлаб гибрид қуввати ўрнатилган серияли автомобилларини тақдим этади. 2025 йилдан бошлаб эса тўлиқ электромобиллар ишлаб чиқаришга ўтиш режа қилинган.

Автоконцерн электромобиллар ва гибридлар ишлаб чиқаришга ўтиш учун 1,5 миллиард евро ажратади.

Робот «жарроҳ»

Фото: Жон Ҳопкинс университети

Жон Ҳопкинс университети тадқиқотчилари жамоаси томонидан ишлаб чиқилган робот (Smart Tissue Autonomous Robot ёки STAR) чўчқанинг юмшоқ тўқималарида лапароскопик жарроҳлик амалиётини мустақил тарзда, инсон омилисиз амалга оширган. Бу автоматлаштирилган жарроҳлик амалиётини ҳаётга татбиқ этиш йўлидаги жуда катта қадам сифатида баҳоланмоқда.

Университет муҳандислик мактабининг машинасозлик бўйича доценти Аксел Кригерга кўра, робот аллақачон тўртта ҳайвонни муваффақиятли операция қилган ва бу ишни одамларга қараганда анча яхши амалга оширган.

 

UzAuto Motors Россияга «Tracker» ва «Onix» сотмоқчи

Фото: Kun.uz

UzAuto Motors Россия бозорига «Chevrolet Tracker» кроссовери ва у билан бир хил маркадаги «Onix» седанини олиб киради.

Компанияга яқин манбаларга кўра, «Tracker» 2022 йилнинг декабри ёки 2023 йилнинг январидан, «Onix» эса 2023 йилнинг ёзидан Россияга экспорт қилина бошлаши мумкин.

Ўзбекистоннинг ўзида «Tracker» кроссовери 2022 йилнинг сентябрида, «Оnix» седани эса 2023 йил мартида сотувга чиқиши мумкин. Бу ҳақда дилерлар учун ўтказилган тақдимотда маълум қилинган.

Ўлчами бўйича Hyundai Creta’га ўхшаш бўлган «Chevrolet Tracker» кроссовери Хитойда 2019 йилдан бери сотилмоқда ва нархи 119 минг юандан (1,4 миллион рубль) бошланади. «Оnix»нинг ҳам глобал миқёсидаги савдоси худди шу йили бошланган. Седан Бразилияда энг кўп сотилган автомобиль бўлиб, унинг нархи 68,3 минг реални (940 минг рубль) ташкил қилади.

Мавзуга оид