Ўзбекистон | 20:21 / 21.02.2022
39217
4 дақиқада ўқилади

Андижон шаҳар ҳокими Баҳром Ҳайдаров давлат манфаатларига 1,7 млрд сўм зарар келтирганликда айбланмоқда

Ер ажратиш билан боғлиқ қонунбузарликлар оқибатида Андижон шаҳар ҳокими Баҳром Ҳайдаров давлат манфаатларига 1,7 миллиард сўмдан ортиқ зарар келтирганликда айбланмоқда. Бир вақтнинг ўзида депутат ҳисобланган ҳокимни дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилиш бўйича Андижон вилояти прокуратураси томонидан Халқ депутатлари вилоят кенгашига тақдимнома киритилган.

Андижон шаҳар прокуратураси томонидан олиб борилаётган жиноий иш доирасида шаҳар ҳокими ва депутат Баҳром Ҳайдаровни терговга тортиш мақсадида Андижон вилояти прокуратурасига тақдимнома киритилди.

Маълум қилинишича, дастлабки тергов давомида шаҳар ҳокими ер ажратишга доир бир нечта қонун ва қонуности ҳужжатларини бузган ҳолда 2019-2020 йилларда давлат манфаатларига 1 миллиард 779 миллион сўм зарар келтирган. Тақдимномада ҳокимнинг ҳаракатларида жиноят аломатлари мавжудлиги сабабли жиноят ишига айбланувчи сифатида жалб этиш ва эҳтиёт чорасини қўллаш лозимлиги айтилади.

Бош прокуратуранинг Kun.uz’га маълум қилишича, Андижон шаҳар прокуратурасининг ушбу хати асосида 3 февраль куни Андижон вилояти прокуратураси томонидан Халқ депутатлари Андижон вилоят кенгашига тақдимнома киритилган.

Вилоят кенгаши «Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгаши депутатининг мақоми тўғрисида»ги қонун талабларига мувофиқ, депутатни дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилиш тўғрисидаги масала прокурорнинг тақдимномасига биноан халқ депутатлари Кенгаши томонидан ўн кун ичида ҳал этилиши керак.

Шунингдек, Кенгашнинг депутатни дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилишга розилик бериш масаласига доир қарори дарҳол тегишли прокурорга юборилиши айтилган.

Лекин орадан 18 кун ўтган бўлса-да, Халқ депутатлари Андижон вилоят кенгаши прокурор тақдимномасини кўриб чиқишга шошилмаяпти.

Бугунга қадар Андижон шаҳри ҳокимининг ноқонуний ер ажратгани, фуқароларни ҳақорат қилгани ва бошқа масалаларда қонунга зид хатти-ҳаракатлари жамоатчилик томонидан кескин қораланиб келмоқда.

Хусусан, 2021 йил май ойида Баҳромжон Ҳайдаров нақд учта меъёрий ҳужжатга зид равишда, таъсис этилганига энди 1 ой бўлган фирмага шаҳар марказидан 14 сотих ер участкасини тўғридан-тўғри бериб юборган. Унинг ҳаракатлари ер аукцион орқали сотилмагани учун президент қарорига, сотилган ер майдонида қурилиш қилиш Шаҳарсозлик кодекси ва Андижон шаҳар бош режасига зид бўлган.

2021 йил март ойида Андижон шаҳар ҳокими қарори билан ажратилган катта ер майдони бўлиб-бўлиб сотилгани ҳақида блогерлар томонидан туркум мақолалар эълон қилинган.

Шунингдек, 2021 йил 30 апрель куни бўлиб ўтган 19-сессияда шаҳар ҳокими Баҳромжон Ҳайдаровнинг шаҳарнинг Янги бозор ҳудудида «ELEVADA UT GROUP» МЧЖ томонидан 5 қаватли бино қуриш, лойиҳа-смета ҳужжатлари тайёрлашга рухсат бериш тўғриси»даги қарори депутатларнинг фаоллиги натижасида бекор қилинганди.

Бундан ташқари, Баҳромжон Ҳайдаров ўтган йили ноябрь ойида фуқарони ҳақорат қилгани ҳақида хабар берилганди.

Эслатиб ўтамиз, 2016 йилдан буён Андижон шаҳрига ҳокимлик қилиб келган Дилмурод Раҳматуллаев 2019 йил август ойи охирида лавозимидан озод этилган, унинг ўрнига Андижон вилояти ҳокимлиги молия бошқармаси бошлиғи сифатида ишлаб келган Баҳромжон Ҳайдаров вақтинчалик ҳоким вазифасини бажарувчи сифатида тайинланганди.

2019 йил 8 октябрдан Баҳромжон Ҳайдаров Андижон шаҳар ҳокими лавозимига расман киришган.

Баҳромжон Ҳайдаров 1972 йилда Қирғизистон Республикаси Ўш вилоятида туғилган, 1995 йил Андижон иқтисодиёт ва бошқарув институтини (сиртқи), 1998 йил Ўзбекистон Банк-молия академиясини (кундузги) тамомлаган.

1994 йилда Андижон вилояти ҳокимлиги молия бошқармасида иш бошлаган Баҳромжон Ҳайдаров 2017-2019 йилларда бошқарма бошлиғи сифатида фаолият кўрсатган. 

Мавзуга оид