Жаҳон | 18:50 / 12.02.2022
22239
2 дақиқада ўқилади

Зеленский Россия Украинага ҳужум қилишни режалаштиргани бўйича далил тақдим этишларини сўради

Марказий разведка бошқармаси ва америкалик ҳарбийлар Россия 16 феврал куни Украинага бостириб кириши мумкинлигини билдирган.

Фото: president.gov.ua

Ҳозирда Россия Украинага ҳужум қилиши ҳақидаги маълумотлар керагидан ортиқ кўпайиб кетди, деди Украина президенти Владимир Зеленский.  

«Ахборот маконида Россия томонидан кенг кўламли уруш бошланиши ҳақида маълумотлар жудаям кўпайиб кетди, деб ҳисоблайман. Ҳатто аниқ кунини ҳам айтишяпти», - деди у.

Зеленскийнинг сўзларига кўра, Украина барча хатарларни тушунади. Шу билан бирга, у Россия 16 феврал куни бостириб кириши борасида далил тақдим этишларини сўради.

«Агар сизларда ёки бошқаларда Россия 16 феврал куни Украинага юз фоиз бостириб кириши тўғрисида қўшимча маълумот бўлса, илтимос, бизга бу маълумотни беринглар», - деди Украина президенти.

АҚШ томони Россия президенти Владимир Путин Украинага ҳужум қилишга қарор қилиб бўлган, деб ҳисобламоқда. Марказий разведка бошқармаси ва америкалик ҳарбийлар Россия 16 феврал куни бостириб киришни бошлаши мумкинлиги ҳақида НАТО давлатларини хабардор қилган.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарова ўзининг телеграм каналида АҚШ расмийларининг баёнотини «жазавага тушиш» деб атади.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид