Ўзбекистон | 13:57 / 14.02.2022
43456
2 дақиқада ўқилади

Наманган вилояти ИИБга янги бошлиқ тайинланди

Самарқанд вилояти ИИБнинг собиқ бошлиғи Наманган вилояти ИИБ раҳбарлигига ўтказилди. Наманган ИИБнинг аввалги раҳбари президент видеоселекторида ишдан олинганди.

Бугун, 14 февраль куни Наманган вилояти ҳокимлиги мажлислар залида Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов ва вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқов иштирок этди.

Унда ташкилий масала кўриб чиқилди. Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар беришича, йиғилишда ички ишлар вазири буйруғи билан Одил Эргашевич Отахўжаев вилоят ИИБ бошлиғи лавозимидан озод этилгани маълум қилинди ва Шавкат Наврўзович Раҳмонов Наманган вилояти ички ишлар бошқармасининг янги бошлиғи сифатида таништирилди.

Эслатиб ўтамиз, 2017 йил ноябридан буён Наманган вилояти ИИБ бошлиғи лавозимида ишлаган Одил Отахўжаев 2022 йил 11 февраль кунги видеоселекторда ишдан олинганди.

Бу сўнгги кунларда учинчи вилоятда ИИБ бошлиғи ўзгаришидир.

12 февраль куни 2020 йил январидан буён Фарғона вилояти ИИБ бошлиғи лавозимини эгаллаган Дониёр Тошхўжаев лавозимидан олиниб, унинг ўрнини Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғининг биринчи ўринбосари лавозимида хизмат қилиб келган Муҳиддин Жўраев (у муқаддам Ички ишлар вазири ўринбосари бўлган, 2020 йил февралидан сентябригача Фарғона вилояти Қўқон шаҳри ИИБда ишлаган) эгаллади.

Шу куни 2019 йилнинг июнидан буён Самарқанд вилояти ИИБни бошқариб келган Шавкат Раҳмонов бошқа ишга ўтаётгани муносабати билан лавозимдан озод этилиб, унинг ўрнига Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири Раҳмат Маматов тайинланди.

2019-2020 йилларда Ички ишлар вазири ўринбосари бўлган Дониёр Тошхўжаевнинг кейинги фаолияти ҳақида ҳозирча маълумот берилмади.

Мавзуга оид