Жамият | 09:48 / 20.02.2022
11581
4 дақиқада ўқилади

Баҳор яқин, аммо водийдаги «метан заправка»ларда муаммо ўша-ўша...

Водий аҳли учун қиш доимо муаммоли фасл бўлган. Электр таъминотида узилишлар, уйни иситиш учун табиий газ муаммоси ҳамда ҳайдовчилар учун энг оғриқли масала ҳисобланган «метан заправка»лардаги узундан-узоқ навбатлар.

Тан олиш керак, бу сафарги куз-қиш мавсумида аввалги йилларга нисбатан электр таъминотида бирмунча ижобий ўзгариш бўлгани сезилди. Электр узилишидан зада бўлган фуқароларнинг шикояти аввалги йилларга солиштирганда камайди.

Лекин «метан заправка»лар билан боғлиқ муаммоларнинг ўша ердаги навбатлар сингари охири негадир кўринмаяпти...

Одамлар ўрганиб ҳам қолган: ҳар йили ҳаво ҳарорати кескин совиши олдидан автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчаларининг иш вақтига чекловлар жорий этилади. Куннинг кечки ва тунги вақтларида шохобчалар ишламайди.

Ҳозирга келиб кундуз кунлари ҳаво ҳарорати кўтарилди. Совуқ ҳаво ҳарорати нисбатан чекинди. Шунга қарамай водийдаги АГТКШларда ҳали ҳам чекловлар сақланиб қолмоқда.

Ҳар йили декабр ойи охиригача АГТКШларда узундан-узоқ навбатлар ҳосил бўлар, январ ойидан эса муаммо бартараф бўлиб, «заправка»лар одатдагидек иш режимида фаолиятини давом эттирарди. Лекин бу йилги куз-қиш мавсумида бундай бўлмади. Ҳадемай баҳор ҳам кириб келади. Ҳануз АГТКШларда навбат аригани йўқ, чекловлар олиб ташланмади.

19 февраль куни соат 15:00 лар атрофида ҳам Фарғона шаҳридаги аксарият «метан заправка»ларнинг эшиклари аллақачон беркитилганди. Киракашлик ортидан кун кўрувчи аксарият ҳайдовчилар иложсизликдан машинасини заправка эшиги ёнига қўйиб кетганди. Турнақатор навбатга дуч келмаслик учун АГТКШ ҳудудига бир кун аввал ташлаб кетилган машинани шохобчага олиб кириш осон. Эшик очилди дегунча энг аввало ичкарига улар киришади. 4-5 соатлаб навбат кутиб асаби бузилгандан кўра, таксичилар тутган йўл жўяли кўринди.

Шохобчалар тонгги соат 4:30-5:00 лар чамасида эшикларини очиши, соат 14:00 да эса беркилаётгани, машиналарга 160-170 атмосфера босимда газ тўлдирилаётгани маълум бўлди. Мана шу босимда газ тўлдириш учун ҳам соатлаб навбатга туришга тўғри келади.

Масаланинг бошқа бир томони. 19 февраль куни вилоятнинг аксарият туманларида ҳаво ҳарорати 13 даражагача кўтарилди. Лекин шунда ҳам «заправкалар» иш соати чеклангани, ишлаб турган пайтда ҳам соатлаб навбатлар ҳосил бўлганини кўриш мумкин.

Ўтган йили (январ ойи кириб келиши билан) ҳаво ҳарорати пасайиб кетган бўлса-да, чекловлар жорий қилинмаган эди. Бу ҳолат таъминотдаги аҳвол йилдан йилга ортга қараб кетаётганини англатмайдими?

Маълумотларга кўра, водийга кирадиган битта компрессордан хизмат қилаётган қувурлар Наманган, Андижон, кейин Фарғонага келади. Шу сабаб Фарғонада, яъни тизимнинг охиридаги ҳудудларда қишда босим паст бўлади.

Республика бўйича тўртта – Газли (Қашқадарё вилояти), Тошкент вилояти, Хўжаобод (Андижон вилояти) ва Сўх (Фарғона вилояти) йирик газ омборлари мавжуд.

Хўжаобод газ омбори водий вилоятларини тўлиқ газ билан таъминлаб бера олиши айтилади. Оҳангарон–Пунгон магистрал қувуридан, яъни Қамчиқ довонидан ўтган қувурдан кунига ўртача 19–20 миллион метр куб табиий газ водий вилоятларидаги истеъмолчиларга берилиши маълум қилинган.

Ҳар йили қиш мавсумида водий вилоятларидаги «метан заправка»ларида навбати келишини кутиб совуқда қалтираб ўтирган ҳайдовчилар ҳақида бот-бот материал тайёрланади. Бизни ўйлантираётгани — масалага дахлдор вазирлик ва ташкилотлар бу борадаги мавжуд муаммони бартараф қилиш учун қандай амалий ишлар олиб бораётганида. Нега аҳвол яхшиланиши ўрнига йилдан йилга ортга қараб кетмоқда?

Сарвар Зияев, журналист

Мавзуга оид