Ўзбекистон | 15:14 / 08.02.2022
4469
2 дақиқада ўқилади

Самарқандда мактаб ҳовлисидаги дарахтларни кестирган мутасаддиларга чора кўрилди

Пайариқ туманидаги 18-умумтаълим мактаби ҳудудида ўсиб турган дарахтлар «носоғлом» деган баҳона билан кесиб ташланган.

Фото: Пайариқ туман ҳокимлиги

Пайариқ тумани ҳокимлиги ахборот хизматининг хабар беришича, 18-мактаб ҳудудидаги вояга етмаган дарахтлар «носоғлом» баҳонаси билан рухсатсиз кесилган. Шу сабабли мактаб директори С.Салимов ҳамда хўжалик ишлари бўйича директор ўринбосари Т.Шамсиевга тегишли тартибда интизомий жазо чораси қўлланилган.

Дарахтларнинг кесилишига масъул бўлган мактабнинг чақириққа қадар ёшларни тайёрлаш раҳбари И.Ҳамидовга туман экология ва атрофни мухофаза қилиш бўлими томонидан МЖ кодексининг тегишли моддалари асосида 1 миллион 350 минг сўм жарима қўлланилган.

Шунингдек, мактабнинг эски биноси ўрнидаги хандақда чиқинди тўпланишида эътиборсизликка йўл қўйган мактаб директори С.Салимов ҳамда хўжалик ишлари бўйича директор ўринбосари Т.Шамсиевга тегишли тартибда МЖ кодексининг 91-моддаси 1-қисмлари билан энг кам иш ҳақининг 10 баравари миқдорида жарима қўлланилган.

Фото: Пайариқ туман ҳокимлиги

Бундан ташқари мактабнинг хўжалик ишлари бўйича директор ўринбосари Т.Шамсиев ўз ишига масъулият билан ёндашмаганлиги сабабли эгаллаб турган лавозимидан озод этилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Андижонда туғуруқхона олдидаги 12 туп қимматбаҳо дарахт кесиб ташланган. Бундан ташқари, Юнусобод туманидаги Амир Темур ва Чинобод кўчалари кесишмасида экилган элдор қарағайлари кечки пайт номаълум шахслар томонидан кесиб кетилган. Ҳар иккала ҳолат юзасидан жиноят ишлари қўзғатилган.

Президентнинг 30 декабрдаги фармони билан, Ўзбекистон ҳудудида дарахтларни кесишга мораторий муддатсиз даврга узайтирилган, тартибни бузганлик учун жарималар 5 баробарга оширилган, етказилган зарар 2 баробар қилиб ундирилиши белгиланган эди. Фармонда ноқонуний дарахт кесиш ҳолатларини фото ва видеотасвирга олиб жўнатганларга пул тўланиши ҳам кўзда тутилган. Шунга қарамасдан, жойларда ҳамон ноқонуний дарахт кесиш ҳолатлари тўхтамаяпти.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид