Жамият | 19:53 / 07.02.2022
2345
2 дақиқада ўқилади

Навоийда боғча мудираси ва маҳалла раиси пора билан қўлга тушди

Кармана туманидаги 25-сонли мактабгача таълим ташкилоти мудири 300 доллар ҳамда Нурота туманидаги Амир Темур маҳалласи раиси 400 доллар билан ушланган. Улар фуқароларни ўзлари раҳбарлик қилаётган ташкилотга пора эвазига ишга олмоқчи бўлишган. Бу ҳақда Kun.uz’га Навоий вилоят прокуратураси хабар берди.

Иллюстратив фото

Маълум қилинишича, Кармана туманидаги 25-сонли мактабгача таълим ташкилоти мудири Ш.К. фуқаро И.Ҳ.дан уни ўзи раҳбарлик қилиб келаётган боғчага ишга қабул қилиш эвазига 300 АҚШ доллари ҳамда Кармана тумани Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази мансабдор шахслари орқали квота олиб бериш учун 200 минг сўм талаб қилган. У келишувга биноан 4 февраль куни ўзининг хизмат хонасида кимёвий ишлов берилган 3,2 млн сўм пулни олаётганда Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Навоий шаҳар бўлими ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда ушланган.

Шунингдек, Нурота туманидаги Амир Темур маҳалласи раиси С.Н. фуқаро Г.М.дан уни ўзига оила, хотин-қизлар ва ижтимоий маънавий масалалар бўйича ўринбосар лавозимига ишга қабул қилиш учун 400 АҚШ доллари сўраган. У талаб қилинган пулнинг 200 долларини 15 январь куни олган. Қолган 200 долларини 28 январь куни маҳалла биносида олаётганда департаментнинг Нурота туман бўлими ходимлари томонидан қўлга олинган.   

Ш.К. ҳамда С.Н.га Жиноят кодексининг 210-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда ҳар икки ҳолат бўйича прокуратура органлари томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Олдинроқ Навоий вилоят Халқ таълими бошқармаси ҳайдовчиси 600 доллар олаётганда ушланганди.

Мавзуга оид