Жамият | 18:20 / 07.02.2022
962
1 дақиқада ўқилади

Навоий халқаро аэропортида Туркиядан келтирилаётган, қарийб 100 млн сўмлик сифати кафолатланмаган дорилар тўхтатиб қолинди

Навоий халқаро аэропортида Туркиядан олиб келинаётган, қарийб 100 млн сўмлик сифати кафолатланмаган дори воситалари ҳамда 3 млн сўмдан ортиқ қийматдаги кийим-кечаклар тўхтатиб қолинган. Бу ҳақда Kun.uz’га Навоий вилоят божхона бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Навоий вилояти божхона бошқармаси

Маълум қилинишича, бошқарманинг Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бўлими ходимлари томонидан “Истанбул-Навоий” йўналишидаги авиарейс билан олиб келинган курьерлик жўнатмалари божхона кўригидан ўтказилган. Кўрик давомида йўл-юк кузатув ҳужжатларида кўрсатилмаган, товарлар орасига яширилган, сифати кафолатланмаган 73 млн 800 минг сўмлик “Favimol 200mg” номли дори-дармон воситалари борлиги аниқланиб, далолатнома асосида вақтинча сақловга олинган.

Шунингдек, ушбу рейсда яна бир ҳолатда йўл-юк кузатув ҳужжатларида кўрсатилмаган, ошхона буюмлари орасига яширилган 20 млн 640 минг сўмлик сифати кафолатланмаган дори воситалари ҳамда 3 млн сўмдан ортиқ қийматдаги кийим-кечаклар борлиги аниқланган.

Ҳозирда ҳолатлар юзасидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Олдинроқ Навоийда 2021 йилда божхоначилар томонидан қарийб 9 млрд сўмлик ноқонуний товар-моддий бойликлар ушлаб қолингани маълум бўлганди.

Руслан Сабуров
Тайёрлаган Руслан Сабуров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид