Жаҳон | 16:22 / 21.02.2022
47901
12 дақиқада ўқилади

«Бизни ҳеч ким кутиб тургани йўқ». Донбассдан репортаж

Донбассда яшовчилар уруш эҳтимолига қандай қарамоқда?

18 февраль куни Донбассдаги вазият кескинлашиб, тан олинмаган ДХР ва ЛХР республикалари раҳбарияти аҳолини Россияга эвакуация қила бошлади, кейинги куни тонгда умуммиллий сафарбарлик эълон қилинди. Россия ҳудудига (асосан Ростов областига) 60 мингдан ортиқ киши эвакуация қилинган. Аммо Донбассда яшовчиларнинг кўпчилиги ўз уйларида қолишга қарор қилган. «Медуза» уларнинг айримлари билан гаплашди.

Донецк маркази, 2022 йил 19 февраль. Фото: AFP / Scanpix / LETA

Елена
Шахтёрск

Бизда сокинлик, жуда тинч. Фақат бугун Горловка томонда портлаш овозлари эшитилди. Аммо транспорт ишламоқда, барча коммуникация тизимлари ишламоқда, алоқа бор, интернет бор. Билишимча, Новоазовскда ҳам тун осуда ўтган — гарчи у ер фронт чизиғи яқинидаги шаҳар бўлса ҳам, ҳеч қандай отишмалар бўлмаган.

2014-2016 йилларда мен бу ердан кетмаганман, доим шу ерда бўлганман — ўша урушни бошдан кечирганман. 2014 йилда дўконлар ишламаган, транспорт юрмаган — бу икки ой давом этган. Шахтёрскда отишмалар бўлган. Ҳатто эрта тонгдан танклар жанги кузатилган [2014 йил июлида] — ўшанда украинлар танклари колоннаси ўққа тутилган, уларни шунчаки тарқатиб юборишганди. Умуман олганда, ўшанда воқеалар анча шиддатли кечган — устимиздан снарядлар учиб ўтган, ҳозир эса бундай эмас. 

Шахтёрскдаги шаҳар маъмуриятининг ёниб кетган биноси. 2014 йил 2 декабрда олинган сурат.
Валерий Шарифулин / ТАСС

[Ҳозир] кўпчиликка смслар келмоқда, хусусан барча эвакуация қилиниши кераклиги ҳақида. Ёш болалари борларга ва қарияларга қўнғироқ қилишмоқда [эвакуация ҳақида хабардор қилиш учун]. Бугундан болаларнинг ўқиши тўхтатилиши ҳақида фармон чиқди, яна уйда ўтирамиз.

Мобилизация туфайли айрим оналар ваҳимага тушган: «Ой, боламни олиб кетишларини хоҳламайман». Мен айтаман: «Бу боламнинг ҳуқуқи, истаса — марҳамат. Шундай бўлиши керак бўлса, шундай бўлақолсин». Менинг ўғлим — чақирув ёшида, у — резервист, бир неча бор машғулотларга борган. Мен у билан гаплашдим, унга повестка келгани борасида қизиқдим: у айтдики, ҳозирча ҳеч нарса йўқ. 

Донецкдаги чақирув пункти. 2022 йил 19 февраль
Александр Ермошенко / Reuters / Scanpix / LETA

Мен ўзим ҳеч қаерга кетишни истамайман. Бизни ҳеч ким кутиб тургани йўқ — ўзингиз биласизки, иш ҳам. Ҳеч ким кетишни истаётгани йўқ. Одамлар уруш бўлишига ишонмайди. Мен ҳам ишонмайман: қараб туринг, ҳеч нарса бўлмайди. Ишончим комил. Биз энди қўрқмаймиз, биз шунча йилдан бери барчасига кўникиб кетганмиз. 

Менимча, бунинг барчаси сиёсат. [Қачондир] Россия бизнинг республикаларни тан олишни хоҳларди. Кейин [президент Владимир] Путин деди: «Йўқ, йўқ, мен тан олмайман». Энди прецедент яратиш керак. Энди Украина ДХР ва ЛНРга ҳужум қилса, биз нима қилишимиз керак? Биз уларни таниймиз, чунки бу ерда кўпчилик — Россия паспортларини олишган.

Булар барчаси нега айнан ҳозир рўй бераётгани тушунарсиз. [Сўнгги йилларда] биз Украина билан ҳам, Россия билан ҳам тинч-тотув яшаб келаётгандик. Украинага хотиржам бориб келардик — муаммо бўлмасди, барчаси нормал эди. Фақат коронавирус бошланганида блокпостларимизни ёпишди, фақат ДХР штаби рухсати билан чиқиш мумкин эди, чиқиш учун рухсат олиш эса жуда қийин эди. Биз Россия орқали боришимизга тўғри келарди — мен бир сафар Киевга етиб бориш учун 28 соат сарфладим. 

[Менимча], Украина ҳужум қилмоқчи эмас [ЛХР ва ДХРга]. Мен кеча «Украина 24» орқали Украина янгиликларини кузатдим ва у ерда [халқ депутати Дмитрий] Разумков чиқиш қилди. У айтди: «Биз бундай қилмаймиз [ҳужум қилмаймиз], бу бизнинг ҳудуд, бизнинг одамлар». 

Аввалига барча Россия 16 февраль куни ҳужум қилишини кутаётганди. Менинг Украинада қариндошларим бор, улар ҳам қўрқишмоқда, чунки шундай ваҳима қўзғатишган. Айни вақтда биз ҳам бу ерда шундай ваҳима билан ўтирибмиз. Энди бизга Украина ҳужум қилар экан. Булар бари сиёсат, деб ҳисоблайман. Ҳеч нарса бўлмайди. Горловкадаги тунги отишмалар… Менимча, бу ДХР томонидан провокация.

Ҳақиқий ҳарбий ҳаракатлар бўлмайди, менга ишонаверинг. Мен тўлиқ ишонаман, бу шундай саҳна кўриниши. Яна бир ҳафта ва барчаси ўтиб кетади. ЛХР ва ДХРдаги картинка кўрсатилади ва бўлди.

Аммо, албатта, барча Россия бизни тан олишини истайди, чунки [масалан] у ҳолда банк тизими бутунлай бошқача ишлаган бўларди. Ҳозир барчаси қандайдир тушунарсиз. Агар бизни тан олишса, ўзгаришлар бўлиши мумкин. Ҳозир эса биз тан олинмаганмиз — худди Днестрбўйи каби.

Наталья Серегина
Донецк

Мен ҳеч қаерга кетмоқчи эмасман, чунки севгидан воз кечмайдилар… Мен, албатта, қолиш — қўрқинчли эмас дея олмайман. Фақат аҳмоқлар ва мақтанчоқ тентаклар қўрқмаслиги мумкин. Аммо қаерга қочасан? Бу ерда менинг кекса ота-онам, эрим, болаларим, қариндошларим, барчамиз шу ерда. [Қоламиз] қўрқув билан…

Менда урушнинг олдини олиш мумкинлигига аниқ ишонч йўқ. Барчаси бўлиши мумкин. Тинчлик бўлишига ҳаддан ташқари кўп ишониб юбориш ишонч оқланмаслиги билан тугаши ва одам иродасини йўқотиши мумкин.

Исталган вақтда барчаси режадан четга чиқиб кетиши мумкин. Аммо мен ўзимни ва болаларимни ҳеч қаерга кетмасликка кўндирдим. Биласизми, катта фарзандларим — давлат хизматчилари. Ахир улар ҳеч қаерга кета олмайди. Кенжам ҳам охиригача биз билан қоладиган бўлди.

Донецк, шаҳар маркази. 2022 йил 19 февраль. Фото: AFP / Scanpix / LETA

Денис
Донецк

Мен эвакуацияга қаршиман. Бу ер менинг ерим, у мени сақлайди.

Биз 2014 йилда ҳам ҳеч қаерга қочмагандик ва ҳозир ҳам қолишга қарор қилдик. Мен 45 ёшдаман, яқинда инфарктни бошдан кечирдим, стенокардия (юрак мускулларининг сиқилиши, шунинг натижасидаги оғриқ) бор, аммо агар ҳақиқий қирпичоқ бошланса, албатта, мен ҳатто паншаха билан бўлса-да, укрофашистларга қарши бораман. Ҳарбий ҳаракатлар бошланиб кетгудек бўлса, менинг асосий вазифам — ўз оиламни ва еримни ҳимоя қилиш бўлади.

Шаҳардаги ҳақиқий вазият ҳақида гапирсам, айтишим мумкинки, ҳақиқий ҳолат зомбиқутида айтишаётгани ва кўрсатишаётганидан бутунлай фарқ қилади. Кўпчилик кетишга тайёр эмас. Бу ерда 2014 йилдан буён яшаб келаётганлар бундан кейин ҳам яшашда давом этишади.

Евгений
Донецк

Мен чекка ҳудудда яшайман. Кеча тушдан кейин ва бугун — узроқроқда отишди. Мен шаҳардаги инфратузилмаларни ўзимизникилар миналаштирган деб ҳисоблайман. Менга улар ҳатто безовталанмаётгандек туюлмоқда. Ҳеч бўлмаса Голливуддан кимнидир ёллаш керак эди, ишонарли бирор нима ўйлаб топиш учун. Шаҳар марказида «УАЗик» портламоқда ва бу «УАЗик» полиция бошлиғиники эканини айтишмоқда — бу ҳатто кулгили эмас. Мен бирорта полиция бошлиғини «уазик»да кўрмаганман. Менимча, барчасини ДХР раҳбарияти қилмоқда. Украинага босқинига ишонаман, аммо бу Украинага эмас, бошқаларга керак.

Донецк марказида портлаган машина қолдиқлари. 2022 йил 18 февраль
Николий Тришин / ТАСС / Scanpix / LETA

Фаровон контингент — бизнесменлар, сиёсатчилар, бандитлар — барчаси бу ҳудудни 2014 йилда тарк этишган. Мен қолганман, менга энди нима бўлиши қизиқ эди. Аммо мен бу ҳукумат учун урушмайман. Мен ватан ҳимоясига бормайман, чунки мен бошқа мамлакатни ватаним деб биламан. Мен украин бўлиб туғилганман ва украин бўлиб ўламан, Россия паспортини олмайман. 

Умуман, «ҳукумат» — бу шу одамлар учун комплимент. Қандай қилиб таълим кўрмаган одамлар таълим кўрган одамларни бошқариши мумкин? [ДХРнинг собиқ раҳбари Александр] Захарченко ўзимизга ўхшаган одам эди — қора халқдан чиққанди.

[ДХРнинг ҳозирги раҳбари Денис] Пушилин эса, эслашингиз учун айтаман: 2010 йилда, мен «Донбасс Арена»да ишлаганимда, стадион ташқарисида МММ (молиявий пирамида) палаткаси турарди, Денис Владимирович эса кампирларнинг оёқ кийимини кийиб олиб, пулни қаерга қўйиш кераклиги ҳақида ваъз қиларди. Нима деб ўйлайсиз, бу унинг учун урушга боришга арзийдиган президентми? Бу республика эмас — бу ***** [ерунда].

Александр
Макеевка

2014 йил билан таққослайдиган бўлсак, ҳозирда жимлик, кўчалар тинч. Ҳа, портлатишмоқда, аммо қаердадир узоқларда. Одамлар ваҳимага тушмоқда, бозорга бормоқда, картошка ва макаронларни, нимага кўзи тушса, барчасини сотиб олмоқда. Ва гречка ҳам, гречка — энг асосийси.

2014-2015 йилларда мен Украина ҳудудига кетгандим, чунки ҳали нима бўлиши номаълум эди. Ҳозир эса кўникиб қолганман — майли, портлатишса портлатишсин.

Макеевкадаги ижтимоий ётоқхонада яшовчи киши. Бу ерда урушда уйи вайрон бўлган ёки яроқсиз ҳолатга келганлар яшайди. Донецк области, 2018 йил ноябрь. Фото: Михаил Терешченко / ТАСС

Эвакуация эълон қилишди. Айримлар негадир қаерларгадир жўнаб қолишди. Ишлайдиганлар эса ишини давом эттирмоқда. Ҳозиргача ҳам хавф мавжуд эди, аммо энди кетиш кераклигини айтиб ваҳима қўзғатишди.

Дўстларим ва танишларим шундай дейишмоқда: «Нима бўлибди. Қаерга? У ерда нима қиламиз?» Янгиликларни ўқисангиз, борганлар ёзишмоқда: «Биз келдик, автобуслар полида ўтирибмиз, ҳеч нарса беришмаяпти». Менимча, уйда қолган яхшироқ. Мен қолдим, эртага ишга чиқаман.

Қаерга борамиз? Майли бордик, дейлик. Бизни ким кутиб турибди? Ҳеч ким. Барча қариндошларимиз Украинада. Россияга бориш — тўрга илинадиган ҳеч нарса йўқ. У ердагиларга бизсиз ҳам қийин. Агар кичик шаҳарларни олиб қарасак — Москва ёки Питерни эмас — ундай шаҳарларда одамларнинг ҳаёти бизникидан яхшироқ эмас. Ҳеч қандай фарқи йўқ. 

[Шу билан бирга] бизда сўнгги йилларда барчаси янада ёмонлашди — йўллар, иш. Йўллар харобага айланган, одамлар ҳар куни ўтишади, ғилдираклар тешилади. Бу уруш туфайли эмас, бошқарувнинг аҳволи шу. Ҳокимият тепасидаги одамлар — ўз ҳамёнини пулга тўлдириш билан банд. 

Мен ҳарбий хизматга чақирилганман. Ҳозир уйма-уй юриб, повестка беришаётган экан, аммо ҳозирча меникига ҳеч ким келмади. Мен уруш қилишни истамайман. Буни керак эмас деб ҳисоблайман. Одамлар ҳокимиятни бўлишиш, чўнтакларини қаппайтириш билан овора. Кимгадир портфель [ва лавозим], кимгадир пуллар керак. Ҳозир ҳукумат тепасида турганлар аввал ҳеч ким бўлишган. Ҳозир уларда ваколат пайдо бўлган ва улар нимадир ўйлаб топишга ҳаракат қилмоқда. Ким урушга боришни истаган бўлса — аллақачон кетган. Ҳозирда армия — шунчаки пул ишлаш манбайи. 

Интернетда кўпчилик [ҳозирги вазиятни] 1941 ёки 1945 йил билан таққосламоқда. Ўшанда одамлар ватан учун жанг қилишган, немислар ҳужум қилишганди, ҳозир эса кимга қарши жанг қиласиз? Бошқа томондаги биродарлар ва опа-сингилларга қаршими? Украина ҳудудида кўпчиликнинг қариндошлари яшайди. Жуда кўпчиликнинг. Ҳа, балки, ҳамманинг. Урушга боришдан маъни йўқ.

Умумий кайфият шундай: «Бизни қаерга бўлса ҳам, қабул қилишсин». Россия қабул қилса ҳам — яхши, яшайверамиз. Украина қабул қилса — бу ҳам яхши. Ҳозир биз оралиқ ҳудуддамиз. У ерда [Россияда] яхшироқ, у ерда ҳам [Украинада] яхши. Ўзимизда эса, одатдагидек, ишлар чатоқ.

Мавзуга оид