Украина инқирози: Байден Путин ҳужум қилишга қарор қилиб бўлганини айтди
АҚШ президенти Жо Байден разведкага асосланган ҳолда Владимир Путин Украинага янги босқин бошлаш бўйича қарор қабул қилиб бўлгани ва бу яқин вақтлар ичида Донбассдаги геноцид баҳонаси остида бошланиши ҳақида айтиб ўтди.
«Энди мен у [Путин] қарор қабул қилиб бўлганига [Украинага янги босқин бўйича] аминман», - деди АҚШ президенти. Унинг ҳисоблашича, ҳужум яқин ҳафта ичида ёки бир неча кундан кейин рўй бериши мумкин.
«Бизнинг ҳисоблашимизча, Украина пойтахти, Киев уларнинг нишонида бўлади. 2,8 миллион бегуноҳ инсонлар яшайдиган шаҳар. Биз можаро истаётганимиз учун эмас, Россияни босқиндан тийиш учун унинг режалари ҳақида доимий равишда гапириб келмоқдамиз», дея қўшимча қилган у.
Журналистнинг можарони ҳал қилиш бўйича дипломатик саъй-ҳаракатлар эҳтимоли тўғрисида берган саволига жавобан Байден бундай эмаслигини айтган.
«Ҳозирча у босқин бошламади, ҳали дипломатик ечим учун имкон бор», - деган у. Байденнинг қўшимча қилишича, агар Украинага нисбатан ҳарбий ҳаракатлар Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг америкалик ҳамкасби Энтони Блинкен билан 24 февралга белгиланган учрашувига қадар бошланиб кетса, бу «дипломатия учун эшик ёпилгани»ни англатади.
Байден Оқ уйда журналистлар олдида чиқиш қилишидан олдин телеконференция орқали АҚШ иттифоқчилари, жумладан Франция, Британия, Германия, Польша ва Руминия раҳбарлари билан боғланган.
New York Times Давлат департаментидаги аноним манбасига асосланиб ёзишича, онлайн учрашувда Донбасс аҳолисининг Россияга «эвакуация» қилиниши масаласи муҳокама қилинган.
Байден рўй бераётган воқеаларни «Россиянинг ёлғон ва дезинформация орқали бу можарода агрессор ҳисобланишидан эътиборни чалғитишга қаратилган навбатдаги уриниши» деб атади.
Британия элчихонасини Львовга кўчиради
Россияликларнинг Киевга тўғридан тўғри ҳужуми эҳтимоли ҳақидаги баёнотлардан бироз олдинроқ Британия пойтахт шаҳардаги элчихонаси ходимлари Украина шарқидаги Львов шаҳрига кўчирилиши ҳақида маълум қилди.
«Британиянинг Киевдаги элчихонаси офиси вақтинча кўчирилади. Британия элчихонаси ходимлари Львовда ишлаб туради», - дейилади Британия ҳукумати сайтида.
Британия ўз фуқароларига тижорий рейслар учиб турганидан фойдаланиб, Украинани тарк этишни тавсия қилмоқда.
14 февраль куни АҚШ Киевдаги элчихонада қолган ходимлар Львовга кўчирилиши ҳақида эълон қилганди - муҳим функцияларни бажармайдиган ходимлар АҚШга қайтарилган.
Германия ва Франция ташқи ишлар вазирлари Анналена Бербок ва Жан-Ив Ле Дриан жума куни кечқурун қўшма баёнот беришди, унда ўзини ўзи мустақил деб эълон қилган ЛХР ва ДХРнинг ҳаракатлари, жумладан аҳолини Россияга эвакуация қилиш Украинага бостириб кириш учун баҳона тайёрлаш бўлиши мумкинлиги таъкидланган.
«Бу саҳналаштиришдан ҳарбий эскалация учун фойдаланишлари мумкинлиги бизни ташвишга солмоқда», деган вазирлар.
«Биз Донецк ва Луганскдаги ўзини ўзи мустақил деб эълон қилган «халқ республикалари»нинг Украина ҳужуми хавфи туфайли маҳаллий аҳолини Россияга эвакуация қилиш тўғрисидаги эълонига эътибор қаратдик. Биз бундай тахмин учун ҳеч қандай асос кўрмаяпмиз ва Россияни ушбу тан олинмаган республикаларга таъсиридан фойдаланиб, тийилишга ва деэскалация учун ўз ҳиссасини қўшишга ундашга чақирамиз», - дейилган баёнотда.
Бундан аввалроқ Мюнхендаги хавфсизлик бўйича конференцияда чиқиш қилган Анналена Бербок Ғарб давлатлари, жумладан Германия ҳам Украинага ҳужум бўладиган тақдирда Россияга қарши жиддий санкциялар билан зарба беришда якдил бўлишини маълум қилганди.
«Биз, Германия, иқтисодиётда катта зарар кўришга тайёрмиз. Шу туфайли барча вариантлар - столда, жумладан «Шимолий оқим - 2», - деган Бербок.
Россия газини Германияга Болтиқ денгизи остидан етказиш учун мўлжалланган «Шимолий оқим» қувурининг иккинчи босқичи ҳам якунланган, аммо Германия ҳукумати томонидан сертификатланмаган ва фойдаланишга топширилмаган.
Урушга тайёргарлик сифатида кўрилаётган киберҳужумлар
Жума куни кечқурун Британия ва АҚШ ҳукуматлари 15-16 февраль куни Украина мудофаа вазирлиги ва мамлакатдаги давлат банкларига уюштирилган DDoS-ҳужумлар ортида Россия тургани ҳақида расман маълум қилишди.
«Ушбу ҳодиса учун ким жавобгар эканини очиқлаш қарори Буюк Британия ва унинг иттифоқчилари зарарли киберфаолликка тоқатсиз эканини англатади», - дейилган Британия ТИВ баёнотида.
Идора вакили Британия ҳукумати мазкур киберҳужумларга Россия ҳарбий разведкаси алоқадор деб ҳисоблашини маълум қилган.
15 февраль куни Украина мудофаа вазирлиги ўз сайти серияли DDoS-ҳужумларга учрагани ҳақида хабар берганди. Сайт фаолиятини тиклаш учун трафик АҚШдаги қўшимча ҳимоя сервиси орқали қайта йўналтирилган.
14 январга ўтар кечаси ҳакерлар Украина ҳукуматидаги кўплаб вазирликларнинг сайтларини бузиб кириб, уч тилда - украин, рус ва поляк тилларида таҳдидли мурожаатлар жойлаштиришганди. Хусусан, Вазирлар Маҳкамаси, ТИВ, спорт вазирлиги, энергетика вазирлиги, Аграр сиёсат вазирлиги, Фахрийлар ишлари бўйича вазирлик ҳамда Давлат ғазначилиги сайтлари ишламай қолганди. Шунингдек, давлат хизматлари портали ҳам ҳужумга учраганди.
Президент Жо Байден душанба куни иттифоқчилар билан учрашувда бошқа масалалар қаторида киберҳужумлар масаласини ҳам муҳокама қилганди. Кузатувчиларнинг қайд этишича, бундай ҳужумлар келгусида ҳам давом этади ва НАТОнинг бошқа давлатларигаҳҳам таъсир қилиши мумкин.
«Украинага киберҳужумлар кучайиши - бизнинг Россиянинг режалари ҳақидаги тасаввурларимизга мос келади ва Украинага бостириб кириш учун йўл очади», - деган New York Times учун интервьюда Байден маъмуриятининг хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосари Энн Нойбергер.
Россия ТИВ расмийси геноцид ҳақида гапирди
Россия ташқи вазирлиги расмийси Мария Захарова кечқурунги ток-шоу эфири вақтида Донбассда «маҳаллий аҳоли геноцид» қилинаётгани ҳақида гапирди.
«Энди эса Ғарбдаги ўзаро ҳамкор давлатлар, худди Псаки ва афсуски яна кўплаб бошқалар, ҳатто давлат раҳбарлари у ердаги вазият биз айтгандек эканига шубҳа қилишмоқда: [...] у ердаги вазият геноцидга ўхшамайди дейишмоқда. Йўқ, ўхшамайди, чиндан ҳам геноцидга ўхшамайди, балки геноциднинг ўзи. Ҳақиқийси», - деган Захарова НТВ телеканали эфирида.
У шундай давом этади: «Балки, худога шукрки, сон кўрсаткичлари бўйича, масалан, Африкадаги каби эмас, аммо, кечириб қўясиз, агар у ерда етти йилдан буён болалар, аёллар, тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлаётган бўлса, биз бундай параметрларга қараб баҳолашимиз керакми?»
АҚШдагилар Донбасс аҳолиси геноцидга учраётгани ҳақидаги баёнотларни Россиянинг Укранага бостириб киришга тайёрланишдаги пропаганда элементи сифатида кўришади. Сешанба куни Путин билан музокаралардан кейин Германия канцлери Олаф Шольц 1999 йилда Югославияда (Косовада) геноцид хавфи юзага келгани, шундан кейин вазиятга НАТО аралашгани ҳақида гапирганди.
«Бизнинг баҳоларимизга кўра, Донбассда бугунги кунда бўлаётган ишлар - геноцид», - дея фикр билдирганди Путин.
Кейинги куни Россия Тергов қўмитаси Донбассда ўтган йили «бешта оммавий қабр» аниқлангани ҳолати юзасидан жиноий иш очди. Қўмита маълумотига кўра, бу қабрларга Украина қуролли тузилмалари томондан йўлланган артиллерия зарбалари қурбони бўлган тинч аҳоли вакиллари кўмилган.
Мавзуга оид
00:35
«Европадаги исталган нишонни йўқ қила олади» – Путин «Орешник» яратувчилари билан учрашди
22:08 / 23.11.2024
Путин Курск областини қайтариш муддатини белгилади — Зеленский
17:55 / 23.11.2024
WSJ: Украина ўзининг баллистик ракетасини яратиш устида иш олиб бормоқда
13:12 / 23.11.2024