Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Маълумотлар ўта махфий ҳисобланади” — 50 минг сўмлик банкнотдаги хато қанчага тушгани очиқланмади
2021 йилнинг 16 декабрь куни Марказий банк янги кўринишдаги номинал қиймати 50 минг сўм ва 100 минг сўм бўлган банкноталар дизайнини эълон қилди. Расмий хабарда 22 декабрдан муомалага чиқариладиган 50 минг сўмлик пул бирлигининг олд томонида Сурхондарё вилоятида жойлашган XI-XII асрларга тегишли Абу Исо Термизий мақбараси меъморий ёдгорлиги тасвирлангани таъкидланган эди.
Кўп ўтмай, Azon.uz сайтида янги 50 минг сўмлик банкнот дизайнида чалкашликка йўл қўйилгани тўғрисида хабар тарқалди. 17 декабрь куни эса Марказий банк хатоликка йўл қўйилганини тасдиқлади ва банкнотлар муомалага чиқарилишидан олдин техник хатолик бартараф этилишини билдирди.
Натижада 22 декабрдан муомалага чиқиши керак бўлган банкнотлар 5 кун кечикиб, 27 декабрдан муомалага чиқарилди.
Дизайн хатолиги аниқлагунга қадар қанча миқдордаги банкнот чоп қилиб бўлингани, уларни чоп этиш харажатлари қанчага тушгани кўпчиликни қизиқтиргани шубҳасиз. Шу боис Kun.uz масъул идорага бу борадаги маълумотларни очиқлашни сўраб, сўров юборди.
Таҳририят сўровида, шунингдек, банкнот дизайнидан фойдаланилган мақбара сурати нима учун соҳа мутахассислари экспертизасидан ўтказилмагани, хатога йўл қўйилгани аниқланганидан сўнг бу бўйича хизмат текшируви ўтказилган бўлса, текширув натижаси бўйича қандай қарор қабул қилингани ҳам сўралганди.
Марказий банк раиси ўринбосари Беҳзод Ҳамраев имзоси билан тақдим этилган жавоб хатида таҳририят саволлари жавобсиз қолдирилган.
“Таъкидлаш жоизки, янги дизайндаги 50 минг сўмлик банкнот намунасидаги технологик нуқсон эмиссия қилинмасдан олдин аниқланган бўлиб, мазкур хатоликни бартараф этиш ва банкнотларни ишлаб чиқариш жараёнини тайёрлаш учун қўшимча вақт талаб қилингани сабабли 2021 йилнинг 27 декабридан муомалага чиқарилди.
Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг “Давлат белгиси” давлат унитар корхонаси ўта муҳим объектлар сирасига киритилган бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг махфийликни таъминлашга доир махсус қарорига мувофиқ, банкнотларнинг технологик ишлаб чиқарилиши тўғрисидаги маълумотлар ўта махфий ҳисобланади.
2021 йил 16 июндаги “Давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти очиқлигини таъминлаш, шунингдек, жамоатчилик назоратини самарали амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги президент фармонининг 2-бандига кўра, давлат сирлари ва хизматда фойдаланиш учун мўлжалланган маълумотлар очиқланмайди”, дейилади расмий жавоб хатида.
Мавзуга оид
17:27 / 16.05.2025
Ўзбекистонликлар гўшт, сут ва ёнилғи нархлари ошишини кўпроқ сезишяпти
10:11 / 04.05.2025
Муддатли тўлов бозорини тартибга солиш бошланади
20:43 / 30.04.2025
Картадан картага катта миқдорда пул ўтказишда қўшимча ҳимоя чоралари киритилади
12:24 / 24.04.2025