Ўзбекистон | 16:54 / 21.02.2022
7723
3 дақиқада ўқилади

“Қурилиши тўлиқ якунланмаган биноларни қабул қилиш тақиқланган” – вазирлик Kun.uz мақоласига муносабат билдирди

Kun.uz сайтида “Жиззахда инвестиция мажбуриятини бажарган ёш тадбиркор «ГАСН» қаршилигига учради” сарлавҳали мақола эълон қилинган, унда 26 ёшли тадбиркор ишлаб чиқаришни йўлга қўйганда жиддий муаммога дуч келгани ҳақида сўз борганди. Қурилиш вазирлиги ўз сайтида ҳудудий “ГАСН” фикри асосида мазкур мақолага ўз муносабатини билдирди.

“Жиззах вилояти Зарбдор тумани “Дўстлик” МФЙ “Бўстон” шаҳарчасида яшовчи Анвар Бурҳоновнинг “Kun.uz” сайтига қилган мурожаати юзасидан Жиззах вилояти қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекциясининг расмий муносабати:

Вилоят қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекцияси томонидан бу мурожаат белгиланган тартибда ўрганиб чиқилганида қуйидагилар маълум бўлди: “GOLDEN KEY MATERIAL” МЧЖ томонидан Зарбдор тумани, "Шодлик" МФЙ ҳудудида омборхона биносини қайта ихтисослаштириш ва реконструкция қилиш объектида қурилиш-монтаж ишларини бошлаш ҳақида 2022 йил 14 январда ҳудудий инспекцияга хабарнома юборган.

Ҳудудий инспекция инспектори томонидан қурилиш объекти назоратини амалга ошириш учун объектга борилганда, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 18 майдаги 370-сон қарори билан тасдиқланган Қурилиш-монтаж ишларини бошлаш ҳақида хабарнома юбориш бўйича давлат хизматлари кўрсатиш маъмурий регламенти 3-банди талабига зид равишда (3.Қурилиш-монтаж ишларини хабарнома юбормасдан амалга ошириш тақиқланади.) қурилиш объекти 75–80 фоиз бажариб бўлингани ва тасдиқланган лойиҳа бўйича бажарилмаганлиги маълум бўлган ва ҳудудий инспекция томонидан бажарилган ишлар бўйича Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 20 августдаги 496-сон Қарори билан тасдиқланган маъмурий регламент талабига асосан бинонинг ҳолати юзасидан техник ўрганиш ўтказилиши бўйича кўрсатма берилган.

Жорий йилнинг 7 февраль куни тадбиркорлик субъекти томонидан объектда қурилиш-монтаж ишлари тўлиқ якунланмасдан фойдаланишга қабул қилиш мақсадида ҳудудий инспекцияга мурожаат юборилган.

Ҳудудий инспекция томонидан Вазирлар Маҳкамасининг 18.05.2018 йилдаги “Архитектура ва қурилиш соҳасида давлат хизматлари кўрсатишнинг айрим маъмурий регламентларини тасдиқлаш тўғрисида”ги 370-сон қарори билан тасдиқланган қурилиши (реконструкцияси) тугалланган бино ва иншоотларни фойдаланишга қабул қилиш бўйича давлат хизматлари кўрсатиш маъмурий регламенти 20-бандига асосан объект қурилиши (реконструкцияси)нинг тугалланмагани аниқланиши ёки шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига мувофиқ эмаслиги далолатнома лойиҳасини тайёрлаш ёки келишишни рад этиш учун асос бўлишлиги ҳамда ШНК 03.01.04-04 “Қурилиши тугалланган объектларни фойдаланишга қабул қилиш тартиби”да қурилиш объекти лойиҳа асосида тўлиқ якунлангандан сўнг фойдаланишга қабул қилиниши қатъий белгиланганлиги боис тадбиркорлик субъекти томонидан ҳудудий инспекцияга киритилган мурожаат белгиланган тартибда рад қилинган”, – дейилади муносабатда.

Муносабатнинг батафсил шакли вазирлик сайтида эълон қилинган.

Мавзуга оид