Ўзбекистон | 16:12 / 03.02.2022
10300
21 дақиқада ўқилади

Пўлат Бобожонов ички ишлар органларининг қонун устуворлигини таъминлаш борасидаги саккизта долзарб вазифаларини маълум қилди

Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Пўлат Бобожоновнинг “Янги Ўзбекистон” газетасида эълон қилинган мақоласида мамлакат хавфсизлигини кучайтириш борасида ички ишлар органлари олдига қўйилган бир қатор долзарб вазифалар ҳақида сўз боради.

Фото: ИИВ ахборот хизмати

Жорий йилнинг 26 январь куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Янги Ўзбекистоннинг 2022 – 2026 йилларга мўлжалланган Тараққиёт стратегияси ҳамда уни “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид давлат Дастури муҳокама қилинди.

Муҳокама чоғида давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 3 февралдаги Фармони билан тасдиқланган Ҳаракатлар стратегиясини “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йилида амалга оширишга оид Давлат дастури”нинг ижросига алоҳида эътибор қаратилди.

Фото: ИИВ ахборот хизмати

Ўз навбатида, ички ишлар органлари тизимида ҳам Ҳаракатлар стратегияси доирасида бир қатор ишлар амалга оширилди. Хусусан, 2020 йили Президентимиз таклифи асосида “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида”ги қонунга ўзгартириш киритилди. Натижада 1995 йилга қадар мамлакатимизда яшаган 50 мингга яқин фуқаролиги бўлмаган шахслар Ўзбекистон фуқароси деб тан олинди.

Мазкур ишларнинг мантиқий давоми сифатида, Президентимиз ташаббуси билан, бундан буён юртимизда 15 йил давомида истиқомат қилган, фуқаролиги бўлмаган шахсларни ҳам Ўзбекистон фуқароси деб тан олиш учун имконият яратилди. Яъни “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида”ги қонуннинг 6-моддасига кўра, ўтган йилнинг 14 июнида киритилган ўзгартишларга кўра, 2005 йил 1 январга қадар Ўзбекистон Республикасида доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган ҳамда муқаддам чет давлат фуқаролигида бўлмаган шахс хоҳиш билдирган тақдирда, Ўзбекистон Республикасининг фуқароси деб тан олинади.

Бугунги кунда, мазкур имкониятдан фойдаланган 13 мингга яқин фуқаролиги бўлмаган шахслар ҳужжатлари қабул қилиниб, шундан 4 мингдан зиёди Ўзбекистон фуқароси сифатида тан олинди. Бу борадаги амалий ишлар давом этмоқда.

Шунингдек, ҳудуддан қатъи назар, транспорт воситаларини техник кўрикдан ўтказиш, давлат рақам белгиларини бериш ва миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини расмийлаштириш тартиби йўлга қўйилди. Бу орқали жисмоний шахсларга тегишли бўлган енгил транспорт воситалари фақат тадбиркорлик субъектлари томонидан техник кўрикдан ўтказилиши белгиланди.

Фото: ИИВ ахборот хизмати

Шунингдек, транспорт воситаларининг техник ҳолати устидан назорат тизимига ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 11 мартдаги “Транспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш тартибини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 125-сон қарори қабул қилинди.

Қарорга асосан ҳозирги кунда жисмоний шахсларга тегишли М1 тоифадаги (енгил) транспорт воситалари республика бўйича тадбиркорлик субъектларига тегишли диагностика станцияларида мажбурий техник кўрикдан ўтказилиши йўлга қўйилди. Шунингдек, мазкур қарор  билан автотранспорт воситалари эгалари учун бир қатор қулайликлар яратилди.

Жумладан, жисмоний шахсларга тегишли бўлган транспорт воситалари эгаларининг хоҳишига кўра экстерриториаллик тамойили асосида хоҳлаган ҳудудда техник кўрикдан ўтказилиши белгиланди.

Транспорт воситаларини техник кўрикдан ўтказиш даври 1 январдан 31 декабрга қадар этиб белгиланди (аввал апрель-сентябрь ойларида эди).

Янги транспорт воситаларини ДЙҲХХ органларида рўйхатга олишда техник кўрикдан ўтказиш олиб ташланди. 2021 йил 1 сентябрдан бошлаб эса, барча транспорт воситаларига техник кўрикдан ўтганлиги тўғрисидаги талонларни бериш амалиёти бекор қилинди.

2021 йил 1 августдан бошлаб, тадбиркорлик субъектлари томонидан ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун имтиҳон қабул қилиш тартиби жорий этилиб, мазкур жараённи жамоатчилик томонидан, шу жумладан Интернет тармоғи орқали кузатиш имкони яратилди.

Аҳоли осойишталигини таъминлаш ва маҳаллаларда ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш бўйича “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойилига асосланган тизим жорий қилиш ишлари янада жадаллаштирилди. Бугунги кунда ички ишлар органлари фаолиятини ташкил этишнинг мутлақо янги механизмлари жорий этилмоқда. Жумладан, ҳар бир маҳалла, оила ва шахс кесимида жиноятчилик сабабларини аниқлаш ва уларни бартараф этиш орқали ҳуқуқбузарликлар олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашишга оид муаммолар бевосита жойларнинг ўзида ҳал этиляпти.

Жиноятчилик аҳволидан келиб чиқиб, туман, шаҳар ва маҳаллалар тоифаларга ажратилиб, ҳокимликлар, секторлар ва жамоатчилик билан ҳамкорликда “жиноят ўчоқлари”ни бартараф этиш учун барча зарур куч ва воситалар жалб қилинмоқда. “Республика — вилоят — туман — маҳалла” тизими асосида яхлит бошқарув ва узлуксиз назорат қилиш механизмлари жорий этилди.

Соҳани тўлиқ рақамлаштириш йўналишида ҳам муҳим қадамлар қўйилди. Босқичма-босқич ички ишлар органларининг таянч пунктлари негизида маҳалла ҳуқуқ-тартибот масканлари ташкил этилмоқда. Профилактика инспекторига масофадан туриб мурожаат юбориш ва уни кўриб чиқиш жараёнини кузатиб бориш, аҳоли билан ўзаро тезкор мулоқотни йўлга қўйиш, профилактика инспекторлари ва сектор раҳбарлари фаолиятига баҳо бериш имконини берувчи “Smart маҳалла” ахборот дастури ишга туширилди.

Туман ва шаҳар ички ишлар органлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш мақсадида Тошкент шаҳридаги 24 та ички ишлар бўлими ва айрим тузилмаларининг раҳбарлик лавозимлари мақбуллаштирилиб, бўшаётган штат бирликлари пойтахт ички ишлар органларининг профилактика ва тергов-тезкор тузилмаларини кучайтиришга йўналтирилди. Туман ва шаҳар пробация бўлинмалари тегишинча туман ва шаҳар ички ишлар органларининг бевосита бўйсунувига ўтказилиб, пробация ҳисобига олинган шахсларни кунлик назорат қилишда профилактика инспекторлари билан ҳамкорлик йўлга қўйилди.

Ички ишлар вазирлигида Тезкор-қидирув департаменти, Жамоат хавфсизлиги департаменти, Транспорт ва туризм объектларида хавфсизликни таъминлаш департаменти ҳамда Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш департаменти ташкил этилди.

Шу билан бирга, Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган Тараққиёт стратегияси ҳамда “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид давлат дастури билан адолат ва қонун устуворлигини таъминлаш ҳамда мамлакат хавфсизлигини кучайтириш борасида ички ишлар органлари олдига ҳам бир қатор долзарб вазифалар қўйилди.

Биринчидан, Давлат дастурида жиноятга қўл урган шахсларни соғлом турмуш тарзига қайтариш бўйича янги тизим жорий этиш лозимлиги белгиланди. Бунда инсонпарварлик ва бағрикенглик принципларидан келиб чиққан ҳолда, барча турдаги колонияларда меҳнат қилаётган маҳкумларнинг колониядаги иш стажи умумий меҳнат стажига қўшиб ҳисоблаш тартиби жорий этилади.

Бунинг натижасида маҳкумларнинг пенсия таъминотини яхшилаш орқали улар томонидан молиявий муҳтожлик ортидан такроран жиноят содир этилишининг олди олинади. Маҳкумларда меҳнат қилиш иштиёқи ортади, ишлаш жараёнида келгусида ўзини таъминлашга имкон берадиган касб-ҳунар эгаллашга муваффақ бўлади. Қолаверса, бу халқаро инсон ҳуқуқлари ва пенитенциар ҳуқуқ тизимлари рейтинг ва индексларида республикамизнинг нуфузи ошишига хизмат қилади.

Фото: ИИВ ахборот хизмати

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, жазо муддатини ўтаб озодликка чиққан шахслар жамиятда ўз ўрнини топа олмаётганлиги сабабли яна жиноят йўлига кирмоқда. Бунга барҳам бериш мақсадида озодликка чиқаётган фуқароларни келгусида жамиятда ўз ўрнини топишига амалий кўмаклашиш учун дастлабки ижтимоий-моддий ёрдам пакети тизимини жорий қилиш мақсадга мувофиқ.

Бунда жазони ўтаб бўлган ва ўзининг аниқ лойиҳасини (тадбиркорлик, ишлаб чиқариш, меъморчилик ва ҳ.к.) тақдим этиб, мустақил фаолиятини бошламоқчи бўлган фуқароларга пробация хизматини ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан бир марталик моддий ёрдам бериш амалиёти йўлга қўйилади. Натижада йилига ўртача 1 300 дан ошиқ судланган шахсларнинг дастлабки ижтимоий-моддий ёрдам пакетидан фойдаланиши учун имконият яратилади. Судланган шахсларнинг “дастлабки ижтимоий-моддий ёрдам пакети”дан мақсадли фойдаланганлиги, ижтимоий алоқаларини тўлиқ тиклаганлиги, хулқ-атвори ва меҳнат фаолиятини беш йил давомида мониторинг қилиб бориш бўйича идоралараро назорат тизими жорий этилади.

Иккинчидан, Давлат дастуридаги яна бир муҳим масала,  ҳаракатланиш эркинлигини чеклаш билан боғлиқ чораларни қўллашда қонунийликни сўзсиз таъминлаш ҳамда рақамли технологияларни жорий этиш орқали жамоатчилик назоратини кучайтиришдир. Бу борада, ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланувчи муассасаларни боғлаб турувчи ягона электрон тизим яратилади ва муассасаларда сақланаётган контингент ҳақида аниқ ва тезкор маълумотларга эга бўлиш имконияти яратилади. Ягона электрон реестрнинг ишга туширилиши натижасида ҳаракатланиши чекланган шахслар муассасага жойлаштирилган вақтдан бошлаб ваколатли муассасанинг маъмурияти томонидан мазкур реестрга киритиб бориш тартиби белгиланади ҳамда муассасаларнинг очиқлиги ва шаффофлиги тўлиқ таъминланади.

Учинчидан, Давлат дастури доирасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш тизими сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқилади. Ҳозирги кунда ҳуқуқбузарликлар билан боғлиқ ҳолатлар аниқланган тақдирда, таълим, соғлиқни сақлаш муассасалари томонидан зудлик билан ҳудудий ички ишлар органи навбатчилик қисмига телефон орқали хабар қилиниши шартлиги белгиланган. Бироқ ички ишлар органларига хабар бериш ва уларни рўйхатга олиш борасида инсон омили иштироки сабабли, ҳуқуқбузарлик фактлари ҳамда улар билан боғлиқ бошқа ҳолатлар ҳақида хабарлар зудлик билан ички ишлар органларига берилмасдан яшириш ҳолатлари кузатилмоқда. Шу боис, мазкур муассасалар билан ички ишлар органлари ўртасида ягона автоматлаштирилган ахборот тизимини жорий этиш орқали хабарларнинг зудлик билан ички ишлар органларига келиб тушиши ва уларнинг рўйхатга олинишини таъминлаш, тергов-тезкор гуруҳларининг воқеа жойига тезкорликда етиб бориш имкони яратилади.

Ички ишлар органларида “E-ma’muriy ish” электрон тизими жорий этилган бўлиб, республика бўйича маъмурий ҳуқуқбузарликларни аниқлаш ҳамда қонуний чора кўриш ваколатига эга бўлган вазирлик ва идораларнинг электрон тизимлари билан интеграция қилинган. Мазкур тизимга янги автоматлаштирилган ахборот тизимини интеграция қилиш ёрдамида бир йил давомида такроран содир этилиши оғирлаштирувчи ҳолат сифатида баҳоланадиган маъмурий ҳуқуқбузарликларни содир этган шахслар ҳисобини бир йил мобайнида юритиш ва муддат ўтиши билан автоматик равишда ҳисобдан олиб ташлаш имконияти яратилади.

Тўртинчидан, Давлат дастури доирасида жамоат тартибини сақлаш бўйича патруллик хизмати фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш белгиланган. Бу борада текшириш учун фуқарони ички ишлар бўлимига олиб бориш амалиётидан воз кечилади ва барча маълумотларни жойида текшириш тизими йўлга қўйилади. Натижада ходимлар вақти тежалиб, патруллик йўналишлари назоратсиз қолиши, энг асосийси фуқароларнинг овора бўлиши олди олинади.

Фото: ИИВ ахборот хизмати

Мазкур вазифаларни амалиётга татбиқ этиш ходимларни хизматда фойдаланиш учун 4 000 дан ошиқ электрон планшетлар билан таъминлашни тақозо этади. Ушбу планшетлар ички ишлар органларининг электрон ахборот тизимларига интеграция қилиниб, шубҳа уйғотган фуқарони ички ишлар органига келтиришни истисно этган ҳолда уни тегишли ахборот базалари орқали жойида текшириш йўлга қўйилади.

Ходимларнинг бодикамералар билан хизмат олиб бориши хизматнинг шаффофлигини таъминлайди. Бундан ташқари, фуқаролар томонидан ходимларга нисбатан содир этилиши мумкин бўлган салбий ҳолатлар олди олинишига хизмат қилади. Масалан, Тошкент шаҳар ички ишлар органларининг жамоат тартибини сақлаш тизими ходимларига 2 мингга яқин бодикамера тарқатилиб, хизмат олиб бориши йўлга қўйилиши ўзининг ижобий самарасини берди.

Бугунги кунда патруль-пост хизмати бўлинмалари хизмат ўташи белгиланган 48 та йирик шаҳарда 2 751 та маҳалла мавжуд бўлиб, уларда криминоген вазиятдан келиб чиққан ҳолда 4 298 та патруллик йўналишлари ташкил этилган. Патруль хизматининг босқичма-босқич авто ва мотопатруль шаклига ўтказилиши 5–6 та пиёда патруль наряди йўналишларини 1 та автоэкипаж йўналиши билан қамраб олиш имконини беради. Шунингдек,  патруллик нарядларининг юқори мобиллиги воқеа содир этилган жойга қисқа муддатларда етиб боришини таъминлайди.

Бешинчидан, Давлат дастури доирасида йўл инфратузилмасини такомиллаштириш ва хавфсиз ҳаракатланиш шароитларини яратиш белгиланган. Бугунги кунда йўлларнинг ҳолати тобора сони ўсиб бораётган транспорт воситаларининг тирбандликларсиз ҳаракатланишини таъминлашга имкон бермайди. Бунинг устига йўл ҳаракати иштирокчилари учун ҳаракатни ташкил этиш тўғри ва тизимли йўлга қўйилмаган. Шу сабабли Ўзбекистон Республикасининг “Йўл ҳаракатини ташкил этиш тўғрисида”ги қонунини қабул қилиш мақсадга мувофиқ.

Фото: ИИВ ахборот хизмати

Шунингдек, йўл ҳаракати қатнашчиларига қулайлик яратиш мақсадида, 4 246 километр аҳоли яшаш пунктларида пиёдалар учун тротуарлар, 4 147 километр аҳоли яшаш пунктларида ва уларни боғловчи йўлларида велойўлаклар барпо  этилиши, 4 448 километр аҳоли яшаш пунктлари сунъий ёритилиши, 701 та светофор (325 та светофор транспортлар учун ва 376 та светофор пиёдалар учун) ўрнатилиши, 208 та ерусти ва ерости пиёдалар ўтиш жойларини қуриш лозим. Яна 2 731 та тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойлари сунъий ёритилиши, 81 та йўл ўтказгичлар қуриш, 2 310 та жойда шовқин чизиқларини чизиш, 2 904 та жойда ўрнатилган талаб асосида сунъий нотекисликларни ташкил этиш керак.

Бундан ташқари, ҳаракатни бошқариш тизимини тўлиқ рақамлаштириш мақсадида қуйидаги чора-тадбирлар амалга оширилиши белгиланган. Республикамиздаги 560 та чорраҳада ақлли (смарт) светофорлар ўрнатилади, 600 та чорраҳа ақлли интеллектуал камералар билан ҳамда тезлик ўлчовчи қурилмалар билан жиҳозланади, 2 500 км узунликдаги йўлларда йўл чизиқлари замонавий технологиялар билан чизилади, 500 та пиёдалар ўтиш жойлари ақлли интеллектуал камералар ҳамда сенсор қурилмалари билан жиҳозланади.

Таъкидлаш жоизки, мазкур тизим ягона бошқарув асосида ишлаши, тўлиқ автоматлаштирилганлиги билан бир қаторда, электр таъминоти билан боғлиқ муаммоли вазиятларда тўлиқ автоном режимда бир неча соат ишлай олиш каби бир қатор афзалликларга эга.

Фото: ИИВ ахборот хизмати

Шу билан бирга, республикадаги йўл-транспорт ҳодисаларининг ҳар тўртинчиси белгиланган тезлик меъёрларини бузиб ҳаракатланиш оқибатида келиб чиқаётганлигини инобатга олган ҳолда, йўлларда онлайн тизимда ишловчи тезликни ўлчаш мосламалари ҳамда учувчисиз аппаратлар ёрдамида транспорт оқимини назорат қилиш ва тезкор бошқаришнинг электрон тизими йўлга қўйилиши режалаштирилган.

Бундан ташқари, ҳозирги кунда энг долзарб масалалардан бири бўлиб қолаётган ҳайдовчиликка номзодларни ўқитиш ва улардан имтиҳонлар қабул қилиш тизимини ислоҳ қилишга катта эътибор қаратилади. Бунда, ўқув ташкилотлари фаолиятини тўлиқ тафтишдан ўтказиш, уларга лицензия бериш тизимини комиссия тартибида ташкиллаштириш, ўқув методикасини тўлиқ қайта кўриб чиқиш, ташкилотларнинг моддий техника базасини кучайтириш орқали таълим бериш сифатини яхшилаш, номзодларни ўқитиш учун тўлов ставкаларни қайта кўриб чиқиш ҳамда республика бўйича ягона нарх белгилаш каби масалалар тўлиқ қайта кўриб чиқилади.

Келгусида имтиҳон олиш тизими ҳам бутунлай ўзгаради. Тадбиркорлик субъектларини жалб қилган ҳолда, республиканинг ҳар бир ҳудудида замонавий, тўлиқ автоматлаштирилган ҳамда инсон омили бутунлай чекланган имтиҳон олиш марказлари ташкил этилади ва номзодлардан ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун имтиҳонлар махсус ўлчаш ускуналари (датчик)лар билан жиҳозланган автомобилларда олинади.

Республикадаги мунтазам ЙПХ масканларини рақамлаштириш орқали жамоат хавфсизлигини таъминлаш самарадорлиги оширилади. Бунда, ҳозирда мавжуд 29 та йўл-патруль хизмати масканларига замонавий ахборот коммуникациялари ва технологияларини жорий қилган ҳолда ушбу масканлар инсон омилисиз транспорт воситаларининг тўсиқсиз ҳаракатланишини таъминлаш, “яшил” ва “қизил” йўлак тамойили асосида ягона тизим босқичма-босқич жорий этилади.

Тизимнинг жорий этилиши ходимлар ва фуқаролар ўртасидаги мулоқотни чеклаш, қоғоз кўринишидаги баённомалардан воз кечиш, ходимларнинг иш фаолиятини онлайн назорат қилиш, вақтни тежаш, қоидабузарлик тўғрисида “SMS” хабар юбориш каби қулайликларни яратди.

Бугунги кунда мавжуд тизимларни Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг “Ягона автоматлаштирилган ахборот тизими”га жойлаштириш бўйича ишлар амалга оширилмоқда.

Келгусида жамоат хавфсизлигини таъминлаш тизими жорий қилиниши натижасида республикамизда, йўл ҳаракати хавфсизлиги, йўл-транспорт ҳодисалари, тирбандликлар ва жиноятларнинг олдини олиш, жамоат тартибини сақлаш, қидирувдаги шахсларни аниқлаш, жиноятларнинг “иссиқ изидан” очилиши ва йўл инфратузилмаси ривожланиши таъминланади.

Олтинчидан, Давлат дастури доирасида ички ишлар органларини халқнинг ишончли ҳимоячиси сифатида халқчил профессионал тузилмага айлантириш кўзда тутилган. Бу борада тегишли норматив ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилиб, унда ички ишлар органларини халқнинг ишончли ҳимоячиси сифатида халқчил профессионал тузилмага айлантириш ҳамда аҳоли билан мақсадли ишлашга, инсон қадр-қиммати, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини самарали ҳимоя қилишга йўналтирилган тизим сифатида шакллантириш назарда тутилади. 

 

Фото: ИИВ ахборот хизмати

Ушбу ҳужжатга кўра, ички ишлар органлари ходимларининг “Касбий маданият кодекси” ишлаб чиқилиб, уни амалиётга самарали татбиқ этиш механизмлари белгилаб берилади. Ички ишлар органларини халқпарвар ходимлар билан тўлдириш, фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш натижадорлиги ҳамда ижтимоий фикр асосида баҳолаш тизими жорий этилади.

“Инсон қадри учун” тамойилига асосан хизмат олиб борувчи янги Ўзбекистон Ички ишлар органлари тизимини яратиш мақсадида, соҳани билимли, замонавий фикрлайдиган, юксак инсоний ва профессионал салоҳиятга эга ёш кадрлар билан тўлдиришга алоҳида урғу берилган. Ички ишлар органларида Жамоатчилик кенгашларини тузиш орқали тизим фаолияти устидан самарали жамоатчилик назоратини ўрнатиш назарда тутилмоқда.

Ички ишлар органлари фаолиятини аҳоли билан мақсадли ишлашга йўналтириш, унинг хизмат фаолиятига хос бўлмаган функция ва тузилмаларини мақбуллаштириш мақсадида, амалга оширилаётган фаолият тўлиқ хатловдан ўтказилади. Барча куч ва воситалар маҳалла фуқаролар йиғинларида самарали фаолият ташкил этишга йўналтирилиб, тегишли масъул раҳбарлар фаолиятига маҳалла миқёсида амалга оширилган ишларнинг натижадорлиги асосида баҳо берилади.

Еттинчидан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг янги қиёфаси шакллантирилиб, улар фаолияти халқ манфаатлари, қадр-қиммати, ҳуқуқ ва эркинликларини самарали ҳимоя қилишга йўналтирилади.

2022 йилнинг 1 апрелига қадар республиканинг барча минтақаларида “Smart mahalla” электрон дастурини жорий қилиш режалаштирилган.

“Smart mahalla” электрон дастурининг афзалликлари шундаки, аҳоли мавжуд муаммолари бўйича уйидан туриб, тун-у кун тўғридан тўғри яшаш жойи бўйича сектор раҳбарларига мурожаат этиши, муаммоларини бартараф этган сектор раҳбарининг фаолиятига холисона баҳо бериш имкониятини яратади. 

Шунингдек, аҳоли тўғридан тўғри сектор раҳбари ва ҳудудий профилактика инспекторига мурожаат қилиб, натижаси бўйича ахборот олиш, юқори турувчи органларга шикоят қилиши мумкин бўлади. Айни кунларда Самарқанд вилоятида “Smart mahalla” электрон дастури тест режимида синовдан ўтказилмоқда. Бугунги кунда вилоятда яшовчи 688 мингдан ортиқ фуқаро шу дастурга уланган.

Ўтган йилдан бошлаб республиканинг барча ҳудудларида жиноят ва ҳодисалар ҳақидаги ариза ва хабарларни қайд этувчи “102” тизими йўлга қўйилди. Мазкур тизим орқали жиноятлар ҳақидаги барча ариза ва хабарлар инсон аралашувисиз автоматлаштирилган тарзда қайд этилади. Эндиликда, ушбу тизим орқали аввал турли майда нохуш ҳолатлар (телефон, велосипед бошқа қиммат бўлмаган буюмлар йўқолиши, кўчадаги жанжал каби) бўйича хабар бермаганлар ҳам ички ишлар органларига мурожаат қилмоқда.

Саккизинчидан, фуқароларнинг ахборот олиш ва тарқатиш эркинлиги борасидаги ҳуқуқларини янада мустаҳкамлашга эришилади. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ва Жиноят Кодексининг шахсий ҳаёт дахлсизлигини бузиш билан боғлиқ моддалари такомиллаштирилади.

Хусусан, шахснинг шахсий ёки оилавий сирини ташкил қилувчи маълумотларни унинг розилигисиз тарқатганлик учун назарда тутилган маъмурий жавобгарлик, бундай маълумотларни интернет тармоғи орқали тарқатганлиги учун жиноий жавобгарлик, маълумотларни ноошкора равишда йиғиш учун мўлжалланган махсус техник воситалар ёрдамида қонунга хилоф равишда йиғганлик учун жиноий жавобгарлик чоралари кучайтирилади.

Тараққиёт стратегияси ва Давлат дастурида Ички ишлар органлари олдига қўйилган долзарб ва масъулиятли вазифаларнинг бажарилиши Вазирлик раҳбарияти томонидан алоҳида назоратга олиниб, сифатли ижроси таъминланади. Бунинг учун Ички ишлар вазирлиги ва унинг қуйи тизимларининг имконияти ҳам, салоҳияти ҳам етарлидир.

Пўлат БОБОЖОНОВ,
Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири, генерал-лейтенант

Мавзуга оид