Андижон вилоят судининг раиси ва вилоят маъмурий судининг раиси интизомий жавобгарликка тортилди
Судьялар олий кенгаши жамоатчиликдан судьяларнинг интизомий жавобгарликка тортилганини улар кўрган муайян ишга боғламасликни сўради.
Судьялар олий кенгаши матбуот хизматининг маълум қилишича, масъулиятсизлиги ва фаолиятида йўл қўйган камчиликлари учун:
Олий суд Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати судьяси – Волида Сатторова;
Андижон вилоят судининг раиси – Талъатжон Мелибоев;
Андижон вилоят маъмурий судининг раиси – Мўйдинжон Салимов;
ФИБ Юқоричирчиқ туманлараро судининг раиси С. Раҳматуллаев;
ФИБ Кармана туманлараро судининг судяси – Бахтиёр Қутлиев Кенгаш қарори билан интизомий жавобгарликка тортилди.
Шунингдек, судьялик қасамёдини бузгани учун Тошкент вилояти ФИБ Юқоричирчиқ туманлараро судининг судьяси Тошпўлатов Ойбек лавозимидан озод этилиб, ваколатлари муддатидан илгари тугатилган.
Судьялар олий кенгаши матбуот хизмати баёнот билан чиқиб, журналист ва блогерлардан судьяларнинг интизомий жавобгарликка тортилганини улар кўрган муайян ишга боғламасликни сўради.
“Тизимда очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, шунингдек судьялар масъулиятини янада ошириш мақсадида берилаётган ахборотлар қатор оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқларда кенг ёритилмоқда, бунинг учун миннатдормиз, албатта. Шу баробарида айрим электрон-нашрлар, “Телеграм” мессенжеридаги каналларда Кенгаш ахбороти нотўғри ёки бир томонлама талқин қилиниб, фалон ишни кўрган фалончи судья интизомий жавобгарликка тортилди, мазмунида материаллар эълон қилиниш ҳолатлари учрамоқда.
Бундай чиқишлар оммада Кенгаш ахборотида номи зикр этилган судьялар гўёки аниқ (жиноят, фуқаролик, иқтисодий ёки маъмурий) ишни кўришдаги хато ва камчиликлари учун интизомий жавобгарликка тортилгандай тасаввур уйғотиши эҳтимолини юзага келтираётир. Ваҳоланки, ижтимоий тармоқлардаги мақолалар ўрганилганда, уларда тилга олинган аниқ ишлар бўйича чиқарилган суд ҳужжатлари қонуний кучда экани ойдинлашмоқда.
Шундан келиб чиқиб, Кенгаш ахборотида исми-шарифи келтирилган судьяларнинг аксарияти қабул қилган суд ҳужжатларининг қонунийлигига таъсир кўрсатмайдиган бошқа сабабга кўра, масалан, Судьялик одоби кодекси талабларини бузгани ёки ишни ташкил этишда муайян камчиликларга йўл қўйгани боис интизомий жазога тортилганини таъкид этамиз.
Судьянинг шахси дахлсиз бўлиб, ҳурматсизлик қилиш ҳуқуқий таъсир чоралари кўрилишига сабаб бўлиши мумкин.
Баён этилганларга кўра, Судьялар олий кенгаши матбуот хизмати ҳурматли журналист ва блогерлардан очиқликни теран тушунган ҳолда берилаётган ахборотларни бир томонлама ёки нотўғри талқин ва суиистеъмол қилмасликка чақиради” – дейилади Кенгаш баёнотида.
Аввалроқ, Юқори Чирчиқ туманлараро суди судьяси Т.О. шериги билан бирга 3 минг доллар олган вақтида қўлга тушгани хабар берилганди.
Мавзуга оид
22:25 / 12.11.2024
Суд Поп тумани ҳокимининг ўғлини қамоққа қайтарди
10:16 / 12.11.2024
Фарғонада танишини ўлдириб, уйига ўт қўйган аёлга ҳукм ўқилди
08:48 / 09.11.2024
Кўп квартирали уйларни бошқариш органи қарзни судда ундиришда олдиндан давлат божини тўлашдан озод қилинди
15:44 / 01.11.2024