Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Amnesty International Исроилни фаластинликларга нисбатан апартеидда айблади
Ҳуқуқ ҳимоячилари Халқаро жиноят судини «Исроилдаги инсониятга қарши жиноятлар ва апартеидни зудлик билан кўриб чиқиш»га чақирмоқда.
Amnesty International халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти фаластинликларга нисбатан зулм қилинаётгани тўғрисидаги ҳисоботни эълон қилди. Унда айтилишича, Исроил сиёсий тизими бир этник гуруҳнинг иккинчиси устидан, ушбу ҳолатда «исроиллик яҳудийлар манфаатлари учун фаластинликларни эзиш ва улар устидан ҳукмронлик қилиш» асосига қурилган.
«Апартеид» термини кўпинча ХХ асрнинг иккинчи ярмида ЖАР ва Намибиядаги қора танли аҳолининг камситилишига нисбатан қўлланади. Ўшанда қитъанинг туб аҳоли вакиллари ҳукмрон оқ танлилардан алоҳида яшашга мажбурланган ва уларнинг ҳуқуқлари сезиларли даражада чекланган. Бу халқаро ҳуқуққа зид бўлиб, инсониятга қарши жиноят деб ҳисобланади.
Исроил ташқи ишлар вазирлиги ҳуқуқ ҳимоячиларининг ҳисоботига жавобан ундаги «барча асоссиз айбловларни қатъиян рад этиши»ни билдирди. Вазирлик вакили Amnesty International ташкилотини «Исроилга қарши бўлган таниқли ташкилотларнинг ёлғон, номуносиб ва асоссиз иддаолари»ни тарқатишда айблади.
«Ушбу ҳисобот Исроилнинг яҳудий халқининг миллий давлати кўринишида мавжуд бўлиш ҳуқуқини инкор қилади. Ҳисоботнинг экстремистик тили ва ундаги тарихий контекстнинг бузиб кўрсатилиши Исроилни ёвуз кўрсатишга қаратилган бўлиб, антисемитизм оловига мой сепади», - дейилади Исроил ТИВ баёнотида.
Ҳуқуқ ҳимоячилари Халқаро жиноят судини «Исроилдаги инсониятга қарши жиноятлар ва апартеидни зудлик билан кўриб чиқиш»га чақирмоқда. Бундай сиёсат юритиш учта халқаро шартнома, жумладан БМТнинг 1973 йилда имзоланган апартеид жиноятларининг олдини олиш ва бундай жиноятлар учун жазолаш тўғрисидаги халқаро конвенциясида тақиқланган.
Конвенцияда апартеид термини «бир ирқий гуруҳдаги одамларнинг бошқа ирқий гуруҳдагилар устидан ҳукмронлик ўрнатиш мақсадида амалга оширилган ғайриинсоний ҳаракатлар» деб ифодаланган.
ЖАРдаги апартеид қандай кўринишда бўлган?
- ЖАРдаги апартеид сиёсати оқ танли мустамлакачилар авлодларининг 1948 йилдан 1991 йилгача ҳукмронлик қилган ЖАР миллий партияси томонидан жорий этилган.
- Партия сиёсати оқ танлиларнинг устунлиги тамойилини институционал шаклда мустаҳкамлаб қўйган.
- Қора танли одамларга сайловларда овоз бериш тақиқланган.
- Апартеид сиёсати натижасида қора танлилар маиший жиҳатдан ҳар томонлама ажратиб қўйилган.
- Қора танлиларга ерга эгалик қилиш тақиқланган.
- Юқори малакали ишлар асосан оқ танлиларга берилган.
- 1994 йилда Нелсон Мандела Африканинг биринчи қора танли президентига айланганидан кейингина апартеид сиёсати бекор қилинган.
Араблар 9,45 миллионлик Исроил аҳолисининг 21 фоиздан сал кўпроғини ташкил этади, уларнинг аксарияти ўзларини фаластинликлар деб билишади. Араб аҳолиси Исроил паспортига ва овоз бериш ҳуқуқига эга, аммо ўзларини фаластинлик деб ҳисобловчилар армияда хизмат қилмайди.
Исроил 1967 йилги уруш давомида босиб олган Иордан дарёсининг Ғарбий соҳили ва Қуддуснинг шарқий қисмида 2,9 млн нафар фаластинлик истиқомат қилади.
Яна 1,9 млн нафар фаластинлик араблар Исроил ҳарбийлари 2005 йилда тарк этган Ғазо секторида яшайди. БМТ ҳалигача Ғазони босиб олинган ҳудуд деб ҳисоблайди. Ғарбий соҳилнинг катта қисмини Фаластин миллий маъмурияти (ФММ), Ғазо секторини эса кўплаб мамлакатлар тўлалигича ёки қисман террорчилик ташкилоти деб тан олган ҲАМАС назорат қилади.
Ғарбий соҳил ва Шарқий Қуддусдаги 140та яҳудий аҳоли масканларида 600 мингдан ортиқ яҳудийлар яшайди. Жаҳон ҳамжамиятининг аксарият қисми бу масканлар ноқонуний барпо этилган деб ҳисоблайди, аммо Исроил ҳукумати бу фикрга қўшилмайди.
Исроил қонунларида барча фуқаролар ирқи ёки динидан қатъи назар тенг ҳуқуқларга эгалиги кафолатланган, аммо Amnesty International ҳисоботига кўра, Исроилда «фаластинликлар паст табақа, яҳудий бўлмаган ирқий гуруҳ деб ҳисобланади ва уларга шунга мос тарзда муносабатда бўлинади».
«Айирмачилик тизимли равишда, қонунлар ва Исроил ҳамда босиб олинган Фаластин ҳудудларидаги фаластинликларга исроиллик яҳудийлар билан тенг ҳуқуқлардан фойдаланишга имкон бермасликка йўналтирилган сиёсат ёрдамида амалга оширилади. Шу тарзда, бу қонунлар ва сиёсат фаластинликларни эзиш ва улар устидан ҳукмронлик қилишга қаратилган», - дейилади ҳисоботда.
Қочқинлар муаммоси
«Бунга Исроилдан ташқарида ва босиб олинган ҳудудларда яшовчи фаластинлик қочқинларнинг ўз уйларига қайтиш ҳуқуқини рад этиш орқали назорат қилувчи ҳуқуқий режим ҳам қўшилади», - дейди ҳуқуқ ҳимоячилари.
Гап 1948-1949 йилларда Исроил давлати пайдо бўлишига олиб келган уруш даврида уйларини тарк этган фаластинлик қочқинлар ва уларнинг авлодлари ҳақида бормоқда. БМТ уларнинг сонини 5,3 млн нафар деб ҳисоблайди. Улар ўзларини уйларига қайтиш ҳуқуқига эга деб ҳисоблашади, бироқ Исроил ҳукумати уларнинг қайтиши мамлакатдаги демографик вазиятни ўзгартириб, Исроил давлатининг йўқолиб кетишига олиб келади деган фикрда.
Ҳисобот муаллифларининг қўшимча қилишича, фаластинликларнинг турли ҳудудларга сочилиб кетиши «босқинчи ва камситувчи режимнинг асоси ҳисобланади».
Шунингдек, ҳуқуқ ҳимоячилари фуқаролик ҳуқуқларининг ва Исроил ичида яшаш жойини танлаш эркинлигининг чекланиши, оилавий ҳаёт кечириш ҳуқуқининг рад этилиши, ҳаракатланиш эркинлигининг жиддий чекланиши ҳамда ер ва ресурсларни тақсимлашдаги дискриминацияга ҳам эътибор қаратган.
Ҳисоботда кўчириш, ноқонуний ҳибсга олиш ва қийноқлар, суд қилмасдан қатл этиш ва соғлиққа жиддий зарар етказиш, асосий эркинликларнинг чекланиши ва таъқиб қилишлар ҳақида сўз юритилган. «Буларнинг барчасини Исроил «ўз тизимини тутиб туриш» учун фаластинликларга нисбатан амалга оширмоқда, бу эса халқаро конвенцияда ифодаланганидек инсониятга қарши апартеид кўринишидаги жиноятга тенг», деб таъкидлайди Amnesty International.
«Миллионлаб инсонларни узоқ вақт давомида ирқий ажратиш асосида қурилган тизимни асло оқлаб бўлмайди. Халқаро ҳамжамият Исроил апартеидининг ҳақиқийлигини тан олиши ва мавжуд бўлган кўплаб, аммо афсуски, шу пайтгача фойдаланилмаган йўллар орқали адолатга эришишга уриниб кўриши керак», - дейди Amnesty International вакили Аньес Калламар.
Исроил ташқи ишлар вазири Яир Лапид унга қуйидагича эътироз билдирди: «Amnesty Сурияни апартеид давлати деб атамаяпти, Сурия ҳукумати ўзининг ярим миллион фуқаросини ўлдирди. Эронни ҳам, Африка ва Лотин Америкасидаги кўплаб коррупциялашган ва қонли режимларни ҳам тилга олмаяпти. Менимча, агар Исроил яҳудий давлати бўлмаганида эди, Amnesty’дагиларнинг бирортаси уни танқид қилмасди. Бу ҳолатда шундай дейишга мажбурман», - деди Лапид.
Мавзуга оид
13:59 / 28.05.2025
Германия расмийлари Исроилнинг Ғазодаги ҳаракатларини танқид қилди
11:33 / 27.05.2025
Уиткофф: Ҳамас Исроил билан сулҳ бўйича келишувни рад этди
20:40 / 26.05.2025
Уиткофф ҲАМАС ўт очишни тўхтатишга тайёр деган даъволарни рад этди
19:43 / 26.05.2025