Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Диний қўмита диний масалаларга муносабат билдиришда демократик тамойилларни ёдда тутишни сўради
Дин ишлари бўйича қўмита айрим диний соҳа соҳа вакиллари Ўзбекистоннинг дин соҳасидаги давлат сиёсатини нотўғри тушуниши ва баҳолашини, янгиликларни ўз манфаатларига мослаб талқин қилишини таъкидлади. Аввалроқ, Адлия вазири Русланбек Давлетовнинг «одамларга дўзахга кириш-кирмаслик танловини ўзларига қўйиб беринглар» деган сўзлари ижтимоий тармоқда мунозараларга сабаб бўлганди.
Дин ишлари бўйича қўмита ижтимоий тармоқларда диний масалалар бўйича муносабат билдиришда демократик тамойилларни ёдда тутишни ҳамда шахсий қарашларини оммавий муносабат сифатида талқин қилмасликни сўради.
«Афсуски, охирги вақтда ижтимоий тармоқларда баъзи мутаассиб шахслар, айрим ҳолларда эса диний соҳа вакиллари томонидан ҳам Ўзбекистоннинг дин соҳасидаги ягона давлат сиёсатини нотўғри тушуниш ва баҳолаш, янгиликларни ўз манфаатларига мослаб талқин қилиш, воқеликни бўрттириб кўрсатиш, инсонлар фикрида нохолис муносабатни шакллантиришга бўлган уринишлар кузатилмоқда.
Биринчидан, шуни унутмаслик керакки, биз дунёвий, ҳуқуқий демократик, кўп миллатли ва турли конфессияли жамиятда яшаймиз.
Иккинчидан, «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонунда ҳеч қайси динга ёки диний эътиқодга бошқаларига нисбатан бирор имтиёз ёки чеклашлар белгиланишига йўл қўйилмаслиги қатъий белгилаб қўйилган.
Учинчидан, турли миллат ва конфессия вакиллари истиқомат қиладиган жамиятда қонун билан ўрнатилган ва ижтимоий келишув асосида тартибга солинадиган муносабатларга қарши ҳар қандай турдаги ножоиз хатти-ҳаракат, гап-сўз ва саъй-ҳаракат – турли динларга эътиқод қилувчи аҳоли орасида тушунмовчиликлар юзага келишига ҳамда дискриминация ва турли муаммолар келиб чиқишига сабаб бўлиши мумкин», дейилади қўмита муносабатида.
Қўмита қонун устуворлиги ҳақида эслатган расмий шахсларга диний соҳа вакиллари турли муносабат билдираётгани, Адлия вазирлиги Ўзбекистонда диний ташкилотларни рўйхатга олиш ва қонунчилик талабларига риоя этилишини назорат қилиш бўйича ваколатли орган эканини таъкидлаган.
Шунингдек, «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонуннинг бешинчи ва еттинчи моддаси талаблари эслатилган.
«Қонуннинг бешинчи моддасида қуйидагилар келтирилади: фуқароларнинг динга муносабатидан қатъи назар, диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўймаган ҳолда, уларнинг виждон эркинлигига бўлган ўз ҳуқуқларини амалга ошириши учун тенг шарт-шароитлар яратиш, шунингдек, жамоат тартибига, Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг соғлиғи ва ахлоқига, ҳуқуқ ва эркинликларига таҳдид солувчи диний ғоялар ҳамда қарашларнинг сингдирилиши ва тарқатилишига қарши курашиш қатъий белгилаб қўйилган.
Шунингдек, мазкур қонуннинг 7-моддасига биноан, давлат турли динларга эътиқод қиладиган ва уларга эътиқод қилмайдиган фуқаролар, турли динларга мансуб диний ташкилотлар ўртасида ўзаро муроса ва ҳурмат ўрнатилишига кўмаклашади, диний ақидапарастлик ҳамда экстремизмга, муносабатларни қарама-қарши қўйиш ва кескинлаштиришга, турли конфессиялар ўртасида адоватни авж олдиришга қаратилган хатти-ҳаракатларга йўл қўймайди.
Хулоса ўрнида, фуқароларимиздан диний мавзу ўта ҳассос эканини эътиборга олиб, интернет ва ижтимоий тармоқларда диний масала ҳамда давлатнинг дин соҳасидаги позициясига муносабат билдирганда холис бўлиш, айни вақтда, давлатнинг дунёвий демократик тамойилларини қатъий ёдда тутган ҳолда шахсий қарашларини оммавий муносабат сифатида талқин қилмасликларини сўраб қоламиз», дейилади қўмита расмий муносабатида.
Жорий йил 7 февраль куни жамоатчиликка йиллик ҳисобот берган адлия вазири Русланбек Давлетов диний ташкилотлар баъзи ходимларининг фикрлари жамиятда муҳокамаларга сабаб бўлаётгани ҳақида гапирган эди.
[… Диний ташкилотларнинг айрим вакиллари чиқиб у ишни қилса бундай бўларкан, бу ишни қилса бундай бўларкан, маълум бир вилоятдагилар бундай деган гапларига ҳуқуқ нуқтаи назаридан чидаб туролмаймиз. Бу мумкин эмас. Биринчидан, бу жамиятимизда бўлинишга олиб келади, иккинчидан, диний ташкилотларнинг бундай ихтилоф қилишга ҳаққи йўқ.
…Биз мана шу сигнал билан барча диний ташкилотларга, ҳамма домлаларимизга етказиб қўймоқчимизки, Адлия вазирлиги сифатида бу фаолиятни назорат қиламиз. Бу борада тақдимномалар ҳам киритиб жуда фаол ишлаймиз. Чунки жамиятимизни бу борада ҳеч қачон бир жойга олиб келиб бўлмайди, ҳамманинг ўз фикри бўлади, бу бўлинишга олиб келаверади. Шунинг учун қонунларда «ҳамма ўзи ҳал қилади», дейилган.
Мавзуни Девид Фриман деган олимнинг фикри билан якунламоқчиман. У «Одамларга дўзахга кириш-кирмаслик танловини ўзларига қўйиб беринглар» деган. Буни жуда катта олимлар бекорга айтмаган, жамият ривожланиши учун жуда катта аҳамиятга эга», деганди вазир.
Шундан сўнг, унинг гаплари ижтимоий тармоқда муҳокамаларга сабаб бўлди. Баъзи диний уламолар, хусусан Мубашшир Аҳмад ва Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Раҳматуллоҳ Термизий вазирнинг сўзларига муносабат билдирди.
Тошкент шаҳар бош имоми халқ худбинлик жамиятида эмас, давлат раҳбарининг сиёсатига асосланган фуқаролик жамиятида яшаётгани, бу жамиятда яхшиликка чақириб, ёмонликдан қайтарилишини таъкидлаган. Шунингдек, у бу гаплар давлатнинг дин борасидаги сиёсати эмас, балки бир вазирликнинг позицияси эканлигини айтганди.
Бунга қадар интернет тармоқларидаги кескин чиқишлари фуқаролар, айниқса, Хоразм вилоятида истиқомат қилувчиларнинг эътирозларига сабаб бўлгани айтилган масжид имом ноиби Солихон Ортиқхўжаев ишдан бўшатилгани хабар берилган эди.
Мавзуга оид
11:28 / 08.04.2025
Коррупциявий жиноятлар Адлия вазирлиги тизимида 22 фоизга, ҳокимликларда 43 фоизга камайди – Антикоррупция агентлиги
10:10 / 04.04.2025
Тасвирга олиш учун розилик олиш талаби ОАВ фаолиятига қандай таъсир қилади? Адлия вазирлиги изоҳи
16:09 / 18.03.2025
Адлия вазирига янги ўринбосар тайинланди
16:18 / 07.03.2025