Жаҳон | 12:01 / 04.02.2022
70535
10 дақиқада ўқилади

«Россия ишончни йўқотди» – АҚШ ва НАТОнинг Россияга йўллаган жавоби экани айтилган ҳужжат ОАВда тарқалди

Испаниянинг El Pais газетаси гўёки АҚШ ва НАТОнинг Россия талабларига расмий жавоби бўлган ҳужжатлар суратини эълон қилди. Уларда Вашингтон Россияни халқаро хавфсизлик архитектурасининг фундаментал принципларини бузишда айблаган. Шу билан бирга, Украинада ракета тузилмаларини жойлаштирмасликни муҳокама қилишга тайёрлигини билдирган.

Фото: Getty Images

«РИА Новости»нинг дипломатик доирадаги манбаси ҳужжатлар ҳақиқий эканини тасдиқлаган. Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков Кремлда El Pais эълон қилган ҳужжатларни кўргани, аммо бунга муносабат билдирилмаслигини айтди. «Уларни ким тарқатиб юборгании билмаймиз, буни тахмин қилиш бизнинг ишимиз ҳам эмас», деди Песков.

НАТОда бу маълумотлар тарқалганини изоҳлашмади, Пентагон расмий вакили Жон Кирби маълумотлар сизиб чиқишига АҚШнинг алоқаси йўқлигини айтди. Кирби тарқалган ҳужжатлар ҳақиқий эканини рад этмади, тасдиқламади ҳам.

El Pais эълон қилган мақолада PDF форматидаги файлга ҳавола берилган. Унга босса, тўққизта саҳифа очилади. Уларнинг баъзилари ҳаворанг тусда.

«Россия ишончни йўқотди». НАТОнинг жавоби

Тарқалган маълумотлар ичида НАТОнинг тўрт саҳифадан иборат жавоби ҳам бор. Унда НАТО мудофаа учун ташкил этилган альянс экани, Россияга хавф туғдирмаслиги, орада юзага келган муаммони эса куч ишлатиб эмас, дипломатик мулоқот йўли билан ҳал қилиш кераклиги айтилган.

Жавобда НАТО Украина чегараси ва Беларусда ҳеч қандай асоссиз қўшин тўплаган Россияни кескинликни йўқотишга чақирган. Альянс жавобида ёзилишича, Россия ташкил этилишида ўзи ҳам иштирок этган ва НАТО – Россия муносабатлари мустаҳкам бўлишига асос бўлувчи хавфсизлик принциплари ва мажбуриятларини бузган.

Альянс Россия билан мулоқотга доим тайёрлиги, НАТО ваколатхонаси Москвада, Россия ваколатхонаси Брюсселда бўлишига қарши эмаслигини маълум қилган. Шунингдек, жавобда НАТО раҳбарияти очиқ эшиклар сиёсатидан воз кечмоқчи эмаслиги маълум қилинган.

НАТО Россияни Украина, Грузия ва Молдовадан ҳарбийларини олиб кетишга чақирган. Шунингдек, Россиядан НАТОнинг блок бўйича иттифоқчиларига қарши ядровий хавфли ҳаракатлар қилишдан тийилиши сўралган. Испан нашри тарқатган жавобда олдинги дипломатик музокараларда назарда тутилмаган яна бир жиҳат кўзга ташланади: Москвадан Россия ядро дастури бўйича НАТО билан маслаҳатлашиш сўралган.

Жавобда НАТО 30 йил давомида Россия билан ҳамкорлик ўрнатишга урингани, бошқа бирор ҳамкорга бу даражада муносабатлар таклиф қилинмагани таъкидланган. «Аммо Россия муносабатларимиз асоси бўлмиш ишончни йўқотди. Россия фундаментал глобал хавфсизлик принципларига ва евроатлантика хавфсизлик архитектурасига таҳдид уйғотди», дейилган НАТОга тегишли экани айтилган жавобда.

«Мудофаа позициясини кучайтириш». АҚШнинг жавоби

АҚШнинг жавоби ҳам тўрт саҳифадан иборат ва унда ҳам Америка Россия билан турли майдонларда мулоқотга тайёрлиги билдирилган. Вашингтон НАТОнинг «очиқ эшиклар» принципини олқишлаган.

Америка жавобида айтилишича, Россия Украина билан чегарада 100 минг аскар тўплаган, Қримни босиб олган, Донбассдаги айирмачиларни қўллаган. Шунингдек, Россия АҚШдан талаб қилган сўровида олдин ўзи таклиф қилган принципларга зид сўровлар борлиги таъкидланган.

Икки ҳужжатда ҳам барча мулоқотлар БМТ устави, Хельсинки келишуви, НАТО – Россия акти ва Париж Низомига мувофиқ амалга оширилиши кераклиги айтилган. АҚШ ўз жавобида Россия билан ракета тизимларидан биргаликда воз кечиш, Украина ҳудудида ҳужумкор қуроллар жойлаштирмаслик бўйича келишувга тайёрлигини билдирган.

Вашингтоннинг маълум қилишича, Россия Украина суверенитетини ҳурмат қилиш мажбуриятини юкловчи ва қўшни мамлакатларга қарши қурол ишлатишни чекловчи Будапешт меморандуми принципларини бузган. Шунингдек, Россия халқаро сув ҳудудида йирик ҳарбий машғулот ўтказиш орқали 2011 йилги Вена келишувини бузган.

АҚШнинг жавобида келтирилишича, мамлакат Шарқий Европага йирик ҳарбий қисмларни юборишдан чекланади. Шунингдек, АҚШнинг Европадаги ҳозирги ҳарбийлари сони совуқ уруш давридаги ҳарбийлар сонининг тўртдан бирини ташкил қилиши айтилган.

«Россиянинг ўз позицияларини кучайтириши ва Украинага қарши агрессияга зўр бериши АҚШ ва иттифоқчиларини мудофаасини кучайтиришга мажбур қилади», дейилган АҚШ жавобида.

АҚШ Россиянинг минтақалараро ядро ракеталари ишлаб чиқиш дастурини ривожлантиришидан хавотирдалигини билдирган. Бу ҳолат Россия ва АҚШ ўртасидаги ядро қуролини биргаликда камайтириш борасидаги келишувга зид экани айтилган.

Вашингтон Россияга Польша ва Руминияда «Томагавк» ракеталари йўқлигига ишонч ҳосил қилиш имконини бермоқчи. Агар Россия ҳам ўзига тегишли иккита ракета базасида худди шундай очиқликка тайёр бўлса.

«Нима, энди НАТО билан уришайликми?»

Фото: EPA

Россия президенти Владимир Путин Ғарбнинг Россия талабларига тақдим этган жавобидан норози бўлганини яширмади. Бу ҳақда Путин Венгрия бош вазири Виктор Орбан билан учрашувдан кейинги брифингда гапирди. Россия президенти Ғарб Россиянинг асосий талабини эътиборсиз қолдирганини айтди.

«26 январ куни АҚШ ва НАТОнинг жавобини олдик. Уни обдан таҳлил қиламиз, аммо ҳозирдан маълумки, Россиянинг асосий талаб ва хавотирлари рад этилган.

Биз НАТОни кенгайтирмаслик, Россия чегарасида зарбдор қуролларни жойлаштирмаслик ва альянснинг Европадаги инфратузилмасини 1997 йилдаги Россия билан келишув имзоланган ҳолатга қайтаришни сўрагандик. Бу асосий талабларимизнинг бирортаси инобатга олинмади.

Бизга НАТОни шарққа қараб бир дюйм ҳам силжитмаслик бўйича ваъда берилганди. Аммо бугун НАТО қаерда эканини кўряпмиз: Польшада, Руминия ва Болтиқбўйи давлатларида. Халқ тилида айтганда, бизни чув туширишди», деди Путин.

НАТО ҳеч ким бошқа давлатнинг альянсга киришини тақиқлашга ҳаққи йўқлигини таъкидлаб, «очиқ эшиклар» сиёсатида собит қолишини айтганди. Путиннинг фикрича, бу тартиб ҳеч қандай ҳужжат билан мустаҳкамланмаган.

«Очиқ эшиклар» сиёсати дейиляпти. Хўп, бу ҳақда қаерда ёзилган? Ҳеч қаерда», деди Путин.

1949 йилги НАТО ташкил этилиши бўйича келишувнинг 10-бандида альянснинг барча аъзолари рози бўлган тақдирда, унга Европанинг бошқа давлатларини қабул қилиш мумкинлиги ёзилган.

«Ўша ҳужжатда «мумкин» деб ёзилган, «мажбур» деб эмас. Ваҳоланки, АҚШ ва НАТО Украинага «Сизнинг интилишингизни қадрлаймиз, хавфсизлигингизни ҳимоя қилишни истаймиз, аммо сизни [альянсга] қабул қила олмаймиз, чунки олдинроқ бунга имкон бермайдиган келишув имзолаганмиз» дейишлари мумкин эди. Шундай дейишса, Украина учун нимаси аламли бўларди?» дейди Путин.

Россия президентининг фикрича, Украинанинг НАТОга кириши Қрим сабаб альянс ва Россия ўртасида ҳарбий тўқнашувга олиб келиши мумкин.

«Тасаввур қилинг, замонавий қуроллар, зарбдор тизимлар билан қуролланган Украина НАТО аъзосига айланди ва Қримга юриш бошлади. Донбасс ҳақида-ку гапирмаса ҳам бўлади. Яна такрорлайман, НАТО аъзоси сифатида Украина бу ҳарбий операцияни бошласа, нима бўлади? Нима, биз НАТО билан уришамизми? Кимдир бу ҳақда ўйладими? Менимча, йўқ.

Ахир Украина доктрина ҳужжатларида Қримни қуролли ҳаракат билан бўлса ҳам қайтариб олиш қайд этилган. Ҳа, шунчаки гапирилмаган, бу ҳақда ҳужжатда ёзилган.

Хавфсизликни бошқа бир давлатга хатар туғдирган ҳолда таъминлаш тўғри эмас. Америка Украина хавфсизлиги учун жон куйдираётганига сабаблардан бири шу орқали бизни кучсизлантиришга интилиш. Украина эса бу учун шунчаки воситага айланиб қолди», деди Путин.

Самарасиз қолаётган дипломатия

2021 йил октябр ойидан буён Ғарб нашрлари Россия Украина билан чегарада 100 минг аскар тўплагани ҳақида ёзади. Кейинчалик АҚШ ва Британия вакиллари бу ҳақда расмий минбарлардан гапира бошлашди. Ғарб Россияни Украинага яна бир бор бостириб киришга уринишда айблаб келмоқда. Россия эса бу айбловларни рад этиш билан бирга қўшинларини ўз ҳудудида хоҳлаганича ҳаракатлантириш ҳуқуқига эга эканини айтади.

Россия Украина атрофида қўшин тўплаётганини рад этиш баробарида АҚШдан Украина ҳеч қачон НАТОга аъзо бўлмаслиги бўйича кафолат талаб қила бошлади. Бу борада Россиянинг АҚШга юборган, даражасига кўра одатда махфий бўладиган ҳужжати Россия ТИВ томонидан эълон қилиб юборилди. АҚШ эса ҳеч кимга НАТО йўлини ёпа олмаслигини маълум қилди. НАТО ҳам кимдир бошқа давлат учун альянсга киришни тақиқлай олмаслигини маълум қилди.

Вазият кескинлашиб кетаётган бир вақтда Путин ҳамда Байденнинг мулоқотидан кейин томонлар музокара столига ўтирадиган бўлди. Женевада АҚШ – Россия, Брюсселда НАТО – Россия форматида, Венада эса ЕХҲТ доирасида музокаралар ўтказилди. Уч сафар ҳам Ғарб ва АҚШ Россияга кескин «йўқ» деб жавоб берди.

Музокаралар самара бермагач, АҚШ ва Россия бош дипломатлари ўртасида учрашув ўтди. Энтони Блинкен ҳамда Сергей Лавров ўртасидаги музокарада янги таклифлар берилгандай бўлди, аммо барибир келишувга эришилмади. Бу учрашувда қайд этилган ягона янги жиҳат - АҚШ Россиянинг талабларига хат билан жавоб бериши бўлди.

26 январ куни АҚШ Россиянинг талабларига хат кўринишида жавоб берди ва яна бир марта Украина НАТОга қабул қилинмаслиги бўйича кафолат тақдим этилмаслигини билдирди.

Мавзуга оид