Ўзбекистон | 20:48 / 22.02.2022
35143
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистондаги митинглар сабаб 14 нафар ўзбекистонлик ҳибсга олинган. Ўзбекистон нота юборди

Қозоғистондаги тартибсизликлар вақтида 14 нафар ўзбекистонлик қўлга олинган ва улар тергов изоляторида сақланмоқда. Ўзбекистон томони Қозоғистон ТИВга бу борада тўлиқ маълумот бериш ҳамда консуллик учрашувини ташкил этишни сўраб тегишли нота юборган.

Фото: Tengrinews.kz

Қозоғистонда январь ойида юз берган оммавий тартибсизликлардан сўнг Ўзбекистоннинг 14 нафар фуқароси қўлга олинган ва ҳамон ҳибсда қолмоқда. Бу ҳақда Қозоғистон Республикасининг инсон ҳуқуқлари бўйича омбудсмани Элвира Азимовага асосланиб, Tengrinews хабар берди.

«Айни вақтда оммавий тартибсизликлар сабаб ҳибсга олинган ва тергов изоляторларида 18 нафар хориж фуқароси сақланмоқда. Уларнинг 14 нафари — Ўзбекистон, икки нафари — Россия, қолган икки нафари эса Қирғизистон фуқаросидир», деган омбудсман.

У ҳибсга олинганлар сақланаётган ёпиқ муассасалар мониторингини ҳам эълон қилган. Унга кўра, дастлабки кунларда вақтинчалик сақлаш изоляторлари ва қўлга олинганлар етказилган қўшимча биноларда ҳибсга олинганлар кўплиги туфайли ичимлик суви ва озиқ-овқатдан ўз вақтида фойдалана олмаслик ҳолатлари билан боғлиқ муаммолар кузатилган, кейинроқ вазият яхшиланган. 

Ўзбекистон ТИВ расмийси хабар беришича, Ўзбекистоннинг Нур-Султон шаҳридаги элчихонаси Қозоғистон ТИВига нота юборган.

«Ушбу хабарга ойдинлик киритиш учун Ўзбекистоннинг Нур-Султон шаҳридаги элчихонаси Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлигига ҳибсга олинган Ўзбекистон фуқаролари, улар сақланаётган жойлар, жавобгарликка тортилиш сабаблари тўғрисида тўлиқ маълумот бериш ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Қозоғистон Республикасидаги дипломатик ваколатхоналари ходимлари учун консуллик учрашувини ташкил этишни сўраб тегишли нота юборди», дейилади хабарда.

Ўзбекистоннинг Нур-Султондаги элчихонаси, шунингдек, Олма-ота ва Ақтау шаҳарларидаги Бош консулхоналар Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идораларининг жойлардаги вакиллари билан доимий алоқада бўлиб тургани қайд этилган.

Мавзуга оид