Ўзбекистон | 10:41 / 17.02.2022
3270
3 дақиқада ўқилади

«Мансабдор шахсларга 52 та жиноят иши қўзғатилди» - Хоразм вилояти прокурори ҳисобот берди

Хоразм вилоятида 2021 йилда мансабдор шахсларга нисбатан 52 та жиноят иши қўзғатилиб, уларнинг 48 таси бўйича 56 нафар шахс жиноий жавобгарликка тортилган.

Фото: Хоразм вилояти прокуратураси

Хоразм вилояти прокурори Ботир Қудратхўжаев қонун устуворлигини таъминлаш, қонунийликни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, жамият ва давлатнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш борасида 2021 йилдаги фаолияти юзасидан халқ депутатлари Кенгашида ҳисобот берди.

Ҳисоботда қуйидаги маълумотлар келтирилган:

Йил давомида назорат соҳасида ўтказилган 198 та текшириш натижасида аниқланган 762 та қонун бузилишлар юзасидан 599 та прокурор назорати ҳужжатлари қўлланилган, 423 нафар шахс интизомий, маъмурий ва моддий жавобгарликка тортилган.

22 мингга яқин шахснинг, шундан 21702 нафар вояга етмаган шахснинг ҳуқуқлари тикланган.

195 нафар масъул интизомий ва маъмурий жавобгарликка тортилган, 6 млн сўм зарар ихтиёрий ундирилган, жиддий қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан 22 та жиноят иши қўзғатилиб, 80 нафар шахснинг бузилган ҳуқуқлари тикланган.

Терговга қадар текширув, суриштирув ва дастлабки тергов ўтказишда қонунчиликка риоя этилишини таъминлаш мақсадида прокуратура органларида 401 та жиноят иши тергов қилиниб, 279 нафар шахсга нисбатан 206 та жиноят иши судларга юборилган, улар бўйича 19,6 млрд сўм зарар ундирилган.

Суриштирув ва тергов органларининг 1740 нафар шахсга нисбатан 1396 та жиноят иши ўрганилиб, судларга юборилган. Қонунга зид бўлган 1440 та процессуал қарорлар, шу жумладан, терговни тўхтатиш тўғрисидаги 31 та, жиноят ишини тугатиш ҳақидаги 52 та, жиноят иши қўзғатишни рад этиш тўғрисидаги 1357 та қарорлар бекор қилинган, шундан 214 таси бўйича жиноят иши қўзғатилган. Зарур процессуал ҳаракатларни ўтказиш ҳақида 1653 та ёзма кўрсатмалар берилган.

Коррупцияга қарши курашиш соҳасида мансабдор шахсларга нисбатан 52 та жиноят иши қўзғатилиб, уларнинг 48 таси бўйича 56 нафар шахс жиноий жавобгарликка тортилган.

Суд ҳужжатлари ижросини таъминлаш борасида 790 млрд сўм қарздорлик ундирилган. Давлат фойдасига 348 млрд сўм ундирилиши таъминланган.

Тадбиркорларни қўллаб – қувватлаш, уларнинг фаолиятига тўсиқ бўлаётган омилларни бартараф этиш, мамлакатда қулай бизнес муҳитини яратиш мақсадида 1540 та тадбиркор ва инвесторларга, шу жумладан 643 нафарига кредит, 31 нафарига ер майдони, 9 нафарига бино ажратилишида, 341 нафарига коммуникация тармоқларига уланишида, 76 нафарига лицензия ва рухсатномалар берилишида амалий ёрдам кўрсатилган. 

«Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастури доирасида маблағлардан оқилона ва самарали фойдаланиш устидан тизимли назорат ўрнатилган. Дастурдаги вазифалар учун жами 1 трлн 469 млрд сўм маблағ ажратилган, бугунги кунда барча манбалар ҳисобидан 1 трлн 126 млрд сўмлик (77 %) қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилган.

Мавзуга оид