Жаҳон | 11:49 / 16.02.2022
50122
4 дақиқада ўқилади

«Сиз бизга душман эмассиз». Байден россияликларга мурожаат қилди

Байден россияликлардан АҚШ ва НАТОдан қўрқмасликни сўради.

Фото: Reuters

АҚШ ва НАТО россияликларга таҳдид солмаяпти ва Россияни беқарорлаштирмоқчи эмас. Бу ҳақда Украина атрофидаги вазият бўйича чиқишида АҚШ президенти Жо Байден маълум қилди. Унинг нутқи Оқ уй матбуот хизмати томонидан трансляция қилинди.

«АҚШ ҳам, НАТО ҳам Россия учун хавф солмаяпти. Бизнинг ҳаракатларимиз Россия фуқароларига қарши қаратилмаган, Россияни беқарорлаштиришга уринмаяпмиз. Россия фуқаролари, сиз бизга душман эмассиз. Мен сизлардан кимдир тарихий ва маданий ришталар мавжуд бўлган Украинага қарши қонли ва вайронкор уруш бошланишини хоҳлашига ишонмайман. 77 йил муқаддам бизнинг халқларимиз тарихдаги энг қўрқинчли урушга якун ясаш учун елкама-елка жанг қилганди», — деган Байден.

У АҚШ ва Ғарб Россияга қарши санкциялар киритишга тайёр турганини айтди. «Биз Россияни иқтисодий ва стратегик пландаги рақобатбардошликдан маҳрум қилувчи узоқ муддатли оқибатларга олиб келадиган чоралар кўрамиз», — дея огоҳлантирган ва босқин рўй берса, «Шимолий оқим-2» ишга тушмаслигини қайд этиб. Москвага қарши чоралар руслар АҚШга билвосита таҳдид солса ҳам, масалан, Америка компанияларига қарши киберҳужумлар қилинса ҳам қўлланиши маълум қилинган.

Шу билан бирга АҚШ президенти Россия Украинага бостириб кириш эҳтимоли сақланиб қолаётганини айтган. Унинг маълумотларига кўра, ҳамон Украинани 150 мингдан ортиқ қўшин қуршаб турибди.

«Факт фактлигича қолади: ҳозирда Россия Украина чегаралари яқинида 150 минг қўшин билан турибди», — деган у.

РФ мудофаа вазирлигининг россиялик ҳарбийларнинг бир қисми Украина чегаралари яқинидаги машғулотлардан ортга қайтарилаётгани ҳақидаги баёнотига изоҳ бераркан, Байден АҚШ ҳали бу маълумотни текшириши кераклигини айтган. «Бу яхши бўларди, аммо бунга ҳали ишончимиз комил эмас», — деган у.

Байденнинг сўзларига кўра, Вашингтон воқеаларнинг ҳар қандай ривожига тайёр: дипломатияга ҳам, ҳужум рўй берган тақдирда унга қатъий жавоб қайтаришга ҳам, жумладан санкциялар орқали. 

«Украинага ҳужум ўз оёғига ўқ узиш билан тенг ҳаракат. Ғарб бирлашади», деган Байден.

У АҚШ ҳамон дипломатия тарафдори экани ва инқироздан тинч йўл билан чиқиш мумкинлигига ишонишини қайд этган.

«Россия ва АҚШ олдида танлов бор. Уруш эмас, дипломатия танлови. Муваффақиятга эришиш [вазиятни барқарорлаштиришда] учун биз барча имконни дипломатияга қаратишимиз керак», — деган Байден.

  • 2021 йил кузидан Россия Украина чегаралари яқинида қўшин тўплай бошлади, шу туфайли Ғарб давлатлари босқин эҳтимоли ҳақида гапира бошлади. РФ ҳукумати ҳарбийларнинг чегарага сурилишини машғулотлар билан изоҳлади ва кимгадир ҳужум қилиш нияти йўқлигини айтди.
  • ОАВнинг ёзишича, Америка разведкаси ва ҳарбийлар НАТО давлатларини эҳтимолий ҳужум 16 февраль куни бошланиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган. Шу билан бирга АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан АҚШ ҳужум санасини аниқ айта олмаслигини билдирган.
  • Инқироз фонида АҚШ, Буюк Британия, Нидерландия ва бошқа кўплаб давлатлар ўз фуқароларини Украинага бормаслик ва у ерни тарк этишга чақирган.

Мавзуга оид