Ўзбекистон | 13:49 / 14.02.2022
22755
3 дақиқада ўқилади

Марҳаматдаги узрбозлик ортидан туман ҳокими ўринбосари ишдан олинди, ҳокимга ҳайфсан берилди

Шуҳратбек Абдураҳмонов Марҳамат туманидаги ҳолат бўйича масъулларга қандай жазо берганини айтган. Туман ҳокими энди олти ой давомида ҳеч қандай рағбат пуллари олмайди.

14 феврал куни ўтказилган “Ҳокимлик соати” йиғилишида вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов Марҳамат туманидаги ўқитувчиларни ота-оналар мажлисида узр сўрашга мажбур қилганларга қандай жазо берганини эълон қилди. Бу хабарни Kun.uz’нинг бир нечта манбаси тасдиқлади.

Қайд этилишича, ҳолат юзасидан туман ҳокими ўринбосари Мухтор Қурбонов лавозимидан озод қилинган.

Марҳамат тумани ҳокими ўринбосари Мухторжон Қурбонов

Туман ҳокими Бобур Йўлдошев эса ҳайфсан интизомий жазосини олган ва олти ой давомида ҳеч қандай рағбат пуллари олмаслиги таъкидланган.

Марҳамат тумани ҳокими Бобур Йўлдошев

Марҳаматда нима бўлганди?

Kun.uz сайтига келган мурожаатга кўра, 4 февраль куни Андижон вилояти Марҳамат тумани 72-ИДУМ ўқитувчилари ўқувчиларнинг олийгоҳларга кириш кўрсаткичи пастлиги учун ота-оналар қаршисида кечирим сўрашга мажбур қилинган.

Манба сўзларига кўра, директор бошчилигида саҳнага чиқариб қўйилган ўқитувчилар ҳокимлик вакиллари топшириғига биноан бош эгиб, «биз айбдормиз», деб ота-оналардан кечирим сўрашган.

Рўй берган воқеа ортидан Андижондаги масъул шахслар бирин-кетин муносабат билдиришиб, педагоглардан узр сўрашди. 

Халқ таълими вазирлиги узрбозлик йиғилиши бўйича ўтказилган текшириш жараёнида тўпланган материалларни Бош прокуратурага юборган.

Kun.uz суриштирувида мактаб директори туман ҳокими ўринбосарига асосланган ҳолда бу ташаббус муаллифи туман ҳокими эканини айтган эди. Буйруқни ҳоким берганини вилоят ХТБ бошлиғи ҳам тасдиқлаганди.

Йўлдошевнинг ўзи ўқитувчилардан узр сўраб қилган чиқишида гарчи айбни бўйнига олмаган бўлса ҳам, бунақа вазиятларда айтиладиган “айбдорларни топиб, қатъий чора кўрамиз” деган гапни гапирмаганди. У Kun.uz'га берган интервюсида мактаб жамоаси ва ота-оналар ҳамкорлигини кучайтириш учун тадбирлар ўтказишга топшириқ берганини тан олди, лекин айнан узр сўраттириш ташаббуси ундан чиққанини рад этди.

Шу тариқа, ҳоким, бир тарафдан, бунақа буйруқ бермаганини айтган бўлса, бошқа тарафдан унда бу буйруқни ким берган деган саволга жавоб бермаган эди.

Мавзуга оид