Жаҳон | 18:36 / 04.02.2022
34063
9 дақиқада ўқилади

Украина инқирози: Киев «Байрактар» ишлаб чиқаради, НАТО Беларусдаги 30 минг рус ҳарбийсидан ташвишда

«Байрактар» ҳавода бир кунгача қолиши мумкин / URKINFORM/TASS

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Киевга келди ва Украина етакчиси Владимир Зеленский билан ушбу мамлакат ҳудудида туркларнинг «Байрактар» русумли зарбдор дронларини ишлаб чиқариш бўйича келишувни имзолади. Бу вақтда НАТО бош котиби Россия Беларусга 30 минг ҳарбий хизматчи ташлаганини айтди, Россия АҚШнинг Европага қўшимча ҳарбий жўнатиш қарорини кескинликнинг кучайтирилиши деб атади. BBC Украина атрофидаги сўнгги хабарларни жамлади.

Зеленскийнинг сўзларига кўра, «Байрактар»лар ишлаб чиқариш бўйича келишув янги иш ўринларини яратади ва «Украинанинг мудофаа қобилиятини мустаҳкамлайди». «Бугун Украинада Baykar Makina компаниясининг учувчисиз учиш қурилмаларини ишлаб чиқаришни сезиларли даражада кенгайтирувчи келишув имзоланди», дея Зеленскийнинг брифингдаги чиқишидан иқтибос келтиради «Украинская правда» нашри.

Украина мудофаа вазири Алексей Резников музокаралардан аввалроқ Украинада «Байрактар»лар ишлаб чиқарувчи завод энди қурилишини маълум қилганди. У Киевда ишлаб чиқариладиган дронлар украинларнинг двигателлари билан жиҳозланиши - учар қурилмалар ҳам украин армиясига, ҳам турк армиясига етказиб берилишини қўшимча қилган.

Зарбдор дронлар
Мутахассислар фикрича, туркларнинг «Байрактар» русумли зарбдор дронлари 2020 йил кузида Тоғли Қорабоғдаги урушда Озарбойжоннинг ғалаба қозонишида муҳим рол ўйнаган ва Украина армиясининг мамлакат шарқидаги Россия томонидан қўлланувчи айирмачилар билан қарама-қаршилигида ҳам кучлар нисбатини ўзгартириши мумкин.

Украина 2021 йил 26 октябрида илк марта Донбассда «Байрактар»дан фойдаланди, ундан учирилган ракета душманнинг гаубицасини яксон этган. Расмий маълумотга кўра, ўша вақтда Украина армиясида шундай дронлардан 12та бўлган ва ҳарбийлар яқин вақт ичида шундай қурилмалардан 20дан ортиғи сотиб олиниши кутилаётганини айтишганди. Декабрь ойида Bloomberg агентлиги ўз манбасига асосланган ҳолда аслида Украина ўнлаб «Байрактар»ларга эгалиги, лекин харидлар ҳақида расман эълон қилмаганини ёзди.

Эрдўған Киевда Туркия Украина ва Россия ўртасидаги зиддиятни ҳал этишда воситачилик қилишга ҳамда ўз ҳудудида ушбу икки мамлакат президентлари учрашувини ташкиллаштиришга тайёрлигини такрорлади. Шу билан бирга, Эрдўған Туркия ҳамон Украинанинг ҳудудий яхлитлиги тикланиши тарафдори эканини қайд этди. Бу мамлакат Қримни Россия ҳудуди сифатида тан олмайди ва Россия томонидан қрим-татарларга қарши қатағонни қоралайди.

Владимир Зеленский Эрдўғанга воситачилик таклифи учун миннатдорчилик билдирган. «Украинада тинчлик ўрнатилиши учун биз барча платформаларда ва барча форматларда қўлимиздан келганини қилишга тайёрмиз. Урушга айнан қаерда нуқта қўйиш муҳим эмас. Муҳими - барча шунга тайёр бўлишидир», деган Украина президенти.

Москва ҳозирча Эрдўғаннинг Туркияда саммит ўтказиш борасидаги таклифига розилик билдиргани йўқ.

Дронлар ишлаб чиқариш бўйича келишувдан ташқари, Эрдўғаннинг Киевга ташрифи чоғида Украина ва Туркия ўртасида эркин савдо бўйича битим ҳам имзоланган.

Украина мудофаа вазири Алексей Резников пайшанба куни икки президент ва делегациялар ўртасидаги музокаралар бошланишидан олдинги брифингда Украина Туркиядан яна бир нарса - Украинага ҳарбийлар учун персонал ҳимоя воситалари тўпламлари - бронежилетлар ва шлемлар навбатсиз сотилишини сўраши ҳақида айтганди. «Маълум бўлишича, улардан ушбу тизим хариди бўйича навбатлар катта экан, биз Украинага ҳимоя воситаларини навбатсиз етказиб бериш бўйича музокара ўтказамиз. Ҳозирги вазиятни инобатга олган ҳолда бунга розилик билдирилишини сўраймиз», деган Резников.

Бу вақтда Киевга АҚШдан фавқулодда ҳарбий ёрдам олиб келган еттинчи транспорт самолёти қўнди. Бу ҳақда ҳам вазир Резников твиттерида маълум қилган.

Унинг сўзларига кўра, бу сафарги партияда гранатамётлар учун 85 тонна ўқ-дори олиб келинган. «Ажойиб янгилик ва энг муҳими бу охиргиси эмас! Кейингилари келишда давом этади», дея ёзган мудофаа вазири.

Украина матбуот ҳисобларига кўра, сўнгги кунларда Қўшма Штатлар самолётлар орқали Украина армияси учун қарийб 600 тонна ҳарбий ёрдам - гранатомётлар, танкка қарши Javelin зенит-ракета мажмуаси, бу қуроллар учун ўқ-дори, шунингдек ўқотар қуроллар учун патронлар етказиб берган.

Беларусда 30 минг рус ҳарбийси
НАТО бош котиби Йенс Столтенберг пайшанба куни Россия сўнгги кунларда Беларусга постсовет тарихдаги энг катта ҳарбий қисмлар ташлаган. 

«Бу совуқ уруш давридан буён Беларусга энг кўп рус ҳарбийлари жойлаштирилишидир, 30 минг ҳарбий хизматчи олиб келинган», дея Столтенбергнинг сўзларини келтиради агентликлар. НАТО бош котиби маълумотига кўра, бу гуруҳ таркибига махсус топшириқли отрядлар, Су-35 самолётлари, С-400 зенит-ракета мажмуалари ва «Искандер» ракета мажмуалари киради.

Беларусь ҳудудида Россия билан «Иттифоқчилар қатъияти» номи остида қўшма машғулот ўтказишга тайёргарлик кўрилмоқда. Беларусь етакчиси Александр Лукашенко пайшанба куни Россиядан замонавий қуроллар сотиб олиниши, руслар машғулотларга бу қуролларни олиб келгани ҳақида айтди.

Пайшанба куни Лукашенко фаол босқичи 10 февраль куни бошланадиган машғулотлар Украинанинг НАТОга киришга интилиши фонида муҳим экани ҳақида гапирди. «Биз учун ҳарбийларимиз бу техникаларни фақат расмларда кўрмасдан, ҳис қилиб кўришлари ҳам муҳим. Улар россиялик биродарлари билан ушбу техникалардан қандай фойдаланишни ўрганишади. НАТО ва унга аъзо бўлишга интилаётган Украинанинг бугунги кундаги ҳаракатлари туфайли бу машғулотлар бизнинг Иттифоқ давлатимиз учун жуда муҳим», дея Лукашенконинг сўзларини келтиради «Интерфакс».

Оқ уй матбуот котиби Жен Псаки пайшанба куни журналистларга, АҚШ нуқтайи назарига кўра қўшма машғулотлар «вазиятни юмшатувчи эмас, аксинча вазиятни кескинлаштирувчи» ҳисобланишини айтди. Псаки АҚШ Украинани қўллаб-қувватлаш ва НАТО бўйича иттифоқчилар билан биргаликдаги ҳаракатлар режаларида Россия қўшинлари Беларусга ташланганини инобатга олади.

Чоршанба куни Пентагон Шарқий Европадаги Украина билан чегарадош давлатлар - Польша ва Руминияга қўшимча 3 минг ҳарбий жўнатишини маълум қилганди. Пентагон расмийси Жона Кирбининг сўзларига кўра, қўшимча кучлар юборилиши АҚШ ўз иттифоқчиларини қўллаб-қувватлашга тайёр эканининг намойиши бўлади.

Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков эса пайшанба куни  Американинг CNN телеканалига «АҚШнинг бу қадами де-факто Европадаги кескинликни кучайтиришга хизмат қилиши» ҳақида айтди.

Кабардин-Болқориядаги зирҳли техникалар колоннаси
Россиянинг жанубий регионлари бўйлаб ҳам зирҳли техникалар ҳаракати кузатилмоқда. Conflict Intelligence Team тадқиқот гуруҳи очиқ манбаларга асосланган ҳолда россияликларнинг БТР-80 русумли зирҳли техникалари, «Тигр» ва «Урал-ВВ» русумли зирҳли автомобиллари Кабардин-Болқориядаги Прохладний шаҳри атрофида ҳаракатланаётгани бўйича маълумот берган. Колоннани 2 февраль куни пайқашган.

Техникалар шимоли-ғарбий йўналиш бўйлаб ҳаракатланган. Уларнинг бортида Ахмат Қодиров номидаги «Север» полки рамзлари туширилган. Пайшанба куни тадқиқотчилар Россия миллий гвардияси қўшинлари «Украина билан чегара ҳудудига жойлаштирилгани»ни хабар қилишди.

Германия элчиси «Шимолий оқим» учун уятда
Германиянинг Киевдаги элчиси Анка Фелдҳузен пайшанба куни Россия газини Украина ҳудудини айланиб ўтган ҳолда Ғарбий Европага етказиш учун қурилган, Россия ва Германия иштирокидаги «Шимолий оқим - 2» лойиҳаси учун ҳамиша уялишини айтди.

«Мен доим бу ерда жуда катта сиёсий компонент бор деб ҳисоблаганман. Лекин шуни тан олиш керакки, у ерда давлатнинг ҳеч қандай маблағи, давлат кафолатлари ҳам йўқ. Шунингдек бошқа барча давлатлар рухсат беришган. Мен ҳамиша бу лойиҳа учун жуда уяламан. Аммо, улар ўшанда нимани ўйлашганини мен сизларга айта олмайман», деган элчи Украинанинг «Радио НВ» радиоси учун берган интервьюсида.

Германиянинг янги ташқи ишлар вазири, Яшиллар партияси ҳамраиси Анналена Бербок - «Шимолий оқим»нинг ашаддий танқидчиси ҳисобланади.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид