Аэропорт, Ал-Бухорий мажмуаси, туристик марказ: Самарқанддаги янги қурилишлар ҳақида
Бугун кўҳна Самарқанд улкан қурилиш майдонига айланган. Буюк Ипак йўлида жойлашган дурдонани чинакам туристик масканга айлантириш мақсадида шаҳарда муҳташам объектлар барпо этилмоқда.
Объектларнинг энг йирик учтаси коронавирус пандемияси чоғида ҳам бир зум тўхтамасдан бунёд этилмоқда. Бугун ана шу объектлар ҳақида ҳикоя қиламиз.
Самарқанд халқаро аэропортининг янги терминали
БМТ халқаро туристик ташкилоти (UNWTO) маълумотига кўра, Ўзбекистон туризм соҳаси ўсиш суръати бўйича жаҳонда 4-ўринни эгаллаган. Самарқандда бўлган ҳар қандай одам ўтмиш файласуфлари ва шоирлар бу шаҳарни бежизга «Шарқ мусулмон оламининг дурдонаси» дея аташмаганини тушунади.
Туристик жозибаси билан бирга Самарқанд пойтахт Тошкентни яна иккита йирик туристик шаҳар — Бухоро ва Хива билан бирлаштирувчи муҳим транспорт тугуни ролини ҳам ўйнайди.
Самарқанднинг 1967 йилда қурилган ва кейинчалик енгил реконструкция қилинган эски аэропорти бугунги кун талабларига жавоб бермас эди, албатта. 2018 йилда Самарқанд халқаро аэропортини кенгайтириш режа қилинди. 2019 йилнинг июлида президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан лойиҳа миқёси янада йириклашди. Ўшанда аэропорт билан биргаликда замонавий туристик марказ ҳам қурилиши режа қилинди.
Айни пайтда аэропортда замонавий терминал биноси битказилмоқда. Янги учиш-қўниш йўлаги барпо этилди, замонавий радиолокацион тизим, 24 та самолёт учун тураргоҳ ҳамда 700 автомобил учун автотураргоҳ барпо этилди. Иккита телескопик трап орқали 4 та самолётга чиқиш енглари ҳозирланди.
Аэропорт уч қаватдан иборат бўлиб, биринчи қаватда 29 та қайдга олиш устуни бўлади. Маҳаллий ва халқаро авиалинияларга чиқиш ва учиб келиш учун алоҳида йўлаклар қилинган. Иккинчи қаватда офис бинолари жойлашса, учинчи қаватда учиб кетиш зали ва дюти-фри дўконлари зонаси бўлади.
Айни пайтда қурилиш ишлари тўлиқ якунланган, ичкарида ва ташқарида безак ишлари, турли технологик жиҳозларни монтаж қилишда ҳам маҳаллий, ҳам хорижий қурувчилар ишлашмоқда.
Аэропорт туркиялик дизайнерлар томонидан лойиҳалаштирилган. Аэропорт биноси Мирзо Улуғбекнинг очиқ турган «Зижи жадиди Кўрагоний» китоби шаклида бунёд этилмоқда. Дизайнерлар яна нималардан илҳомлангани ҳақида эшитамиз.
«Дизайнимиз анъанавий ҳамда замонавий усулларнинг қоришмасидан иборат. Аэропорт дизайни Самарқанднинг кўҳна, муҳташам ва бой тарихида муҳим ўрин тутган машҳур олим — Мирзо Улуғбекдан ва унинг асарларидан илҳомланган ҳолда, очиқ китоб шаклида қилинди.
Бундан ташқари, унинг астрономия соҳасидаги ишлари ҳам биз учун илҳом манбаи бўлиб хизмат қилди.
Аэропортимиз амалий жиҳатдан қулай, қисқа масофаларга, узоқ масофаларга учиш, ҳамда самарали багаж тизими билан йўловчиларимизга, фойдаланувчиларга ва Самарқанд тарихига қизиққан туристларга қизиқарли тажриба бўлади ва энг яқин вақтда ўзбек халқига, Самарқандга ушбу лойиҳамизни тақдим этамиз ва очилишига таклиф қиламиз», — дейди Kiklop Design&Engineering интерьер дизайнери Эсма Изги.
Аэропортнинг янги терминали ишга тушгач, унинг йўловчи ўтказиш қуввати соатига 350 йўловчидан 1000 йўловчигача ошади. Бу тўлган ўртамагистралли 7 та самолёт дегани. Мунтазам рейслар сони эса ҳафтасига ҳозирги 40 тадан 120 тагача етади.
«Бу — Ўзбекистон учун мутлақ уникал лойиҳа, кўп жиҳатлардан, ёндашув ва инфраструктура нуқтайи назаридан Марказий Осиёдаги уникал лойиҳалардан бири.
Шунинг учун аэропортни биз нафақат шаҳарга кириш дарвозаси, балки Европа ва Осиё ўртасидаги транзит тугуни — Ипак йўлидаги муҳим нуқта деб, иккинчидан, аэропортни шаҳар аҳолисини жалб қилувчи драйвер, туризм ва бизнес вакилларини чақирадиган, шу жумладан, шаҳарда ўтадиган муҳим тадбирларни ташкиллаштиришда катта аҳамиятга эга бўлган объект сифатида қараяпмиз», — дейди «Air Marakanda» бошқарувчи компаниясининг тижорат директори Дмитрий Мартиненко.
Аэропортда мураккаб техникалар ва коммуникациялар монтажи аллақачон бошланган. Буларнинг барчаси туркиялик мутахассислар кузатуви остида амалга оширилмоқда.
«Бу ерга келганимдаги асосий мақсадим, аэропортнинг халқаро стандартларга мос бўлишини таъминлашдан иборат.
Халқаро стандартлар деганда шуни тушуниш керакки, ISO ташкилоти томонидан белгиланган маълум сервис стандартлари, масалан, текширув, багаж олиш, назорат пайтларида кутиш вақтларини жаҳон стандартларига мослаштириш. Ушбу аэропорт иншоотида замонавий технологиялардан фойдаланилди, улар ҳақида гапирадиган бўлсак, масалан, йўловчилар чипталарни ўзлари маълум бўлимга бормасдан рўйхатдан ўтказишлари мумкин бўлади.
Янги тизим ёрдамида барча йўналишлар бўйича учиш маълумотлари базаси орқали йўловчиларга хизмат кўрсатамиз. Компьютер бошқаруви билан бутун терминалнинг иситиш, совитиш, ёритиш ва хавфсизлик тизимини назорат қилиш имкони мавжуд бўлади.
Янги багаж тизимининг бир соатлик айланмаси 1800 багаж бўлади. Шунингдек, ушбу багаж тизими ёрдамида юк текширувдан то самолётгача шикастсиз етиб боришини таъминлайди. Янги багаж стандарт ёрдамида тўғридан тўғри Самарқанддан Америкагача учиш имконияти пайдо бўлади», — дейди «Air Marakanda» бошқарув компанияси бош директорининг операцион фаолият бўйича ўринбосари Ҳилми Йилмаз.
«Самарқанд аэропорти бўйича менга илк таклиф бўлган пайтда жуда ҳаяжонландим. Чунки Ипак йўлида жойлашган бу қадрли шаҳарнинг ривожланишида ўз тажрибам билан ёрдам беришим мумкин бўлади.
Халқаро стандартларга етишиш учун бор имкониятларимизни ишга солмоқдамиз. Аввало, бунинг учун ходимларимизни халқаро стандартлар бўйича ишлашга чиқара олишимиз керак. Шунингдек, малака ошириш бўйича ўқишларимиз бор», — дейди «Air Marakanda» бошқарув компанияси ерусти хизмат кўрсатиш департаменти директори Айкут Генчер.
Марказий Осиёда етакчи қурилиш компанияси сифатида тан олинган Enter Engineering Самарқанд халқаро аэропортини муваффақиятли якунланган фуқаролик қурилиши лойиҳалари сафига қўшиш ниятида.
Имом ал-Бухорий мажмуаси
Имом Муҳаммад ибн Исмоил Абу Абдуллоҳ ал-Бухорий сиймосининг бутун ислом оламида тутган ўрни беқиёс. Юртимизга ўн минглаб хорижий зиёратчилар бу табаррук шахсни зиёрат қилиш учун ташриф буюришади.
1998 йилда мажмуа миллий услубда, бироқ шошилинч барпо этилган эди. У бугунги кун талабларига жавоб бермай қолди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2021 йил февраль ойида Самарқанд вилоятига ташрифи чоғида халқаро тадқиқот маркази мажмуасини қуриш ва ободонлаштириш бўйича ишлар, Имом ал-Бухорий ёдгорлик мажмуасини тўлиқ қайта қуриш ҳақида ахборот берилган эди.
Имом ал-Бухорий ёдгорлик мажмуасини миллий услубда, мустаҳкам ва замонавий коммуникация билан таъминлаган ҳолда қайта барпо этиш ишлари ҳам Enter Engeneering компанияси лойиҳаси асосида амалга оширилмоқда.
Ёдгорлик мажмуаси ҳақида қисқача тушунтирадиган бўлсак, Имом ал-Бухорий қабрини энди барча ерости галереяси орқали зиёрат қилиш имконига эга бўлади.
Мажмуада 9200 ўринли улкан масжид ҳам барпо этилмоқда. Янги мажмуанинг тўрт четида тўртта улкан минора қад ростлайди. Айни пайтда мажмуанинг ерости галереяси қисми тўлиқ якунланган. Масжид ва минораларни тиклаш якунланай деб қолган. Шундан сўнг зудлик билан безак ишларига киришилади.
Маъмурий-хўжалик ишлари бўйича менежер Фурқат Шойимовга кўра, 500 дан ортиқ ишчилар уч сменада иш олиб бормоқда. Графикдан ортда қолиш йўқ. Қурилиш материалларида узилиш йўқ, ҳамма ишлар белгиланган режа бўйича кетмоқда.
Айни пайтда умумий 4,68 гектар майдонда олиб борилаётган қурилиш ишлари 2 гектарни ташкил этади. Биргина ерости галереяси 3500 квадрат метрга эга. Мажмуанинг ички ҳовлиси 0,83 гектар. Кўкаламзорлаштириладиган майдонлар 2 гектардан зиёд бўлади.
Энг муҳими, мажмуанинг таниқли рамзларидан бири — олти асрни кўрган ўша қадимий чинорлари ва ҳовузи сақлаб қолинган. Уларга бирор зиён-заҳмат етмаслиги учун алоҳида парвариш қилинмоқда.
Қурилиш ишларида ўзбекистонлик қурувчилар билан бирга хориждан келган малакали қурувчилар ҳам иштирок этмоқда. Қизиғи шундаки, уларнинг барчаси мусулмон. Қурилиш ишлари олиб борилаётган ҳудудда карнайлардан Қуръон оятлари тиловати янграб турибди. Қурувчилар учун вахта шаҳарчаси ва 1000 ўринли муваққат масжид ҳам барпо этилган.
Имом-ал Бухорий Пайариқ туманидаги Хартанг қишлоғида амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишларининг энг йиригидир. Мажмуа атрофида улкан хиёбон, меҳмонхоналар, меҳмон уйлари ҳам барпо этилади. Буларнинг барчаси зиёрат туризми салоҳиятини юксалтириш, ислом оламидан Ўзбекистонга янада кўпроқ зиёратчиларни жалб қилиш мақсадида амалга оширилмоқда.
Silk Road Samarkand туристик маркази
Самарқандда қад ростлаётган янги объектларнинг энг кенг қамровлиси ва энг муҳташами — шубҳасиз, Silk Road Samarkand туристик мажмуасидир.
У Самарқанднинг ғарбий қисмида жойлашган машҳур эшкак эшиш канали атрофида қурилмоқда. Қайд этиш керак, бу каби спорт мажмуаси дунёда атиги 3 та — бири Москвада, иккинчиси Мюнхенда.
Бу масканда жаҳон даражасидаги ҳотеллар, замонавий жамоатчилик муҳити — парклар, дам олиш ва спорт зоналари, ресторан, қаҳвахоналар барпо этилмоқда.
Айни пайтда уч сменада ташкил этилган қурилиш ва монтаж ишларида жами 7000 киши иштирок этмоқда. Уларнинг 30 фоизи Туркия фуқаролари. Шунингдек, Сербия, Италия ва Россиядан ҳам мутахассислар бор. Қурувчиларнинг катта қисми маҳаллий ишчилар.
Самарқанд туристик маркази лойиҳасининг саноат-фуқаро объектлари қурилиши бўйича дирекцияси раҳбари Мўминжон Қодировнинг ҳикоя қилиб беришича, мажмуанинг конструктив қисми аллақачон тугатилган, коммуникация тармоқлари ҳам тортиб бўлинган. Айни пайтда биноларда пардозлаш ишлари олиб борилмоқда. Йўл қуриш, дарахт экиш ва кўкаламзорлаштириш ишлари бошланган.
Мажмуадаги ҳотеллар, халқаро конгресс маркази, «Абадий шаҳар» мажмуаси турли халқаро анжуманлар ўтказиш, хорижлик ва маҳаллий сайёҳларни жалб қилишда беқиёс ўрин тутади.
Ўзининг миқёси ва аҳамияти билан Silk Road Samarkand туристик мажмуаси буюк аждодларимизнинг мероси давомчиси ва юртимизда туризм ривожини ҳаракатга келтирувчи куч бўлади.
Янги комплекс Самарқанднинг шарқий қисмидаги 260 гектар майдонни эгаллаган. Каналнинг шимолий қисмидаги бизнес кластерда махсус ободонлаштирилган ва аква-зоналарга эга тўртта юқори классли ҳотеллар, конгресс марказ бўлади.
Халқаро конгресс марказ эса кўп функцияли заллар, делегациялар учун хоналар, музокара хоналари ва банкет залларга бўлинади.
Ҳотеллар
Конгресс марказнинг чап томонида 22 қаватли, 233 номерга мўлжалланган беш юлдузли Samarkand Regency Amir Temur меҳмонхонаси қад ростламоқда. У жаҳон етакчи ҳотеллари ассоциацияси LHW’га кирган Марказий Осиё ҳудудидаги биринчи ва ягона ҳотелдир.
Шунингдек, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби Игор Савицкий номига қўйилган 11 қаватли Savitsky Plaza ҳотели 175 номер фондига эга.
Яна юқори тоифадаги ҳотеллардан 22 қаватли ва 241 номерли Silk Road by Minyoun ва буюк астроном Мирзо Улуғбек номига аталган 11 қаватли 170 ўринли Lia! by Minyoun Stars of Ulugbek ҳотели ҳам фаолият кўрсатади. Бу ҳар икки ҳотел Осиёнинг етакчи ҳотел бошқарувчи компанияси Minyoun Hospitality бошқаруви остида бўлади.
Тиббий-санитар йўналишдаги бутик-ҳотеллар
Эшкак эшиш каналининг жанубий қисмида, тарихий-этнографик мажмуа «Абадий шаҳар» эко-қишлоғининг икки томонида ҳар бири ўз тиббий-санитар йўналишига эга тўртта бутик-ҳотел, савдо нуқталари барпо этилмоқда.
Медицина кластеридаги бутик-ҳотелларнинг ҳар бири маълум бир тиббий хизматга ихтисослашган: превентив тиббиёт, детокс, бўғинлар ва умуртқани даволаш, пульмонология кабилар.
Ҳотелларнинг иккинчи қавати соғломлаштириш марказларига ажратилган. Врач ва муолажа кабинетларидан ташқари, ҳотел меҳмонларига косметолог, массаж, балчиқ билан даволаш, даволовчи душ, инфрақизил сауна, барокамера каби хизматлар таклиф этилади.
Бу ерда 7 кундан 21 кунгача бўлган даволаниш дастурлари таклиф этилади. Кластерда жами 366 та номер фонди бўлади.
«Абадий шаҳар» мажмуаси
10 гектардан зиёд майдонда Ўзбекистон халқлари тарихи ва анъаналарини ўзида мужассам этган қадимий шаҳар образи тикланмоқда. Тор кўчаларда ҳунармандлар, рассомлар, амалий санъат намояндалари жойлашишади.
Ташрифчилар мамлакатнинг турли минтақалари ва турли даврларига хос бўлган миллий таомларни татиб кўришлари, ҳунармандчилик буюмларини ушлаб кўришлари, мастер-класс ва қадимий кўча томошаларидан баҳраманд бўлишлари мумкин бўлади.
Абадий шаҳар меҳмонларга ўзларини Парфия, элленистик ва исломий маданият чорраҳаларида ҳис қилишларига, ўтган асрларнинг серқирраликларини ўз кўзлари билан кўришларига имконият яратади.
Шуниси эътиборга лойиқки, бу мўъжаз шаҳарчани фақат самарқандлик усталар ва рассомлар, маҳаллий қурилиш ашёларидан фойдаланиб бунёд этишмоқда.
Лойиҳанинг муаллифи ва бошқарувчиси Ўзбекистоннинг машҳур рассоми Бобур Исмоиловдир.
«Қарийб икки йилдан буён бу ерда жиддий қурилиш ишлари олиб борилмоқда. Асосий ғоя қандайдир этнографик шаҳар барпо этишдан иборат эди, уни шаҳарча деб бўлмайди, чунки миқёслар чиндан ҳам жуда катта. Бу шаҳарда биз Самарқанднинг минглаб йилларга жой бўлган тарихий меросини жамлаб, уни сақлашни мақсад қилганмиз.
Бутун мажмуанинг асосий концепцияси у кўпроқ маданий ва кўнгилочар йўналишга эга. Бу биз ерда Самарқанд ва Ўзбекистоннинг анъаналари, санъати ва тарихининг энг муҳим ва қизиқ жиҳатларини тўплашни режалаштирганмиз.
Булар туристлар учун қанчалик муҳим ва қизиқ бўлишига шубҳа қилмаймиз, боз устига, бу мажмуа Самарқанд аҳли, Ўзбекистон аҳолиси учун ҳам мусиқа, тасвирий санъат, фотосуратчилик каби маданий анъаналар ва бошқа ҳунармандчиликни қайта жонлантириш ва сақлаб қолиш учун улкан туртки ҳам бўлади», — дейди рангтасвир, кино ва театр декорация рассоми, «Абадий шаҳар» тарихий-этнографик мажмуаси рассоми ва куратори Бобур Исмоилов.
Ҳудудни ободонлаштириш
Туристик мажмуанинг 180 гектар майдони кўкаламзор майдонлар бўлади, уларнинг 10 гектари эса газонлардан иборат бўлади. Бундай миқёсдаги сунъий боғ ҳали Марказий Осиёда бўлмаган. Айни пайтда Европадан чидамли газонлар келтирилиб, маҳаллийлаштириш устида ишлар олиб борилмоқда.
Туристик марказни кўкаламзорлаштириш учун газон Даниядан келтирилган. У чидамли, тез тикланади. Уни одатдаги газонлар сингари 10-15 кунда эмас, 21 кунда бир марта қиртишласа бўлади.
Газонларни суғориш учун АҚШнинг Hunter (Ҳантер) бренди тизимидан фойдаланилади. Бундай тизимнинг роутерларидан бири соатига 1 литр сув сарфлайди. Бу эса соатига минглаб тонна сув иқтисод қилинишини англатади.
Самарқанд туристик марказининг бош агрономи Ёрқин Ҳожиевнинг айтишича, туристик марказда уникал парк зонасини яратиш мақсадида 15 мингдан зиёд кенг баргли, 6 мингта нинабаргли, 4400 та доимий яшил дарахтлар келтирилди. Дарахтларнинг аксарият қисми Италиядан келтирилган. Улар улкан дендрарийда маҳаллий иқлимга мослаштирилди. Дарахтлар ўтқазилгач, ҳар бир дарахт остига микросуғориш тизими ўтказилади.
Қайд этиш жоизки, парк барпо этилгач, турли вақтларда турли дарахтлар гуллаши билан ранглар уйғунлигидаги манзара ҳам ҳосил бўлади. Яъни ҳар бир дарахтни ўтқазишда уларнинг қай вақтда қандай гуллаши ҳам эътиборга олинган. Яъни туристик комплексининг парк зонаси Ўзбекистондаги биринчи ва ягона ўзига хос дендропарк бўлади.
Маҳаллий дарахтлардан эса паркда анжир, анор, мажнунтол, тут дарахтлари экилади. Биргина анжир боғи учун 2,5 гектар жой ажратилади.
Дарахтлар ва газонлардан ташқари, Silk Road Samarkand мажмуасидаги 4 юлдузли Lia! by Minyoun Stars of Ulugbek ҳотелида вертикал парк ҳосил қилинади.
Гарчи шаҳарнинг четида барпо этилаётган эса-да, мажмуага транспорт билан осонгина етиб бориш мумкин. Мажмуа томонга Уста Умар Жўрақулов кўчаси орқали тарихий марказдан 20 дақиқада, халқаро аэропортдан 15 дақиқада, темирйўл вокзалидан 25 дақиқада келиш мумкин.
Қурилган ушбу объектлар халқаро туризм жабҳасида кўҳна Самарқанд шаҳрининг янгича ташриф қоғози бўлиш билан бирга, аждодларимизнинг бебаҳо маданий ва маърифий меросининг бугунги замонавий архитектура билан муштараклигини таъминлайди. У нафақат хорижлик сайёҳларга, энг аввало, ҳар бир Ўзбекистонликка хизмат кўрсатади. Ва албатта, Самарқанднинг жаҳон узра довруғ қозонган номини янада юксалтиришга хизмат қилади.
Шуҳрат Шокиржонов, журналист
Тасвирчилар: Жаҳонгир Алибоев, Фахриддин Ҳотамов
Монтажчи: Жаҳонгир Алибоев
Мавзуга оид
09:18 / 17.11.2024
Болалар омбудсмани Самарқандда жинсий зўравонлик қурбони бўлган қиз билан учрашди
23:25 / 09.11.2024
Самарқандда Қуролли кучлар хизматчиси, солиқчи, Миллий гвардия ва кадастр ходимлари пора билан ушланди
15:06 / 01.11.2024
Самарқанд вилоятида иситиш мавсуми 1 ноябрдан бошланди
10:59 / 25.10.2024