Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Аёл фожиаси, айиқ марҳамати, қизалоқ ҳаётидаги мўъжиза... Шов-шувли воқеадан қандай хулосалар чиқариш мумкин?
Она меҳри ҳам қаҳр билан ёндош юриши, инсоннинг ақли оғиши қандай оқибатларга олиб келиши мумкинлигини бир воқеа мисолида кўрдик. Айиқ ёнига ташлаб юборилган қизалоқ мўъжиза туфайли омон қолган бўлса-да, унинг қалбида энди оғир чандиқ қолади, она эса бир умр даволаниш ёки тавқи лаънатларга маҳкум бўлиши мумкин.
Kun.uz бу воқеани атрофлича ўрганди (мақола 1, 2, 3, 4). Ҳозирча бу даҳшатли воқеанинг мантиқий ечими нисбатан энг енгил йўналишда кетяпти – аёл руҳий хаста, қилган ишини идрок эта билмаган. Бу инсонийлик, она мақомини сояда қолдираётган изтиробга, жамиятнинг ҳамма қатламида туғилаётган саволларга энг тўғри жавоб бўла олади.
Аммо шу билан бирга қатор тизимли муаммоларни ҳам очиб беради.
Аёл муаммоси
Аёллар билан, айниқса руҳий хаста беморлар билан ишлаш тизими кўнгилдагидек йўлга қўйилмаган. Руҳий хасталик биз яшаётган жамиятда инсонни қувғиндига айлантиради, ҳамма ундан нари туришга интилади, қуда-анда бўлмайди, ҳатто яқинлари ҳам ёрдам бериш ўрнига бу ҳолатни оммадан яширишга уринишади. Натижа кўп куттирмайди – ўз вақтида малакали тиббий ёрдамни олмаслик, “ўтиб кетади” дея қараш, ягона мақсад – дард ошкор бўлмаслигига урғу берилиши касалликнинг ортга қайтмас босқичларга ўтишига сабаб бўлади.
Айни бу ҳолатда барчасини фақат руҳий ҳолат билан боғлаб қўйиш ҳам адолатдан бўлмайди. Чунки яққол сезилиб турибдики, аёлда чексиз исён туйғуси бўлган. Чунки у кимгадир ниманидир исботлаш истагида ёнган ва бунинг учун энг шафқатсиз йўлни танлаш билан бирга имкон қадар кўпроқ шов-шув кўтаришни истаган. Чунки ҳатто энг ақл бовар қилмас иш – ўз боласини ўлдириш даражасига борган одам ҳам буни имкон қадар яшириб қилади. Ошкора қилдими, демак исён истайди, интиқом истайди. Лекин бу сабабларнинг бирортаси болага нисбатан шафқатсизликни оқлай олмайди.
Унинг оилавий аҳволи, турмушига оид маълумотлар бунинг сабабларини очиб берадигандек. Болалар билан ёлғиз қолган аёлда руҳий ўзгаришлар кузатилган. Аммо бу ўзгаришлар болалардан ва жамиятдан ажратиш даражасида деб ҳисобланмаган. Воқеа орамизда қанчалаб ҳар қандай ақл бовар қилмас ҳаракатга лойиқ одамлар борлиги, улар билан кўнгилдагидек иш олиб борилмаётганини кўрсатиб берди.
“Ҳайвонот боғи” масаласи
Деярли 100 йиллик тарихга эга Тошкент ҳайвонот боғи янги жойга кўчиб ўтганига ҳам 24 йил бўлибди. Тошкентни айланиб кетадиган ҳар бир оила албатта бу масканни ҳам кўриб кетади. Ўзи шундоқ ҳам кўнгилочар масканлар етишмайдиган пойтахтда ҳайвонот боғига рақобат йўқ. Шунинг учун бўлса керак, йиллардирки бир маромда ишлаб келади. Давлат дотацияси ажратилаверади, 200 нафардан ортиқ ходим маошини олаверади, очдан ўлмагудек, тўйиб семириб кетмагудек ҳайвонлар жойларида мизғиб ётаверади. Ташриф буюрганлар ўз ҳолича айланишади, ҳудудда ўрнашиб олган уддабуррон тадбиркорларгина зўр бериб ўз маҳсулот ва хизматларини таклиф этишади. Қолган ҳаммаси худди тезроқ кириб, тезроқ айланиб чиқишга мослашгандай.
Айиқ воқеасидан кейин ҳайвонот боғининг сокин ҳаёти тўсатдан бузилди, ҳеч қачон ҳеч кимнинг эътиборига тушмаган ходимлари бирдан диққат марказига чиқишди, ОАВ вакиллари айиқ вольери фонида пайдар-пай лавҳалар олишди. Бу воқеалар ортидан ҳайвонот боғи раҳбарияти аёлнинг икки фарзандига бутун умр бу муассасага бепул кириш ҳуқуқи берилганини эълон қилган бўлса, бир қатор ходимлар жароҳатланган қизалоқ ҳолидан хабар олиб келганлари маълум бўлди.
Албатта, ходимларнинг бу ҳаракатларида инсонийлик бурчи биринчи ўринда турган бўлиши мумкин. Аммо шу билан бирга хижолатлик, айбдорлик ҳисси ҳам бордай. Чунки бола тушиб кетиши ёки ташлаб юборилишига имкон қолдирилган. Аслида бундай имкон ҳатто назарий жиҳатдан ҳам бўлмаслиги шарт эди!
Креатив ёндашув
Бу воқеада аёлнинг, онанинг ўз боласига нисбатан шундай шафқатсизлик қилгани ва табиатнинг энг йиртқич жониворларидан бири айиқнинг шафқатини чиндан ҳам Аллоҳнинг марҳамати деса арзийди. Бу ҳақда кино ишласа, китоблар ёзса арзийди.
Блогер Қаҳрамон Асланов вазиятдан келиб чиқиб ўзига хос ечим таклиф қилади:
“Тошкентдаги ҳайвонот боғида «она»нинг фарзандини айиқ олдига ташлаб юбориши, аммо йиртқич ҳайвон қизчага тегмагани, хуллас яхшиям воқеа фожиали якун топмадики, бутунлай бошқа мавзуга айлантириш мумкин.
Масалан, креатив ёндашилса, Зузуни қаҳрамонга айлантириб, тақдим этиш орқали ушбу ҳайвонот боғини машҳур қилиш мумкин. Айтайлик, бу айиқни кўриш, емак бериш учун келадиганлар кўпаяр, қизиқиш ошар, балки кейинчалик унинг ҳайкалини, катта расмини қўйиб, тагига унинг ҳикоясини ёзиб, алоҳида эътироф орқали пиар қилиш мумкин. Албатта, ахир ҳозирги замонда фақат ҳайвонларни қафасда намойиш қилиш билан одамларни жалб қилиш қийин.
Эсингизда бўлса, Россияда Амур лақабли йўлбарс ўзига ташланган эчкини емасдан, у билан дўстлашиб олганди. Одатда, бундай эчкиларни кўпини еган, оч йўлбарс нега бундай қилган, эчки унга “Шаҳризода эртакларини” ваъда қилганми қоронғи, лекин Амур ва Темур (эчкига шундай ном беришган) воқеаси анча вақт кўпчилик томонидан кузатилган, табиийки, уларни кўргани ташрифлар сони ҳам сезиларли ошиб кетганди.
Билмадим, бизнинг ҳолатда янада муҳимроқ ва эътиборга арзирли бир аёлнинг фожиаси ҳам турибди, бундан фойдаланиш инсонийлик томондан қанчалик тўғри, бир нарса дейиш қийин, лекин буям бир фикрда. Айиқ “маладес”, – дея ёзади у.
Аброр Зоҳидов.
Мавзуга оид
16:59 / 05.04.2025
Паркентда шерлар қурбони бўлган қоровул иши бўйича суд ҳукми ўқилди
16:41 / 24.02.2025
Тошкентда учиб юрган калхат ҳайвонот боғига қайтарилди
13:39 / 14.02.2025
Ню Йорк ҳайвонот боғи пингвин ва жирафалар томонидан чизилган расмларни кимошди савдосига қўяди
17:24 / 06.01.2025