Байден олдида «бечорагина кўринган» Шольц: Германия канцлери илк марта АҚШга борди
Германия канцлери Олаф Шольц вазифасига киришганидан буён илк марта АҚШга борди. Германия етакчиси Америка президенти Жо Байден билан Украина атрофидаги воқеалар кескинлашиб кетаётганини муҳокама қилди.
Германиянинг «нозик жойи»
Россия Украинага бостириб кирган тақдирда Ғарб қўллайдиган санкцияларга жавобан Европага газ беришни тўхтатиб қўйиши мумкин. Бу эса Европа Иттифоқи ва айниқса Германия учун жиддий муаммога айланади. Чунки немислар яқин келажакда АЭСлардан тўлиқ воз кечишни режалаштираётган бир вақтда рус газига тобора кўпроқ боғланиб қолмоқда. Рус гази Европадан узилган тақдирда муқобил сифатда Қатар ва Озарбойжон варианти қаралаётганди, аммо ҳар икки давлат Европага ёрдам беришга тайёрлигини билдириш билан бирга Россия бераётган миқдорда газ етказиб беролмаслигини маълум қилди. Чунки уларнинг амалдаги шартномалари бунга йўл бермайди.
Байден ҳам Германиянинг бу «нозик жиҳати»ни билгани учун Шольц билан учрашувда Россиядан Европага борадиган «Шимолий оқим-2» газ ўтказгичи ҳақида гапирди. Унинг айтишича, Россия Украинага бостириб кирса, «Шимолий оқим-2»нинг келажаги ҳақида ўйламаса ҳам бўлади. «Россия Украинага бостириб кирса, танк ёки аскарлар яна Украина чегарасини босиб ўтса, «Шимолий оқим-2» ҳақида унутса ҳам бўлади. Бу мавзуга нуқта қўямиз. Сизга сўз бераман, бу қўлимиздан келади», деди Байден.
АҚШ президенти Германияни мамлакатнинг яқин ҳамкори деб атаб, «Россия агрессияси» ва Хитой томонидан бўладиган чақирувга ҳам биргаликда курашишини айтди.
Германия канцлери Россияга қарши кескин гапиришдан тийилди. Ахир Германияда доим Россия билан яхши муносабатда бўлишга ҳаракат қилишади. «Биз иттифоқчи ва ҳамкорларимиз, АҚШ билан келишган ҳолда керакли ишларни қиламиз», деди немислар етакчиси.
Шольц «Украинага нисбатан Россия агрессияси»га қарши биргаликда ҳаракат қилиш зарурлигини ҳам айтиб ўтди ва Байден билан учрашув жуда-жуда вақтида ўтказилганини таъкидлади.
CNN'нинг ўз манбаларига таяниб хабар беришича, Украина президенти Владимир Зеленский ҳамда Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербокнинг учрашуви айнан «Шимолий оқим-2» бўйича ихтилоф сабаб бекор қилинди. Германия ТИВ раҳбари мамлакат «Шимолий оқим-2»дан воз кечишга тайёр эканини айтишдан бош тортган. Шунингдек, Германиянинг учувчи қуроллар жойлаштириш борасида позицияси ҳам Украинага тўғри келмаган. Германия канцлери ҳам яқинда Украинага қурол юбормаслигини айтганди.
Байден Германия канцлерига Путин билан суҳбатларда максимал даражада кескин гапирганини айтиб, «мақтаниб ҳам қўйди». «Менимча, Путиннинг ўзи ҳам нима қилишини билмайди. У билан телефон суҳбатларида ҳам, учрашувимизда ҳам максимал даражада очиқ ва кескин бўлдим. Россия Украинага бостириб кирса, олдин асло қўлланмаган санкциялар киритамиз. Бу иқтисодий санкциялар уларга келажакда қимматга тушади», деди Байден.
«Босқиннинг баҳоси қиммат бўлади»
Германия канцлери Ғарб Россия Украинага бостириб кирса, кескин ва тезкор чоралар тайёрлаётганини айтди. «Россия Украинага бостириб кирса, бу учун жуда қиммат товон тўлайди. Украинага нисбатан ҳарбий ҳаракатнинг жавоби Россияга қимматга тушади», деди Германия етакчиси.
Канцлер учун илк синов
Германиянинг олдинги канцлери Ангела Меркел дунё сиёсатида жуда муҳим ўрин тутган етакчи эди. Кўплаб етакчилар Меркел билан сиёсий ечимларни муҳокама қиларди. Олаф Шольц эса айни дамда Германия етакчиси лавозимига киришгандан кейин илк жиддий синов олдида турибди. Канцлер 14 феврал куни Киевга бориб, Украина президенти Владимир Зеленский билан учрашади. Кейинги куни эса Кремлда Путин билан музокара ўтказади. Бу учрашувлар давомида Шольц дунё сиёсатига қанчалик таъсир қила олишини чамалаш мумкин бўлади.
Меркел шубҳасиз, Европанинг асосий лидери эди. Унинг кетишидан кейин ҳам бу етакчилик Германия канцлерида қолиши эса кафолатланмаган, чунки Франция президенти Эммануэль Макрон бу борада жиддий қадамлар ташлашга улгурди. Украина инқирози вақтида Путин билан энг кўп гаплашган Макрон 7 феврал куни Россия президенти билан Кремлда учрашув ўтказди. 5 соатдан ортиқ давом этган музокараларда Путин Макронни сенлаб гапиргани каби Франция етакчиси ҳам россиялик ҳамкасбини исми билан чақиришга жазм этди.
Ғарб нашрларида ёзилишича, Макрон билан учрашувда Путин ҳамкасбига Украина билан чегарадан 30 минг аскарни олиб кетишга ваъда берган. Бу шуни англатадики, Шольц Европа Иттифоқининг асосий сиёсатчисига айланиши учун кўп тер тўкиши керак. Макрон бу борада яхшигина илгарилаб кетди.
Германия ҳамон масофа сақламоқда. Нега?
Германия канцлери Байден билан қандайдир муайян масалалар бўйича келишувга эришгандир, аммо учрашувдан кейинги брифингда Шольц энг асосий мавзу – «Шимолий оқим-2» ҳақида ҳеч нарса демади. Оқ уй сайтида брифингнинг тўлиқ матни эълон қилинди. Унда журналистлар, Байден ва Шольц ўртасида қизиқарли савол-жавоб бўлиб ўтди. Бу вақтда Германия канцлери қийин аҳволда қолди дейиш ҳам мумкин.
Байден: Агар Россия Украина чегарасидан ўтса, «Шимолий оқим-2» ҳақида ўйлашмаса ҳам бўлади. Биз бу саволга якун ясаймиз.
Савол: Буни қандай қилмоқчисиз, ахир «Шимолий оқим-2» назорати Германия қўлида-ку?
Байден: Ишонинг, бу бизнинг қўлимиздан келади.
Шольц: Савол учун раҳмат. Биз Россия Украинага кирадиган бўлса, биргаликда чоралар тайёрлаб қўйганмиз.
Шунда Олаф Шольцдан «Шимолий оқим-2» ҳақида яна сўраб, бу борада аниқ позициясини билдирмаётганини айтишди. Канцлер эса яна гапни олиб қочиб, «Биз бирга ҳаракат қиламиз» дейишдан нарига ўтмади. Шу тариқа, мулоқот давомида Шольц Байден олдида «бечорагина кўриниб қолди».
«Шимолий оқим-2» ҳақидаги саволлардан «терлаб пишган» Шольц Wall Street Journal журналистининг иқлим ўзгариши ҳақидаги саволидан шундай хурсанд бўлдики, унга яйраб жавоб берди.
«Саволингиз учун ташаккур, бу борада гапирмоқчи эдим. Биз тез орада газ ва нефтдан фойдаланишдан воз кечишни бошлаймиз. Босқичма-босқич. 2045 йилга бориб дунёнинг энг йирик иқтисодларидан бири сифатида Германия энергия олишда углероддан холи ҳудудга айланади.
Қайта тикланувчи энергия деганда биз асосан уйни иситиш ва машинани юргизишни тушунамиз, аммо биз бундай энергетикадан ишлаб чиқаришда, кимёвий моддалар, цемент саноатида ҳам фойдаланмоқчимиз. Германия шамол ва қуёш энергетикасини ҳам янада ривожлантиради. Биз қайта тикланувчи энергия борасидаги янгиликларимиздан иттифоқчилармиз ҳам фойдаланишига имкон берамиз», деди Шольц.
Германия канцлери саволлар оҳангидан наҳотки немислар рус газига шунчалик боғланиб қолган, деган кинояни тушунди чоғи, аслида бундай эмаслигини айтиб ўтди. «Айни дамда биз энергия учун ишлатаётган газнинг аксар қисми Норвегия ҳамда Нидерландиядан келади, бир қисми эса Россиядан. Шундай экан, бундан (Россия Европадан газни узиши назарда тутилмоқда) бу ресурсга боғланиб қолганлар хавотирланиши мумкин. Биз келажак қайта тикланувчи энергияда эканини биламиз ва шу йўлдан давом этамиз», деди у.
Экспертлар нима дейди?
Россия бўйича немис эксперти Штефан Майстернинг айтишича, Германия барибир АҚШ билан бир фикрга келади: «Менимча, Германия Россияга қарши барча санкцияларни қўллайди, «Шимолий оқим-2» борасидаги санкцияни ҳам».
Эксперт Германия Украинага ҳарбий ёрдам кўрсатмаслигига ҳам ишонмоқда.
Австриялик эксперт Герхард Манготтнинг фикрича, АҚШ ва Германия ўртасида Россия борасида келишмовчилик мавжуд. Унинг айтишича, Германия ҳамда АҚШ ўртасидаги муносабатлар ҳар қанча илиқ бўлмасин, улар Россия борасида бир фикрга кела олишмаяпти. «Шольц Вашингтонга ташрифи орқали АҚШ учун яхши шерик эканини исботлаш баробарида халқаро шерикларда ҳам бирор мавзуда келишмовчилик бўлиши табиийлигини кўрсатмоқчи бўлди», дейди эксперт.
Эксперт Байден билан учрашувда Шольц учун энг қийин бўлган «Шимолий оқим-2» ҳақида ҳам гапирди: «Байден «Шимолий оқим-2» ҳақида гапирганда Шольц бу фикрни давом эттиришни ҳам хоҳламади, бу сезилиб қолди. Гап шундаки, Германия Россия газни узиб қўйса, муқобил давлат топа олишига ҳали ишонмаяпти, шу боис таваккалчилик қилмоқчи эмас. Аммо Байден Германиясиз ҳам газ ўтказгични тўхтата олишини аниқ айтди».
Эксперт Магноттнинг тахминича, Германия ва АҚШ ўртасида Россия борасида якдиллик мавжуд бўлмагани каби бу иккиланиш НАТОнинг бошқа иттифоқчилари орасида ҳам бор. Акс ҳолда улар Россияга қарши аниқ қандай чоралар кўражаги ҳақида қўшма баёнот берган бўлишарди.
Яна бир немис эксперти Михаил Кюфнернинг айтишича, Шольц дунё етакчиси АҚШ президенти олдида айтарли «етарлича дадил бўла олмаган».
«Байден гарчи бу борада назорат Германия қўлида бўлса ҳам, «Шимолий оқим-2»ни тўхтатиб қўя олишини айтди. Ўз шеригига ишончи баланд бўлган дунё етакчисигина айнан шу тилда гапиради. Шольц эса «Россияга қимматга тушади», «Бунинг оқибати ёмон» каби мужмал гапларни такрорлади. Бу тилни эса Америкада тушунишмайди, айниқса конгрессменлар тушунмайди», дейди эксперт. Унинг айтишича, Шольц инглизчани яхши билса-да, немис тилида сўзлашни афзал кўрган ва Америка нашрлари сарлавҳасига тортадиган бирор тайинли гап айтмаган.
Германияда Шольц Вашингтонга сафари олдидан йўқолиб қолгани танқид қилинди, бу борада #ШольцҚаерда? деган ҳэштег ҳам оммалашди. Немислар Шольц Германия канцлери ҳамон Европа етакчиси эканига шубҳа билдира бошлашди. Михаил Кюфнернинг айтишича, Олаф Шольц учун АҚШга ташриф жуда муваффақиятсиз чиққан.
Ўткир Жалолхонов тайёрлади
Мавзуга оид
09:12
Британия Украинадаги вазият кескинлашганини маълум қилди
22:23 / 21.11.2024
Россия «Рубеж»ни ишга солди. Бу ракета ядровий каллакни ҳам олиб уча олади
21:52 / 21.11.2024
Залужний: «Хуш келибсан, учинчи жаҳон уруши»
16:43 / 21.11.2024