Жаҳон | 13:00 / 14.02.2022
23030
2 дақиқада ўқилади

Пентагон АҚШ аскарлари Украинада жанг қилмаслигини тасдиқлади

Америкаликлар ҳарбий ҳаракатларда ҳам, америкаликларни бу мамлакатдан эвакуация қилишда ҳам иштирок этмайди. Аввалроқ Байден агар АҚШ ва Россия бир-бирига ўқ отса, бу «жаҳон уруши»га айланишини айтганди.

Фото: Andreea Alexandru / AP

АҚШ ҳарбийлари Украинадаги ҳарбий ҳаракатларда иштирок этмайди. Бу ҳақда MSNBC телеканали эфирида Пентагон вакили Жон Кирби маълум қилди.

«Президент [Жо Байден] америкалик ҳарбийлар Украинада жанг қилмаслиги тўғрисида аниқ кўрсатма берган», — деган у.

Кирби америкаликлар ҳарбий контингентидан АҚШ фуқароларини Украинадан эвакуация қилишда фойдаланиш ҳам «ҳисоб-китоблардаги хатолик хавфи ҳамда Россия ва Америка қуролли кучлари ўртасидаги тўқнашув рискини ошириши»ни қўшимча қилган ва бу эса Украинадаги вазиятни янги босқичга олиб чиқишини таъкидлаган.

Февраль ойи бошида Кирби америкалик ҳарбийлар Украинадаги ҳарбий ҳаракатларда иштирок этмаслиги, Шарқий Европага йўлланаётган қўшимча контингентларнинг мақсади — ««НАТО бўйича иттифоқчиларнинг мудофаасини қўллаб-қувватлаш» эканини қайд этганди.

11 февраль куни президент Жо Байден америкалик ҳарбийлар воқеаларнинг ҳар қандай ривожида фуқаролар эвакуацияси учун Украинага киритилмаслигини маълум қилганди. «Агар америкаликлар ва руслар бир-бирини ота бошласа, бу жаҳон уруши бўлади», деганди президент.

Ўшанда у Украинада бўлиб турган америкаликларни мамлакатни тарк этишга чақириб, вазият «жуда тез назоратдан чиқиб кетиши» мумкинлигини айтганди.

12 февраль куни Вашингтон Украина қуролли кучлари аскарларини ўқитиш билан машғул бўлган 150 нафар америкалик ҳарбийларни уйга қайтариш бўйича кўрсатма берди.  Кирби бу ҳаракатни ҳарбийларнинг «қайта дислокацияси» деб атаганди.

«Шахсий таркибимизнинг хавфсизлиги ва ҳимояси — биринчи даражали ташвиш. Биз аввалгидек Украина Қуролли кучлари билан муносабатларимизга содиқмиз», дея қайд этганди Кирби. 

Шу билан бирга АҚШ Украина атрофидаги кескинлик ўсиши фонида Шарқий Европага қўшимча куч ташлашда давом этмоқда. 2 минг аскар Америкадан Польшага, Германиядаги базада турган 1 минг ҳарбий Руминияга йўл олиши кўзда тутилган.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид