Ўзбекистон | 23:10 / 09.02.2022
50740
3 дақиқада ўқилади

Кўчага ташлаб кетилган чақалоқ: янги тафсилотлар очиқланди

Бугун Қорақалпоғистон Республикаси ССВ Нукусда кўчага ташлаб кетилган чақалоқ воқеаси юзасидан тезкор брифинг ўтказди. Унда ИИВ ходимлари ва шифокорлар Kun.uz’га юз берган ҳолатнинг қўшимча тафсилотларини очиқлади.

Янги туғилган боласини кўчага ташлаб кетган онага жиноят иши очилди

Қорақалпоғистон ИИВ тергов бошқармаси бошлиғи ўринбосари Ғофуржон Салиевнинг Kun.uz’га маълум қилишича, 8 феврал куни тунги соат 03:00да Нукус шаҳар тергов бошқармасига чақалоқ кўчага ташлаб кетилгани ҳақида хабар келиб тушган.

Ғофуржон Салиев

Мурожаатга асосан тезкор гуруҳ воқеа юз берган Бўстон кўчаси 72-уйга етиб борган. Чиндан ҳам янги туғилган чақалоқ Бўстон кўчасидаги уйларнинг бири қаршисига ташлаб кетилганлиги аниқланган.

Ҳолат юзасидан чақалоқнинг онасига Жиноят кодексининг 117-моддаси 1-бўлими билан жиноят иши очилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Ғофуржон Салиев чақалоқнинг ҳаётини сақлаб қолган шифокорлардан болакайнинг ҳолати ҳақида сурат ва видеоларни ижтимоий тармоққа тарқатмасликни сўради. Унинг қўшимча қилишича, бу ҳолат ҳамшира ва шифокорларнинг тегишли тартибда жавобгарликка тортилишига сабаб бўлиши мумкин.

Чақалоқнинг аҳволи оғирлигича қолмоқда

Гулзар Қалимбетова

Республика ҳудудий перинатал маркази директори ўринбосари Гулзар Қалимбетованинг айтишича, чақалоқ олиб келиниши билан унга биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатилган. Болакай кўчада совуқда қолиб кетгани учун гипотермиянинг оғир даражаси қайт этилган.

"Ҳозирда чақалоқнинг ҳолати нисбатан яхшиланган. Бироқ тиббий жиҳатдан оғир, динамик турғунлашган деб баҳоланмоқда. Болага ўз онасининг сути берилмоқда. Унинг тана ҳарорати 36,5 даражадан 37,5 даража атрофида мўътадиллашган. Чақалоққа барча тиббий муолажалар кўрсатилмоқда", дейди Гулзар Қалимбетова.

Чақалоқнинг онаси топилди. Фуқаролар шифокорлар ишига халақит қилишмоқда

Гулсауир Тилеубергенова

Республика ҳудудий перинатал маркази директори ўринбосари Гулсауир Тилеубергенованинг Kun.uz’га маълум қилишича, ИИВ ходимлари томонидан чақалоқнинг онаси 8 феврал куни соат 11:00 атрофида топилиб, бола ёнига олиб келинган. Ёш она керакли барча тиббий кўрикдан ўтказилган. Унинг ҳолати яхши ва ҳозирда перинатал марказда боласи билан бирга. Гулсауир Тилеубергенованинг айтишича, икки кундан бери бир қанча шахслар шифокорлар ишига халақит қилмоқда.

"Чақалоққа ёрдам бериш мақсадида перинатал марказга келаётган, телефон қилиб ёрдамини таклиф қилаётганлар кўпайиб кетди. Шуни илтимос қилиб мурожаат қилмоқчиманки, она ва бола Қорақалпоғистон ССВ томонидан барча керакли буюм ва дори-дармонлар билан таъминланган", - дейди Республика ҳудудий перинатал маркази директори ўринбосари.

Шуҳрат Саидаҳмадов, Kun.uz мухбири

Монтаж устаси – Жаҳонгир Алибоев

Мавзуга оид