Ўзбекистон | 10:25 / 09.02.2022
19852
2 дақиқада ўқилади

Андижон ХТБ: Ўқитувчилар узр сўратилган йиғилишни туман ҳокими ўйлаб топган

Андижон вилояти ХТБ бошлиғи Азизбек Миркамилов мактабларда ўқитувчилар узр сўратилган йиғилишни ўтказиш ташаббуси Марҳамат тумани ҳокими Бобур Йўлдошевнинг шахсан ташаббуси эканини маълум қилди.

Андижон вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғи Азизбек Миркамилов Марҳамат туманида бўлиб ўтган ҳолат юзасидан муносабат билдирди.

«Мактаб ўқитувчилари ва ота-оналар йиғилиши Марҳамат тумани ҳокимидан чиққан ташаббус бўлиб барча мактабларда ўтказилиши топшириқ берилган, туман ҳокимининг шахсан мазкур ҳолат бўйича ўзининг муносабат беришини қатъий талаб қиламан», деган у.

У вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов томонидан ўтказилган аппарат йиғилишида бирорта умумтаълим мактаби директорларига ва ўқитувчиларига интизомий чора кўриш ёки уларни камситиш мумкин эмаслиги қатъий кўрсатиб ўтилиб, огоҳлантирилганини қайд этган.

«Шуни айтиб ўтиш жоизки, вилоят ҳокими ўқитувчиларни эъзозлаши ва доимий устозларга кўмак беришини барча андижонлик зиёлилар яхши билади.

Бундай йиғилишлар ўтказилиши мумкин эмаслиги бўйича туман халқ таълими бўлими мудири томонидан туман ҳокимининг ўринбосарига айтилган ва бу ташаббус мудир томонидан берилмаган. Мазкур ҳолат юзасидан менга маълум бўлгач, мен вилоят ҳокимининг ўринбосарига ва туман ҳокимига мазкур мазмундаги йиғилишлар вилоят ҳокимининг ва устозларнинг жиддий эътирозларига сабаб бўлишини айтганимдан сўнг йиғилишлар ўтказилишининг олди олинди.

Ўз вақтида юқоридаги ҳолатларнинг олдини олмаганим учун ва устозларни ҳимоя қилмаганим учун барчангиздан узр сўрайман!», дейилади вилоят ХТБ муносабатида.

Мавзуга оид